«Aйтмади деманг...» – Ўзбек аёллари уйда ўтириб ҳам кўп пул топа олади! (ВИДЕО)
Бугунги кунда IT соҳаси дунё бўйлаб шиддат билан ривожланиб борар экан, юртимизда ҳам ушбу соҳага бўлган эътибор тобора ортиб бормоқда. Aлбатта, ушбу йўналишда муваффақиятга эришган аёллар талайгина.
Янги, «Aйтмади деманг...» лойиҳамизга айнан IT соҳасида фаолият юритиб келаётган ва бу йўналишда бирмунча муваффақиятга эришган «айти»чи аёлларимизни таклиф қилдик ва IT соҳасини танламоқчи бўлганлар учун фундаментал маълумотларни беришга ҳаракат қилдик. Экспертлар эса шахсий тажрибаларидан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида фикр юритишди.
«IT соҳасини болаларга жуда кичик ёшлардан ўргатса бўлади, мантиқий фикрлашни ривожлантириш учун эса бошланғич дарсликларга шахмат фанини киритиш лозим. Негаки, айнан шахмат кейинчалик ITда катта ёрдам бериши мумкин», – дейди экспертлардан бири Мунира Бегмуратова.
«Мен эса боғча пайтидан ўрганса бўлади, деб ҳисоблайман. Фарзандимнинг беш ёшлигида Scratch номли мобил илова ёзиб берганман. Ўйин тарзидаги илова фарзандингизни қизиқтириш учун ва айниқса, ITга биринчи қадамни ташлаши учун жуда мос», – дейди Нилуфар Маҳмудова.
Ҳозирги кунда аёлларнинг IT соҳасидаги улуши тобора ортиб бораётганини таъкидлаган ҳолда, экспертларимиз мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтишди. Аксарият ҳолда бу – маҳаллий IT компанияларда иш берувчининг аёлларни ишга олишни хоҳламаслигидир. Бу ҳолда асосий эътибор мутахассиснинг билим даражасига эмас, балки оилавий шароитига эътибор берилиши таъкидланмоқда.
«Статистикага эътибор берадиган бўлсак, IT соҳасида ўқиётган қизларимиз сони 70/30 нисбатни ташкил этади. Яъни, 70 фоиз ўғил болалар, 30 фоизи эса қизлар. Аммо ўқишни тамомлаб, ушбу соҳада фаолиятини давом эттирган қизлар сони эса унчалик кўп эмас» – дейди, Дурдона Бахронова.
Қонунчиликда ҳам бир қанча ўзгаришлар кузатилиб, мутахассислар учун тўлақонли иш шароитини ташкил этиш учун имкониятлар яратилмоқда. IT компаниялар бир қанча солиқлардан озод қилинди ва давлат томонидан субсидиялар ажратилмоқда. Қонунчиликка яна қандай қўшимчалар киритса бўлади?
Бу лойиҳани бошлашдан аввал хотин-қизлар ўртасида кичик бир сўровнома ўтказган эдик, маълум бўлдики, уй бекалари орасида ҳам IT соҳасига қизиққан ва уни ўрганишни истаганлар талайгина, аммо улар бу соҳани ўрганиш учун кўп маблағ талаб этилади деган фикрда.
«ITни ўрганиш учун бепул курслар ва дастурлар талайгина. Фақат иштиёқ етарли бўлиши ва тилни билишингиз керак. Улардан бири RS school (Roling scopus school) дастури ва EPAM компанияси доимий ташкил этадиган тренинглар. Улар жуда самарали ва энг асосийси мутлақо бепул», – дейди Нилуфар Маҳмудова.
Бепул таълим бўйича тўлиқроқ маълумотни видео орқали билиб олишингиз мумкин.
Келгуси дастурларимизда яна қандай муаммоли вазиятларга ечим излашимизни истайсиз? Ушбу видеокўрсатув остида мурожаатларингиз, фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз! Яна Айтмади деманг..!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter