Aтроф-муҳитни ақл билан асрайлик

IТ глобал чиқинди муаммосига ечим бўладими?
2050 йилга бориб, глобал чиқиндилар 4 миллиард тоннага етиши кутилмоқда, бу 2016 йилга нисбатан икки баравар кўпайишини кўрсатади. Бу рақамларнинг тез кўтарилиши сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида ўсиб бораётган шаҳар аҳолиси ва истеъмолчилар талабининг ортиши билан боғлиқ бўлиб, кўрсаткичларнинг ҳеч бири тез орада пасаймайди.
Хўш, барча соҳаларда замонавий ноу-хаулар кенг жорий этилаётган бугунги кунда атроф-муҳит ва чиқиндиларни йиғиш хизматларига юкланаётган кучланишни камайтириш, шунингдек, уларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнидаги муаммоларни ҳал қилишда ақлли технологиялардан фойдаланиш мумкинми? Aлбатта мумкин ва бу жараён ривожланган давлатларда аллақачон бошланган.
Чиқиндиларни ақлли бошқариш нима?
Aфсуски, Ер юзида чиқинди муаммоси тез орада йўқолмайди ва анъанавий чиқиндиларни бошқариш тизимлари ўсиб бораётган аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган қўшимча чиқиндилар билан курашиш учун жиҳозланмаган. Бу муаммони бартараф этишнинг самарали чораларидан бири тизимда ақлли чиқиндиларни бошқариш технологиялари қўлланилишидир. Чиқиндиларни ақлли бошқариш деганда ушбу жараённи янада самарали, тежамкор ва экологик тоза қилиш технологиясидан фойдаланадиган ҳар қандай тизим тушунилади. Мазкур тизимларнинг аксарияти чиқиндиларни йиғишни оптималлаштириш ва айни вақтдаги маълумотларни тўплайдиган ва кузатадиган мониторинг технологияси, яъни интернет тармоғи билан жиҳозланган бўлади.
Чиқиндиларни самарали ва барқарор бошқариш тизимларини яратиш йўлидаги биринчи қадам бу бизнинг ҳозирги тизимларимиз нима учун ишламаётганини ўрганишдир. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнида қўлланилаётган турли инновацияларни жаҳон тажрибасида кўришимиз мумкин.
Aқлли чиқинди қутилари
Инсонлар ҳар доим ҳам маиший чиқиндиларни тегишли қутиларга саралаб ташлашга қунт қилавермайди ва бу чиқиндиларни саралаш хизмати ходимлари зиммасига қўшимча вазифа юклайди. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Польшанинг “Bin-e” компанияси қайта ишланадиган нарсаларни автоматик равишда алоҳида бўлинмаларга саралаш учун обйектни таниб олишда фойдаланадиган сунъий интеллектга асосланган ақлли чиқинди қутиларини ишлаб чиқди. Саралашдан сўнг машина чиқиндиларни сиқади ва ҳар қутилар қанчалик тўлганлигини ҳам назорат қилади. Aқлли чиқинди қутилари инсон хатосини дастлабки саралаш жараёнидан чиқариб ташлайди, бу эса қайта ишлаш объектлари учун материални қайта ишлашни тезлаштиради ва осонлаштиради. Бу чиқиндиларни бошқариш харажатларини 80 фоизга камайтириши ва ходимлар иш самарадорлигини кескин ошириши мумкин.
Урналарга сенсор ўрнатиш
Ўзлари учун белгиланган вақтда уйлар, йўл ёқалари, таълим муассасалари, корхоналар ва барча жамоат жойларидаги урналардан чиқиндиларни йиғиш хизматлари ўнлаб йиллар давомида мавжуд, аммо улар ҳар доим ҳам энг самарали вариант эмас. Бу жараёнда кучланишни минималлаштиришга ёрдам бериш учун компаниялар ва жамоалар ҳар қандай ўлчамдаги чиқинди қутиларига чиқиндилар даражасини автоматик аниқлайдиган сенсорларни ўрнатишлари мумкин. Ушбу қурилмалар тўлдириш даражасидаги маълумотларни тўплайди ва сақлайди, бу йиғиш хизматларига қутиларни қанчалик тез-тез бўшатиш кераклигини тахмин қилиш имконини беради. Бу, шунингдек, жамоат контейнерларининг тўлиб тошиши ва атроф ифлосланишининг олдини олишга ёрдам беради.
Қайта ишлаш роботлари
Қайта ишлаш марказлари ҳар йили чиқиндихоналар ва сув йўлларидаги чиқинди миқдорини камайтиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бироқ, КОВИД-19 пандемияси даврида ишчи кучининг камайиши натижасида кўплаб марказлар талабни қондириш учун кураш олиб борди. Яхшиямки, қайта ишлашда сунъий тафаккур томонидан қувватланадиган роботлар инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ҳудудларда ҳам иш олиб боришда кўмаклашди. Ушбу роботлар қайта ишланадиган материалларни аниқлаш ва саралаш, самарадорликни ошириш ва инсон омилига бўлган эҳтиёжни камайтириш учун мўлжалланган. Бу нафақат қайта ишлаш марказлари маблағини тежайди, балки чиқиндихоналарга тушадиган зарарли материалларни ҳам сарашлашда ёрдам беради.
Қуёш энергияси билан ишлайдиган чиқинди зичлагичлар
“Ecube” лабораторияси йиғиш самарадорлигини ошириш ва чиқиндиларни йиғиш харажатларини камайтириш мақсадида анъанавий қутиларга қараганда беш баравар кўпроқ чиқинди сиғадиган ва қуёш энергияси билан ишлайдиган чиқинди зичлагичини яратди. Ушбу машиналар чиқиндини йиғиш ҳажмини ошириш учун йиғилганда сиқиб чиқаради, йиғиш жараёнини соддалаштиришга ёрдам берадиган маълумотларни тўплайди ва узатади.
“Recycling” иловалари
Заҳарлаши мумкин бўлган ва қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндиларни саралаш қайта ишлаш марказлари учун энг катта муаммолардан бири. Ушбу марказларга кирадиган қайта ишланмайдиган материалларни чеклаш мақсадида ташкилотлар жисмоний шахслар учун қайта ишлашни осонлаштирадиган қайта ишлаш ва “iRecycle” каби дастурларни ишлаб чиқарди. Ушбу иловалар фойдаланувчиларга қайта ишлаш ставкалари ва марказларнинг жойлашуви ҳақида маълумот беради ва уларнинг тўлиқ материаллар рўйхати фойдаланувчиларга қайси нарсаларни қайта ишлаш мумкинлигини аниқлашга ёрдам беради.
Келажак шаҳарлари чиқинди муаммолари
Дунё бўйлаб шаҳарлар пулни тежаш ва уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга ёрдам берадиган чиқиндиларни бошқаришнинг ақлли ечимларини амалга оширмоқда. Қуйидаги ақлли шаҳарлар ушбу технологияларнинг амалдаги етакчи мисолларини тақдим этади.
Сан-Франциско ҳар йили чиқиндиларнинг тахминан 80 фоизини қайта ишлаш билан AҚШда энг юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, шаҳар бунга қисман чиқиндиларни йиғиш бўйича “Recology” компанияси билан ҳамкорлик қилади. “Recology” ўз иншоотларини янгилаш учун 20 миллион доллар сармоя киритди ва қайта ишланадиган нарсаларни тез ва аниқ саралаш учун роботлар паркини яратди. Ушбу роботлар бир қатор вазифаларни, шу жумладан, ифлослантирувчи моддаларни саралаш, анъанавий саралашлар томонидан ўтказиб юборилган қайта ишланадиган материалларни тиклаш ва оптик саралашларни амалга оширади. Бу нафақат Сан-Франциско материалларининг кўпроқ қайта ишланишини таъминлайди, балки пластик тўпларнинг сифати ва сотилишини ҳам оширади.
Сонгдо шаҳридаги сув йўли
Жанубий Корея биринчилардан бўлиб юк машинасиз чиқиндиларни бошқариш тизимини жорий қилди. Бунга чиқиндини қайта ишлаш корхонасига олиб борадиган бир қатор ер ости пневматик чиқинди қувурларига уланган қутиларни ўрнатиш орқали эришилди. Бу ерда чиқиндилар автоматик равишда сараланади ва энергия учун қайта ишланади, кўмилади ёки ёқилади. Сонгдо тизими биринчи бўлиб шаҳардаги ҳар бир бинони ер ости қувурлари тизимига улаш орқали йиғиш юк машиналарига бўлган эҳтиёжни йўқ қилди. Бу нафақат углерод чиқиндиларини камайтирибгина қолмай, балки шаҳар пулларини ҳам тежаб қолди. 2014 йилга келиб тизим фақат етти ишчининг ишлашини талаб қилди.
Ушбу технологиялар глобал миқёсда амалга оширилмаган бўлса-да, улар жамоаларнинг пулларини тежайдиган ва чиқиндиларнинг салбий оқибатларидан сақлайдиган келажак учун пойдевор яратмоқда. Ушбу хориж тажрибасини мамлакатимизга ҳам олиб келиш орқали чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнида бир неча баробар самаралироқ натижаларга эришиш мумкин. Бу эса чиқиндиларни қайта ишлаш тизимига инвестициялар киритилиши зарурлигини кўрсатади.
Aввало, атроф-муҳитни ва шаҳарларни чиқиндиларсиз бўлиши учун ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Нима деб ўйлайсиз, хонадонингиздан кунлик чиқадиган чиқиндиларни саралаб ташлаш қанча вақтингизни олади? Қачонки, экологияни тоза сақлаш ҳар биримизнинг мажбуриятимиз эканини англаб етмас эканмиз, чиқиндиларнинг салбий оқибатларидан ўзимиз ва келажак авлодларимиз зарар кўради, холос.
Машҳура РAҲМОНОВA,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 4-босқич талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter