Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон “50-in-5” лойиҳасига қўшилди

Ўзбекистон “50-in-5” лойиҳасига қўшилди

Дунё бўйлаб хавфсиз ва инклюзив рақамли жамоат инфратузилмасини жорий этиш бўйича ҳамкорликка ундайди.

Тошкент, 18 сентябр: “ ICTWeek Uzbekistan 2024” “Рақамли ҳукумат: истиқболли режалар ва тўсиқлар” форумида Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси глобал “50-in-5” лойиҳасига қўшилганини ва рақамли давлат инфратузилмаси (Digital Public Infrastructure)ни хавфсиз, инклюзив ва ўзаро ҳамкорликда жорий этиш тарафдори эканини фахр билан эълон қилди.

Ушбу инновацион лойиҳа Барқарор Ривожланиш Мақсадларининг муҳим кўрсаткичи сифатида, рақамли давлат инфратузилмаси ривожланишининг асосий йўналишларини белгилайди. Мазкур лойиҳада Ўзбекистон Бангладеш, Доминикан Республикаси, Эстония, Эфиопия, Гватемала, Лесото, Малави, Молдова, Норвегия, Сенегал, Серра-Леоне, Сингапур, Шри-Ланка, Того каби бошқа давлатлар қаторига киритилди.

Лойиҳа мамлакатларда жорий этилган технологиялар, жумладан, рақамли жамоат манфаатлари (Digital Public Goods) йўналишида илғор тажриба билан алмашиш орқали рақамли давлат инфратузилмасини муваффақиятли амалга ошириш йўлларини тубдан қисқартиришга ёрдам беради, бу эса пировардида харажатларни камайтиради ва максимал даражада юқори натижаларга эришишга кўмаклашади.

Лойиҳанинг мақсади 2028 йил якунига қадар 50 та давлат 5 йил ичида хавфсиз, инклюзив ва ўзаро ҳамкорликда камида битта рақамли давлат инфратузилмаси компонентини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кенгайтиришдан иборат. Иштирокчи давлатлар ушбу мақсад сари биргаликда ҳаракат қилиш мажбуриятини таъкидлади.

“50-in-5” лойиҳаси Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, Рақамли жамоат инфратузилмаси маркази, “Co-Develop” ташкилоти, Рақамли жамоат манфаатлари алянси (Digital Public Goods Alliance) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда олиб борилаётган тарғибот лойиҳаси бўлиб, “GovStack ” ташкилоти, Америкалараро тараққиёт банки, “UNICEF”, “USAID” ва “БМТ Аёллар” томонидан қўллаб-қувватланади.

Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон учун “50-in-5” лойиҳасига қўшилиш рақамли ҳамкорлик йўлида ривожланишни англатади. Давлатлар тажрибасини ўрганиш, мамлакатимиз тажрибасини бошқа давлатларга тақдим этишга қаратилган ҳаракатлар миллий рақамли давлат инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради. Мазкур лойиҳа орқали инновацион ва инклюзив ёндашув, билим ва технологиялар қўллаб-қувватланилади.

Рақамли давлат инфратузилмаси бу рақамли тўлов тизимлари, идентификатор ва маълумотлар алмашиш тизимлари бўлиб, уларнинг хавфсиз ва ўзаро ишлаши мамлакатларнинг иқтисодиёти ва одамлар фаровонлигини яхшилаш учун зарурдир. Бу фуқароларга рақамли хизмат кўрсатишнинг пойдеворидир. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, молиявий инклюзивлик, ижтимоий ҳимоя ва бутун аҳоли учун аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш каби соҳаларни яхшиланишни таъминлашда рақамли давлат инфратузилмаси муҳим аҳамиятга эга. 

“50-in-5” лойиҳасининг иштирокчилари турли географик жойлашув ва даромад даражаларига эга бўлишига қарамай, уларни ягона мақсад бирлаштиради — рақамли давлат инфратузилмасини яратиш йўлида илғор тажрибалар орттириш. Ушбу мамлакатлар билим ва технологиялар алмашиш, рақамли ҳамкорликнинг янги усулларини синовдан ўтказиш борасида бирлашадилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг