Алдангани интернет яхшими? (фирибгарлар тузоғидан профилактика)
Сўнгги пайтлар веб-оламда пул тикиб ўйналадиган азарт ўйинлар, онлайн қиморларнинг рекламаси авж олмоқда. Унинг жабрдийдалари юртдошларимиз орасидан ҳам топилиб, хатто ўз жонига қасд қилиш билан якунланганидан ёқа ушладик.
Афсуски, оммани улардан ҳимоялаш осон эмас. Чунки кўп ҳолларда улар фирибни яширишни, ижобий ниқоб кийишни яхши уддаламоқдалар. Масалан, иш таклиф этиш, саёҳат учун чиптани ваъда қилиш кабилар орқали ўз домларига илинтирмоқдалар. Бундай рекламалар ўқиган одам учун безарар ва қизиқарлидек туюлади, якунда эса моддий ва маънавий зарардан боши берк кўчага кириб қолади.
Азарт ўйинларга муккасидан кетган киши реал ҳаётни унутиб қўйишга мойилдир. Ўйин дунёсига тушиб қолиб, ўзини тамоман мана шу ўйинларга топширади. Оқибатда жамиятда, оилада, касбида ўз ўрнидан мосуво бўлади.
Охирги пайтлар дунё бўйлаб пулли автомат ўйинлар, казино ва букмейкерлик конторалари кўпайгач, бундай қарам шахсларнинг сони ошди. Иштирокчилар учун ғолиблик ҳам, мағлублик ҳам бирдек мотивация уйғотиб, қайта-қайта қатнашишга ундамоқда.
1970-йили Англияда азарт ўйинларга қизиқиш шу даражада авж олдики, ҳолат “лудомания эпидемияси” деб баҳоланди. Кинотеатрлар бўм-бўш бўлиб қолди, гўё бутун аҳоли ўзини пулли ўйинларга ургандек эди.
Лудоманлар назоратни батамом йўқотади, фикру ҳаёли ўйинда бўлади. Ўйнаётганида ўзини эркин ҳис қилади, ўйинни тугатиб реал ҳаётга қайтса, масалан ўйиндан бўшаб овқатланишга ўтирса, безовталанишни бошлайди.
Айниқса ёшлар ўйин мухлисига айлангани сари кўпроқ ўйнашга хоҳиш туғилаверади. У дўстлари билан суҳбатда ҳам фақат шу ўйин ҳақида сўз очаверади. Агар уни ота-онаси ўйиндан чекласа, тақиқлар қўйса, боланинг қайсарлиги ошиб, асабий бўлиб қолади. Хуллас, ўйинга муккасидан кетиш ҳам, ундан тўсатдан буткул айрилиш ҳам боланинг асаб тизими учун фожиа.
Қарамлик ўз вақтида даволанмаса, бемор жиноятчига айланади. Чунки у ишлаб, меҳнат қилиб, тузук-қуруқ пул топмаган ҳолда (ахир унинг ҳаёли ўйинда бўлгани сабаб меҳнат унумдорлиги паст) қўлидаги бор пулни сарфлаб тугатгач, қинғир манбалардан осон даромадни ахтаришга тушади. Ўғрилик, безорилик, талон-тарожлик орқали бўлса ҳам пул топиб, дарров ўйинга тикишга уринади. Боиси у учун ўйин сув ва ҳаводек зарур бўлиб, ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолган.
Маҳсулотлар тижоратига асосланган тармоқли маркетинг ташкилотлари азалдан мавжуд. Айниқса уларда фирибгарликдан фойдаланиш, мижозни ёлғон билан жалб қилиш кўп учрайди. Яқинда бу бизнесга Умра зиёратини ниқоб қилиш орқали тарафдорларини кўпайтиришга ўтишди. Хориждан туриб фаолият юритувчи фирмалар маҳаллий аҳолимизни ҳам қизиқтириб, ойига оз-оздан пул тўлаб бориш, белгиланган сумма йиғилгач, Умрага жўнатишни ваъда қиляпти. Авваламбор, бундан динимизда қораланган иллат – судхўрликнинг иси келмоқда. Энди кейинги ваъдага эътибор қаратинг: ким ўзидан кейин 5 та одамни аъзо қилса, Умра зиёрати мутлақо бепулга айланади. Хўш, бошқа одамга тарғиб қилиб, уларга пул тўлатиб, эвазига ўзи бепул Умрага борган одамнинг иши тўғрими, ҳалолми?
Ҳожи ота ва ҳожи оналар – жамики мусулмонлар ҳавас билан қаровчи инсонлар, улардан дуо ва ибрат олишга интиламиз. Аммо бугунги кунда одамларнинг ихлосларидан ўз молиявий манфаати йўлида фойдаланувчи гуруҳлар пайдо бўлибдики, уларга эргашиш икки карра жаҳолатдир.
Ҳозир айримлар ҳазинага йўлиққандек ўзини шунга уряпти, “Худо берди” деб бепул Умра иштиёқида компанияни таниш-билишларига реклама қилиш билан банд. Бу билан эса ноҳалол бизнес қилаётганлар тегирмонига сув қуяётганларидан бехабарлар. Бинобарин, фирибгарлар 1 та одамни бепул зиёратга жўнатиш ортидан 5 та одамдан бунинг ҳиссасини ортиғи билан чиқазиб оляпти.
Ҳожи деганда кўз олдимизга юзидан нур ёғилувчи, ибодатда умр кечирувчи, иймон ва илм зиёсини улашувчи ҳазрати инсон гавдаланади. Марра қанчалик юксак бўлмасин, унга олиб борувчи ҳалол йўлни танлаган одамгина комилликка даъвогардир. Бу воқеалар юртдошларимизни ишончли ва мукаммал манбаларга мурожаат қилиш, уларни фирибгарлар тузоғидан ҳимояловчи огоҳлик механизмларини кучайтириш нечоғлик долзарблигини кўрсатмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter