Талаба ва фрилансер келин. Унга осонми?(ВИДЕО)
Сабоҳат Қаландарова – Халқаро Вестминстер университетида таҳсил олади ва Саудия Арабистонининг «Барқ» компаниясида фрилансер сифатида фаолият юритади. Суҳбат давомида Сабоҳат фрилансерликнинг аёллар учун нақадар қулайлиги ва ҳозирда янги келин сифатида қандай қилиб ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, боз устига, ойига 20 миллион сўм топиш сирлари ҳақида ўртоқлашди...
- «Айти» оламига кириб келишингиз қандай бўлган?
- Ростини айтсам, соҳа танлашга жуда қийналганман. Инглиз тили, математика ҳамда ижодкорликни ўзида мужассамлаштирадиган касбни излаганман ва «айти» соҳасини танлаганман. Бошида «айти» нима эканлигини умуман тушунмаганман бўлсам-да, инглиз тилини яхши билишим соҳани мустақил равишда мукаммалроқ ўзлаштиришимда жуда қўл келган.
- Қиз бола сифатида «айти» соҳасини танлашингизга оила аъзоларингиз қандай фикр билдиришган?
- Бошида оила аъзоларимда ҳам «айти» ҳақида етарлича тушунча бўлмаганлиги боис темир-терсаклар орасида ўғил болалар билан ишлайдиган соҳа, деб ўйлашган. Бироқ кейинчалик «айти»нинг асл моҳиятини тушуниб етгач, танловимни қўллаб-қувватлашган.
- Иш фаолиятингизни қачон бошлагансиз?
- Иккинчи босқични тамомлагач, амалиётда ўзимни синаб кўришни истаганман ва жуда кўп сайтларга резюмемни жойлаштириб, иш излаганман. Ўша вақтларда “Нажот таълим”да ҳам ўқиётганлигим боис, бир неча ойдан сўнг ўқув марказида соҳам бўйича дарс бера бошлаганман. У ерда уч ой ишлагач, “frontend react” йўналиши бўйича Yudevsга ишга кирдим.
- Илк олган маошингизни эслай оласизми?
- Yudevsда илк олган маошим 2 миллион эди, ҳозирда эса Саудия Арабистонининг “Barq” компаниясида масофадан туриб фрилансер сифатида ишлайман ва айни дамда маошим 20 миллион.
- Иш фаолиятингизга турмуш ўртоғингизнинг муносабати қандай?
- Турмуш ўртоғим аввалига бу соҳада ишлашга қийналасан, деб бошқа йўналишга ўтишни тавсия қилганлар. Бу эса менга ўзимни кўрсатишим учун тескари мотивация бўлган ва турмуш ўртоғимнинг ҳам фикрлари ўзгарган.
- Агар «айти» соҳаси бўлмаса...
- Мен бу соҳадан ташқари таржимонлик билан ҳам шуғулланишим мумкин. Аммо психологияга ҳам қизиқишим сабаб бу соҳани мукаммал ўрганиб соҳамни ўзгартиришим мумкин.
- «Айти» сиз учун нима?
- Ижодкорлик, машаққат ва роҳат!
- Ҳозирги кунда хотин-қизларни «айти» соҳасига қизиқтириш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
- Авваламбор, «айти» нималигини тушунтириш керак уларга. Чунки кўпчилик «айтишник» деганда компьютер устасини тушунади. Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида бу соҳага қизиқиш ортиб бормоқда. Шу боис ота-оналарда ҳам соҳа ҳақида етарлича маълумот бериш керак. Боиси «айти» ҳар бир аёл киши учун жуда қулай соҳа. Айниқса, фрилансерлик фаолияти уйда фарзандлар тарбияси ва уй ишларини ҳам биргаликда олиб боришга шароит яратади. Агар аёлларимиз орасида ёшидан қатъи назар, ўз касбини ўзгартириш истаги туғилса, ҳеч иккиланмай «айти» соҳасида ўзларини синаб кўришларини тавсия қиламан.
«Айтишник» ва талаба келиннинг кун тартиби ҳамда ҳамма нарсага улгуриш сирлари ҳақида xabar.uz youtube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter