Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“MWC Barcelona – 2025”: Huawei раҳбарияти билан муҳим меморандумлар имзоланди

“MWC Barcelona – 2025”: Huawei раҳбарияти билан муҳим меморандумлар имзоланди

Жорий йилнинг 3–6 март кунлари Испаниянинг Барселона шаҳрида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг нуфузли тадбирлардан бири — “MWC Barcelona – 2025” анжумани бўлиб ўтди. 

Ушбу анжуман доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича президенти Филип Ган ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашув аввалида сўнгги йилларда компания билан ҳамкорликда рақамлаштириш йўналишида муҳим лойиҳалар амалга оширилаётгани, жумладан, Масофавий хизматлар маркази ишга туширилиб, натижада 2024 йилда ушбу марказ томонидан 20 дан ортиқ давлатга кўрсатилган АйТи экспорт хизматлари ҳажми 10 миллион АҚШ долларига етгани ҳамда 300 та янги иш ўрни яратилгани таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда Huawei компанияси рақамли истеъдодларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, “Seeds for the Future” va “ICT Academy" дастурларини фаол давом эттираётгани айтиб ўтилди.

2024 йилда Ўзбекистонда “Seeds for the Future” дастурининг ўн йиллиги нишонланди. Ўзбекистон жамоаси “Tech4Good” халқаро танловининг финал босқичида Silver award мукофотига сазовор бўлди. Шу билан бирга, 12 нафар талаба Хитойнинг Шенчжен ва Шанхай шаҳарларида рақамли турда иштирок этиб, икки жамоа эса Саудия Арабистонида ўтказилган “ICT Competition” минтақавий танловида қатнашди.

Бундан ташқари, учрашувда компания 2024 йилда бўлиб ўтган “ICT Week Uzbekistan” ҳафталиги доирасида мамлакатнинг рақамли трансформациясини янада ривожлантириш мақсадида 5.5G тармоғини синов тариқасида ишга туширилгани қўшимча қилинди.

Шунингдек, 2024 йилда Huawei компанияси Рақамли иқтисодиёт бўйича тадқиқот маркази ва Хитой Ахборот-коммуникация технологиялари академияси (CAICT) билан ҳамкорликда "Uzbekistan Digital Economy overview and Vision 2030" тадқиқотларини эълон қилди.

Ушбу олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш натижаларини сарҳисоб қилдилар ва келгусида инновацион технологияларни жорий этиш бўйича режаларни белгилаб олдилар.

Батафсил: https://digital.uz/oz/news/view/39270

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг