Азиз Муҳитдинов: Асл мақсадимиз рейтингдаги ўрнимизни баландлатиш эмас (ВИДЕО)
Бугун “110 метр баландликда” лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси директори — Азиз Муҳитдинов.
Иқтисод фанлари номзоди Азиз Муҳитдинов 1985 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган;
2008-2012 йилларда “Ўзбектелеком” АК бош мутахассиси, бўлим бошлиғи;
2012-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи;
2017 йили “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ДУК директорнинг биринчи ўринбосари, директор вазифасини бажарувчи;
2018 йили Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш маркази бош директори;
2018-2021 йилларда “UNICON.UZ — Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари;
2022 йилдан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси директори лавозимида ишлаб келмоқда.
“Асл мақсадимиз рейтингдаги ўрнимизни баландлатиш эмас. Балки аҳоли фаровонлиги ва жамият ривожи учун хизмат қилишдир. Агар халқимиз улар учун яратилаётган қулайликлардан фойдаланиб, рози бўлишса, жаҳондаги мавқеимиз ўз-ўзидан юқорилаб бораверади” — бу сўзлар бизга эмас, балки суҳбатдошимизга тегишли.
— Азиз Ҳакимович, келинг, суҳбатимизни Электрон ҳукумат соҳасидаги янгиликлардан бошласак. Масалан, БМТ рейтингида Ўзбекистон эришган натижа таҳлили ва бу мамлакатимизга нима беришига доир маълумотлар билан ўртоқлашсангиз...
— Биласизми, 2020 йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан олиб бориладиган Электрон ҳукумат рейтингида 87-ўринда бўлган бўлса, жорий йилга келиб 193 та мамлакат орасида 69-ўринга кўтарилди. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг “GovTech” рейтингида ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича 37 поғонага юқорилаб, 198 мамлакат ичида 43-ўринга кўтарилган бўлса, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича эса 4-ўринни эгаллади. Яна шуниси ҳам қувонарлики, “Open data Inception”нинг 2022 йилги таҳлилига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 201 та мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича 4-ўринга чиқди.
— Электрон ҳукуматнинг жамият ҳаётидаги ўрни асосан юртдошларимиз ҳаётини қулайлаштираётган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сезилади. Аввалгидек ҳужжат ишлари билан сарсон бўлишлар, турли маълумотлар йиғишлар my.gov.uz`да жорий этилаётган хизматлар туфайли унутилаётганини ҳам тан олишимиз керак, тўғрими? 2022 йилда Ягона портални ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
— Жорий йилда ижтимоий соҳаларга доир хизматларни такомиллаштиришга эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга my.gov.uz хизматларини кўрсатишда давлат божлари учун 50 фоиз чегирма йўлга қўйилди.
Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одам иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизими жорий этилди. Бугунги кунда мазкур тизим орқали 3 мингдан ортиқ нафақалар тайинланди. Бундан ташқари, йил бошидан буён Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 68 та янги онлайн хизматлар ишга туширилиб, умумий электрон давлат хизматлари сони 368 тага етди. Шуларнинг 240 тасидан бепул фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, барча пуллик хизматлардан эса my.gov.uz орқали фойдаланилганда 10 фоиз чегирма белгиланган.
— Бир йил давомида энг оммабоп хизматлар 10 талигига айнан қайси хизматларни киритган бўлар эдингиз?
— Келинг, яхшиси оддий аҳоли ва тадбиркорлар томонидан my.gov.uz орқали энг кўп фойдаланилган ТОП-3 хизматлар ҳақидаги статистика билан таништирсам. Булар: болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, кредит тарихини билиш ва автотранспорт ойналари тусини қорайтиришга рухсатнома олиш, шунингдек, тадбиркорлар учун ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли шартнома маълумотларини тизимга киритиш, автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия олиш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини келишишга ариза бериш каби хизматларимиздан йил давомида кенг фойдаланилди.
— Биламизки, йил аввалидан бошлаб, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида бир қатор маълумотлар ва ҳужжатлар талаби бекор қилинди. Йил давомида тадбиркорлар учун яна қандай хизматлар жорий этилди?
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шу кунга қадар тадбиркорларга қулайлик яратаётган хизматлар талайгина. Масалан, 368 та хизматимиздан 242 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган. Шунингдек, сентябрь ойида Халқаро Uptime институти томонидан бериладиган TIER—III сертификатига эга Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг Ягона маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилди. Ушбу марказ давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган харажатларини қисқартиришга, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Умуман олганда, my.gov.uzнинг мобиль иловасида 2022 йилда 50 турдаги янги электрон давлат хизматлари жорий қилиниб, улар сони 160 тага етказилди. Шулардан 22 тасидан рўйхатдан ўтмасдан туриб, 92 тасидан эса бепул фойдаланиш мумкин бўлди. 2022 йил давомида электрон давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш ортидан аҳолининг 36 млрд.дан ортиқ маблағлари тежалишига эришилди.
— Аҳолининг давлат хизматларидан my.gov.uz орқали фойдаланиш ҳажми йил давомида қанчага ортди?
— Биласизми, жорий йилда 12 миллиондан зиёд аҳоли ва тадбиркорлар электрон давлат хизматларидан my.gov.uz орқали фойдаланишди. Умумий хисобда эса ягона интерактив давлат хизматлари портали фойдаланувчилари сони 2022 йилда кескин ортиб, 4 млн.га етди. Натижада эса фуқароларимизнинг вақти ва маблағи тежалиб, давлат идораларига бевосита ташрифи босқичма-босқич қисқармоқда.
— Янги 2023 йилда яна қандай янги хизмат турларини жорий этиш кўзда тутилган?
— 2023 йилдан электрон давлат хизматлари сафидан “проактив шаклдаги” хизматлар ҳам ўрин олиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан талаб қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар сўрови янада қисқартирилиб, минимал даражага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, асосий эътибор my.gov.uz мобил иловасидаги хизматлар сонини кўпайтиришга қаратилади ҳамда тижорат ташкилотлари хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
— Азиз ака, фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизни кириб келаётган янги йил билан қутлаб, уларга тилакларингизни етказишингиз мумкин, марҳамат!
— Кириб келаётган 2023 йил билан барча юртдошларимизни чин қалбимдан табриклайман. Барчага янги йилда авваламбор сиҳат-саломатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик ва ишларига ривож тилайман! Умид қиламанки, 2023 йилда барчамиз биргаликда электрон хизматлар соҳасини халқимизнинг кундалик ҳаётида доимий равишда фойдаланадиган, мушкулларини осон қиладиган платформага айлантирамиз!
Ўзбекистонда электрон ҳукуматини ривожлантиришда айнан қайси давлатларнинг шу йўналишдаги сиёсатидан андоза олинмоқда? Фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганида бож, йиғим ва бошқа тўловларнинг 50 фоизини қайтариб олиш учун қаерга ва қандай мурожаат қилиш даркор? Бу саволларнинг барчасига интервьюнинг тўлиқ қисмини youtube каналимизда томоша қилиш орқали жавоб олишингиз мумкин!
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди


Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter