Латвия собиқ президенти билан АйТи соҳасига яратилаётган имкониятлардан кенгроқ фойдаланиб, ёшларимизга юқори даромадли ишларни кўпайтириш имкониятлари муҳокама этилди
Латвиянинг собиқ президенти Раймондс Веёнис бошчилигидаги делегация вакиллари Рақамли технологиялар вазирлигида ташриф буюрди.
Дастлаб делегация Ягона интегратор – UZINFOCOM томонидан амалга оширилиётган ишлар ҳамда лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Шундан сўнг Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Латвиянинг собиқ президенти Раймондс Веёнис ҳамда Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рейнис Трокша билан учрашув ўтказилди.
Учрашувнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги рақамли технологиялар, АйТи сектори ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Вазир Шерзод Шерматов ўз нутқида Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасида эришган ютуқлари, АйТи компанияларга яратилган қулай имкониятлар ва ҳукумат томонидан бу соҳани ривожлантириш учун қабул қилинган қарорлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, АйТи компанияларга берилаётган солиқ имтиёзлари, бизнес учун қулай муҳит яратиш ва хорижий компанияларни жалб этиш мақсадида қабул қилинган президент қарорлари ҳақида маълумот берди.
Вазир Ўзбекистоннинг АйТи сектори нафақат ички бозор учун, балки халқаро майдонда ҳам рақобатбардош бўлишига алоҳида урғу берди. Шунингдек, мамлакатда сунъий интеллект технологиялари ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича фаолиятлар олиб борилаётгани таъкидланди. Бу йўналишда Латвия билан яқин ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун катта аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
Учрашув давомида Шерзод Шерматов сунъий интеллект (СИ) ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. У СИ стратегияси Ўзбекистонда одамлар манфаатларига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Сунъий интеллектнинг инсонлар учун қандай фойдали бўлиши ва айниқса тиббиёт соҳасида касалликларни даволашда қўлланилиши мумкинлиги ҳақида фикр юритилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси билан ҳамкорликда 5 миллиард долларлик “Яшил” маълумотлар маркази барпо этаётгани ва бу марказ сунъий интеллект компаниялари учун қулай энергия манбаи бўлиши айтиб ўтилди.
Латвиянинг собиқ президенти Раймондс Веёнис учрашув давомида Латвия АйТи компаниялари Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётгани таъкидлади. Шунингдек, икки давлатнинг АйТи сектори орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу орқали ёшларни юқори маошли ишлар билан таъминлаш имкониятларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Раймондс Веёнис Латвиянинг етакчи компаниялари Ўзбекистон билан сунъий интеллект ва овозли технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter