IT Park Uzbekistan, Cintana Education va Arizona State University ўртасидаги ҳамкорлик: мамлакатнинг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш сари қадам
IT Park Uzbekistan бош директори Фарҳод Ибрагимов раҳбарлигидаги вакиллари Америка делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегация таркибида “Cintana Education” асосчиси Duglas Bekker ҳамда “Watts College of Public Service and Community Solutions” қошидаги “Public Affairs School” профессори ва “ Cintana Education” президенти Рик Шонгроу бор эди. Учрашувда Тошкентдаги “American University of Technology” (AUT) ҳаммуассиси ва кенгаш аъзоси Тимур Раҳмонов ҳам иштирок этди.
“American University of Technology” — Ўзбекистондаги иккинчи Америка олий таълим муассасаси бўлиб, у “ Arizona State University” ва “Cintana Education” билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бу ҳамкорлик ўтган йил сентябр ойида Нью-Йоркда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Duglas Bekker ўртасида эришилган келишувлар натижасида юзага келган. Университет аллақачон ўз фаолиятини бошлаган ва 2024/2025 ўқув йили учун талабаларни қабул қилмоқда.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг технологик муҳити ва мамлакатда АйТи-бизнесни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашувнинг асосий жиҳатларидан бири АҚШ хусусий сектори вакиллари билан ҳамкорликни муҳокама қилиш бўлди. “AUT” Ўзбекистондаги қўшма лойиҳалар учун Американинг етакчи компанияларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу маҳаллий стартаплар ва аутсорсинг АйТи-хизматлари экотизимини ривожлантиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, томонлар “AUT” ва IT Park Uzbekistan ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўналишларини муҳокама қилдилар. Таълим ташаббусларига, жумладан, қўшма акселерация дастурлари ва технологик лабораторияларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
“IT Park University” (ITPU) билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда. Томонлар илмий база ва амалий тажрибани бирлаштирган ҳолда ахборот технологиялари бозори учун илғор ечимларни яратишда ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Duglas Bekker ITPU билан ҳамкорликда иш берувчи томонидан қўшимча тайёргарликсиз ишчи лойиҳаларга дарҳол жалб этишга тайёр бўлган мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган таълим ёндашувини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказишга келишиб олдилар. Унда ҳамкорликнинг кейинги қадамлари белгилаб олинади.
“Cintana Education” ва “Arizona State University” билан потенциал ҳамкорлик Ўзбекистоннинг глобал бозордаги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Ушбу ҳамкорлик ўзбекистонлик мутахассисларга етакчи америкалик экспертлардан билим ва тажриба олиш имконини беради. Бу эса уларнинг халқаро миқёсда талабгорлигини ва рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter