Жаҳон Мобил Конгрессида Ўзбекистон алоқа соҳаси мутахассислари илғор тажрибаларни ўрганмоқда

Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтаётган “МWC Barcelona – 2025” Жаҳон мобил конгрессида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Мазкур конгресс дунёдаги энг йирик ва нуфузли технологик тадбирлардан бири бўлиб, у глобал миқёсда мобил технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация инфратузилмасининг ривожланишига бағишланади.
Тадбир доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация “Huawei Technologies Co. Ltd.” компаниясининг махсус кўргазмасида иштирок этди.
Ушбу кўргазма Huawei томонидан ишлаб чиқилган энг сўнгги технологик ечимлар, инновациялар ва келажак телекоммуникация тармоқлари учун таклиф этилаётган илғор хизматларни намойиш этиш учун ташкил этилган.
Кўргазма доирасида делегация аъзоларига мобил алоқа тармоқларини ривожлантиришга қаратилган илғор технологиялар, жумладан, 5G ва 5.5G технологияларини жорий этиш ва кенгайтириш бўйича таклиф этаётган ечимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, кўргазмада делегация янги технология ва ишланмалар бўйича ҳам қатор инновацион ечимлар билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, ақлли транспорт тизимлари, хавфсизлик камераларининг сунъий интеллект ёрдамида ишлашини таъминловчи тизимлар, энергия самарадорлигини ошириш бўйича ақлли бошқарув ускуналари ҳамда фуқароларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган бошқа рақамли технологиялар намойиш қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter