Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари “Марказий Осиё + Япония” бизнес форумида тақдим этилди

Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари “Марказий Осиё + Япония” бизнес форумида тақдим этилди

Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япониянинг 450 дан ортиқ вакилларини бирлаштирган “Марказий Осиё+Япония” бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форум доирасида “Халқаро вазиятнинг ўзгариши шароитида Япония ва Марказий Осиёда алоқаларни ривожлантиришнинг янги истиқболлари” мавзусида сессия бўлиб ўтди. IT Park Uzbekistan ижрочи директори Абдулаҳад Кучкаров тадбирда сўзга чиқиб, минтақанинг Япония компаниялари билан АйТи соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини тақдим этди.

Абдулахад Кучкаров ўз нутқида Марказий Осиё ва Япония ўртасидаги интеграция ва ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди, шунингдек, Ўзбекистоннинг АйТи соҳасини батафсил тақдим этди. У мамлакатнинг жадал ривожланаётган АйТи-экотизимни яратишда эришган ютуқлари, АйТи-хизматлар экспортининг сезиларли даражада ўсганлиги ва . IT Park Uzbekistan резидентлари сонининг ортиб бораётгани таъкидлаб ўтилди.

Япония компаниялари Ўзбекистон бозорига тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда, бу эса минтақанинг технологик тараққиётига, шунингдек, мамлакатимиз ёшлари учун, шу жумладан, ҳудудларда юқори маошли янги иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда. Япониянинг технологик компанияларида тажриба ва профессионал билимлар алмашиш орқали ўзбекистонлик мутахассислар жаҳон меҳнат бозорида юқори талабга эга кадрларга айланади. Бундан ташқари, 2023 йилда Япониянинг АйТи-хизматлар импорти ҳажми 10,5 миллиард АҚШ долларига етгани Марказий Осиё мамлакатлари учун Япония бозоридаги ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар очмоқда.

Ўзбекистонда япон тили дастурларини таклиф қилувчи 10 дан ортиқ университетларнинг мавжудлиги муҳим омил бўлиб, бу мамлакатимизнинг япониялик ҳамкорлар билан самарали мулоқот қила оладиган малакали мутахассисларни тайёрлашга интилишини кўрсатади. Бундан ташқари, мамлакатдаги иккита АйТи-университет Япония капитали иштирокида ташкил этилган бўлиб, бу академик ва маданий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ёшларнинг тил кўникмалари ва АйТи соҳасида ўқитишга инвестициялар киритиш шунчаки келажакка сармоя эмас, балки хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг глобал АйТи-бозоридаги мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадамдир. “One Million Uzbek Coders”, “English Speaking Nation” вa “IT Nation” каби ташаббуслар нафақат халқаро майдонда самарали рақобат қила оладиган, балки хорижий ҳамкорларнинг эътиборини торта оладиган янги авлод мутахассисларини шакллантиришга қаратилган.

Ўзбекистонда стартап экотизими истиқболли лойиҳаларга 133 миллион доллар сармоя киритиб улгурган бешта венчур фонди кўмагида жадал ривожланмоқда. Венчур капиталининг бундай ўсиши инновацион ғояларнинг юқори салоҳияти ва уларнинг мамлакат иқтисодиёти учун аҳамиятидан далолат беради.

Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз барча манфаатдор томонларга фойда келтирадиган ва минтақанинг глобал технология харитасидаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлайдиган кучли синергияни ярата оламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг