Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг технология соҳасига Мўғулистон делегацияси вакиллари катта қизиқиш билдирди

Ўзбекистоннинг технология соҳасига Мўғулистон делегацияси вакиллари катта қизиқиш билдирди

Мўғулистон Бош вазири ўринбосари Саинбуян Амарсаихан бошчилигидаги 50 кишидан иборат Мўғулистон делегацияси Ўзбекистонга хизмат сафари билан ташриф буюрди. Делегация таркиби ҳукумат аппарати вакиллари, Мўғулистоннинг маҳаллий ва халқаро компаниялари раҳбарларидан иборат эди.

Ташриф чоғида Мўғулистон вакиллари Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари ва инфратузилмаси билан танишди, шунингдек, Ўзбекистон компаниялари билан учрашиб, салоҳиятли ҳамкорлик ва икки мамлакат АйТи-саноатини биргаликда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Мўғулистон делегацияси Ўзбекистоннинг технология соҳаси билан танишиш ва АйТи-бизнесни юритиш шартлари билан яқиндан танишиш мақсадида IT Park Uzbekistan мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонларга экспортга йўналтирилган АйТи-компанияларни фаол ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида IT Park резидентлари учун яратилган имтиёзлар тақдим этилди.

Хусусан, Мўғулистондаги хусусий сектор вакилларига компаниянинг мамлакатдаги фаолиятининг биринчи йилидаги харажатларнинг катта қисмини қоплаган “Zero Risk” дастури тақдим этилди. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистонда autsorsing офисларини очишнинг кўплаб афзалликлари, жумладан, халқаро бозорга чиқишнинг соддалаштирилгани, солиқ имтиёзлари ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Бу омиллар Мўғулистон делегацияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди ва бу икки давлат ўртасида АйТи соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мўғулистоннинг йирик компаниялари раҳбарлари ва давлат аппарати вакилларидан иборат делегациянинг қабул қилиниши Ўзбекистон учун янги истиқболларни очади. АйТи соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшимча сармояларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва миллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, тажриба ва технологиялар алмашинуви АйТи-хизматлар сифатини ошириш ва Ўзбекистон компанияларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш имконини беради. Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида ахборот технологиялари соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг