Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саудия Арабистонида IT Park Uzbekistan ваколатхонаси очилди

Саудия Арабистонида IT Park Uzbekistan ваколатхонаси очилди

16 декабр куни Саудия Арабистонинг Ар-Риёд шаҳрида IT Park Uzbekistan ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлди. Тадбир Ар-Риёддаги The Garage innovatsion майдонида Plug and Play Riyadh кўмагида бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов нутқ сўзлади. "Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инновацион экотизимлари ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда, бу минтақадаги шерикларнинг мамлакатимизнинг жадал ривожланаётган технологик секторига бўлган қизиқишини акс эттиради," – деди Шерзод Шерматов. Вазирнинг таъкидлашича, бундай ташаббуслар нафақат иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки янги иш ўринларини яратишга кўмаклашади, маҳаллий мутахассисларнинг касбий ўсиши ва ривожланиши учун имкониятлар очади.

Барча иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нодиржон Турғунов қутлади.

"Ар-Риёдда IT Park ваколатхонасининг очилиши нафақат муҳим қадам, балки ҳамкорлик учун янги уфқдир. Ишончимиз комилки, ушбу қадам ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катализатор бўлиб хизмат қилади, бозорлар интеграциясини тезлаштиради ва иккала экотизим учун ноёб имкониятларни очади," – деди IT Park Бош директори Фарҳод Ибрагимов ўз табрик нутқида.

Тадбирда Plug and Play Tech Center ҳамкорлик бўйича директори Муҳаммад Алгамди, Datavolt бош директори Ражит Нанда ҳам сўзга чиқди.

Ражит Нанда ҳамкорлик салоҳиятини таъкидлади: "Ўзбекистоннинг технологик сектори жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда ва биз DataVolt компаниясида юқори қувватли яшил маълумотлар марказларини қуришга сармоя киритиб, бу ўсишни ўз тажрибамизда кўриб турибмиз. Бу мамлакатнинг ривожланиш даражаси ва динамикасининг ёрқин намунасидир, бу унинг глобал миқёсда асосий техноген хабга айланишга тайёрлигидан далолат беради." 

Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон АйТи-секторини ва бизнес муҳитини қўллаб-қувватлашнинг асосий дастурлари, жумладан, ривожланаётган стартап экотизими ва уларни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар билан танишдилар.

Шуни таъкидлаш керакки, бу йил IT Park Uzbekistan мамлакат стартап экотизимини BIBAN-2024да муваффақиятли тақдим этди, унда 12 та стартап тақдим этилди. Бундан ташқари, Риёда Uzbekistan Tech Conference конференцияси ва хорижий стартаплар учун бир қатор питч-сессиялар бўлиб ўтди. Ушбу ташаббуслар Саудия инвесторларининг маҳаллий ўзбек лойиҳаларига қизиқишини сезиларли даражада оширди.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги шериклик ушбу лойиҳага $5 млрд сармоя киритишни режалаштираётган DataVolt (Vision Invest холдинги) компанияси иштирокида Green Data Centers қурилиши каби қўшма лойиҳалар туфайли мустаҳкамланмоқда.

Саудия Арабистонида IT Park ваколатхонасининг очилиши стартаплар учун халқаро экотизимни мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим қадам бўлди. Ваколатхона рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон компанияларига халқаро майдонда ўз имкониятларини кенгайтириш имконини беради.

IT Parkнинг Саудия Арабистонидаги ваколатхонаси икки мамлакат инновацион экотизимлари ўртасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини қўллаб-қувватловчи кўприк бўлади, шунингдек, қуйидаги имкониятларни очади:

– Ўзбекистон орқали GCC минтақаси стартаплари учун Марказий Осиё бозорига соддалаштирилган кириш;

– Ўзбекистонлик стартапларнинг GCC бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш;

– Ўзбекистондаги бек-офис орқали GCC минтақасидаги ITes компанияларининг операцион харажатларини камайтириш имконияти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг