Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“MWC Barcelona-2025” конгрессида Тошкент шаҳрида “GSMA M360 Eurasia” минтақавий тадбири ўтказилиши эълон қилинди

“MWC Barcelona-2025” конгрессида Тошкент шаҳрида “GSMA M360 Eurasia” минтақавий тадбири ўтказилиши эълон қилинди

Айни кунларда Испаниянинг Барселона шаҳрида “MWC Barcelona-2025” Жаҳон мобил конгресси бўлиб ўтмоқда. Унда Рақамли технологиялар вазирлигидан иборат делегация вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Жаҳон мобил конгресси – дунёдаги энг йирик АКТ соҳасидаги, шу жумладан, мобил саноатидаги кўргазма ва конгрессларидан бири бўлиб, бутун дунё бўйлаб мобил алоқа операторлари, йирик АйТи-компанияларни ва алоқа маъмуриятларини бирлаштиради.

Конгресс доирасида етакчи мутахассислар ва бозор экспертлари АКТ соҳасидаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қиладилар ҳамда сўнгги технологик ютуқлар тақдимотларини ўтказадилар.

Конгресс иштирокчилари орасида етакчи халқаро АйТи-компаниялар – технологик асбоб-ускуналар ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари, телекоммуникация ва мобил алоқа операторлари, миллий АйТи-бозорлари вакиллари бор.

Мазкур тадбир доирасида дунё мамлакатлари АКТ Вазирларининг дастури – “Глобал технологияларни бошқариш” сессияси ўтказилди.

АКТ Вазирларининг дастури вазирликлар, тартибга солиш органлари, халқаро ташкилотлар ва технология компаниялари раҳбарларини бир ерда жамлаб, юқори даражали менежерлар ўртасида бевосита мулоқотни ташкил этиш, тажриба алмашиш ва рақамли технологиялари саноатини тартибга солиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур тадбирда Вазир Ш.Шерматов иштирок этди ҳамда жорий йилнинг 21-22 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “GSMA M360 Eurasia 2025” минтақавий тадбири ўтказилишини эълон қилиб, барча хорижий ташкилотларни ҳамда етакчи АйТи компанияларни ушбу тадбирда иштирок этиш ва Ўзбекистоннинг АйТи салоҳиятидан баҳраманд бўлишга чорлади.

Маълумот учун: “MWC Barcelona-2025” тадбири доирасидаги сессияларида АКТ соҳасидаги сўнги технологиялар намойиш этилиб, янги мобил алоқа технологияларини ишлаб чиқиш, мобил алоқанинг келгусидаги стратегияси, янги GSMмобил алоқа стандартини шакллантириш, 5G/LTE тармоқларини жойлаштириш ва қуриш, интернет, алоқа ва маълумотлар хавфсизлиги, сунъий интеллект, ақлли шаҳарлар, мобил тижорат, мобил иловаларни ишлаб чиқиш, очиқ мобил алоқа тизимларини жорий этиш, мобил алоқа хизматлари ва бошқалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Форум доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг бир қатор хорижий АйТи-компаниялар билан учрашувлар ўтказиши ва конференцияларда иштирок этиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг