Инсон миясини чип орқали бошқариш мумкинми?

Инсон танасининг 2 фоизини ташкил этувчи ҳамда барча тана аъзоларини бошқарувчи орган — бу инсон миясидир. Инсон мияси оғирлиги ўртача 1300-1400 граммни ташкил этади ва тахминан 86 миллиард неурон деб аталувчи бир-бири билан ўзаро боғланган толалардан иборат. Мия тузилиши ҳақидаги қолган билимларимизни мустаҳкамлашни ҳурматли биологларимизга қолдирамиз ва ҳозир мияларни сунъий бошқариш ҳақида гаплашамиз.
Инсон танасига илк имплант тарихи йигирманчи асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади, аниқроғи олимлар Андре Жоурно ва Чарлз Эйриес 1957 йилда биринчи кохлеар мосламаси—эшитиш қурилмасини ихтиро қилишди. Ушбу оригинал ихтиро дизайни стимуляцияни битта канал орқали тарқатар эди. Яъни, муҳитдаги товуш каналларини битта каналга йиғиб, кучайтириб берар эди. Кейинроқ эса, 1961 йилда кашфиётчи олимлар Уилям Хаус, 1964 йилда Симмонс ва Робертлар ҳам кохлеар имплантни ихтиро қилдилар. 1969 йил - биринчи ‘кохлеар имплант—эшитиш мосламаси инсон танасига муваффақиятли имплантация қилинди. Ушбу мослама товушни кучайтириб, нейрон имплантларнинг имкониятларини ошириб берди. Бу эса ўз навбатида электрон чип имплантацияси учун дастлабки қадам бўлди. 1997 йили АҚШда Паркинсон касаллигини даволаш учун — “Deep Brain Stimulation” (Мияни чуқур стимуляция қилиш)га расман рухсат берилди.
Ҳозирга келиб эса бир неча йирик компаниялар "brain chip" имплант (инсон миясига чип имплантация қилиш) бўйича ақл бовар қилмас технологиялар устида ишлашмоқда. Ушбу соҳага энг йирик сармоя киритган ва ҳозирда ажойиб натижаларга эришган компаниялардан бири бу "Neuralink"дир.
"Neuralink" бир нечта ҳайвонлар миясига чип имплантацияси амалга оширган ва сўнгги тажрибалари кўзланган мақсадга деярли эришилганини маълум қилишди. Пажер лақабли маймун миясига чип имплантация қилингандан сўнг мустақил равишда видео ўйинлар ўйнаган. Компания асосчиси Илон Маскнинг сўзларига кўра, чип имплантацияси Паркинсон, Альцгеймер каби мия фаолияти бузилиши билан боғлиқ касалликларни даволашда ўта муҳим. Бу борада аллақачон бир қанча муваффақиятли тажрибалар ўтказилган.
"Neuralink"дан ташқари яна бир нечта компаниялар ўхшаш лойиҳалар устида илмий изланишлар олиб боришмоқда. Жумладан "Neurable" компанияси 2017 йилда дунёдаги биринчи мия орқали бошқарилувчи виртуал реалликдаги ўйинлари (“the world first brain-controlled virtual reality game”)ни ихтиро қилди. Бунда ўйин иштирокчилари компьютер қаршисида махсус минигарнитура (ElectroEncephaloGram — EEG headset) кийган ҳолда фақат ўй-хаёллари ва фикр орқали ҳеч қандай физик ҳаракатсиз монитордаги автомобилни бошқаришлари мумкин бўлган. Тасаввур қилиш осон бўлиши учун мисол сифатида компьютерда автопойгани ҳеч қандай ҳаракатсиз фақат фикрингиз билан бошқаришни кўз олдингизга келтиришингиз мумкин.
"NextMind" компанияси эса Artificial Intellegence алгоритмлари ёрдамида кўз қарашингиз йўналишида ҳаракатланиш ва соддароқ айтганда қарашлар орқали бошқариш лойиҳаси устида ишлар олиб бормоқда.
"BitBrain" ҳам мия билан боғлиқ технологиялар билан ишловчи компания. У неврология, Artificial Intellegence ва аппарат воситаларини бирлаштириб, юқори технологияли "EEG" мия сенсори қурилмалари ва бошқа турлардаги инсон мониторинги технологияларини, шунингдек, реал ҳаёт иловалари ва тадқиқотлари учун дастурий ечимларни ишлаб чиқаради. "BitBrain" Б2Б нейротехнология ечимлари учун жаҳон маълумотномаси сифатида тан олинган.
2010-йилда Испаниянинг Сарагоса университети тадқиқотчилари томонидан ишга туширилган "BitBrain" кўплаб замонавий қурилмалар ва мониторинг дастурларини таклиф этади.
Юқорида келтирилган компаниялар ва лойиҳалар устида бугунги кунда кўплаб олим ва ихтирочилар изланишлар олиб бормоқдалар. Ушбу тадқиқотлар яқин келажакда инсоният учун кенг кўламли янги имкониятларга эшик очишига ишонамиз.
Асадулла Ашуров,
PhD
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter