“MWC Barcelona-2025” доирасида “Digital Economy Development Forum” тадбири бўлиб ўтди
Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтаётган “МWC Barcelona-2025” Жаҳон мобил конгресси доирасида Huawei компанияси томонидан “Digital Economy Development Forum” мавзусига бағишланган махсус тадбир ташкил этилди. Ушбу форум рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларининг (АКТ) барқарор ривожланишдаги ўрни ҳамда глобал миқёсдаги илғор тажрибалар алмашинуви масалаларига бағишланди.
Тадбирни Huawei компаниясининг Ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини бошқариш кенгаши раиси Д. Ванг очиб берди.
Мазкур форумда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, “Рақамли технологиялар ва истеъдодлар рақамли иқтисодиёт учун барқарорликни яратади” мавзусида нутқ сўзлади ва иштирокчиларни Ўзбекистонга таклиф этди.
Ўз чиқишида вазир Ўзбекистонда рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, АйТи соҳасидаги йирик лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, рақамли инфратузилмани кенгайтириш ва телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, АйТи-таълим ва инсон капиталини ривожлантириш орқали ёш мутахассислар тайёрлаш, Стартап экотизимини ривожлантириш ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, чет эл компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
“Digital Economy Development Forum” Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётга асосланган экотизимни янада ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter