Саудия Арабистонининг Коммуникациялар ва информацион технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Саудия Арабистонининг Коммуникациялар ва информацион технологиялар вазири Абдулло Алсваха ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, хусусан телекоммуникация ва маълумотлар алмашинуви марказлари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, ўқув дастурлари ва малака ошириш ташаббуслари орқали АйТи кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар АйТи аутсорсингни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг рақамли салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Бундан ташқари, араб компаниялари учун Ўзбекистонда минтақавий офисларини ташкил этиш, стартап экотизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар берилди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистонининг рақамли трансформация бўйича тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиш, АйТи соҳасида янги иш ўринлари яратиш ва рақамли аутсорсинг секторидаги имкониятларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки вазирлик ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди. Бу келишув Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги АйТи соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга умид билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter