Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Huawei ICT Competition 2024-2025” минтақавий финалида ўзбекистонлик талабалар тақдирланди

“Huawei ICT Competition 2024-2025” минтақавий финалида ўзбекистонлик талабалар тақдирланди

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида “Huawei ICT Competition 2024-2025” АКТ бўйича минтақавий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тақдирлаш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов қатнашди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 6 нафар талабаси “Huawei ICT Academy”нинг 10 йиллигини нишонлашга бағишланган финал босқичи ва тадбирларида иштирок этишди.

“Huawei ICT Competition 2024-2025” АКТ танловининг финал босқичида ТАТУнинг 3 нафар талабаси томонидан тақдим этилган “Саҳия” лойиҳаси 1-ўринни эгаллади ва ҳакамлар ҳайъати томонидан рақамли инклюзиядаги инновациялар учун тақдирланди.

Лойиҳа эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар учун имо-ишора тилини рақамлаштириш ва имо-ишора тилини бошқа тилларга онлайн таржима қилиш учун ишлаб чиқилган иловадир. Ечим сунъий интеллект модели ва булутли ечимлар асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, танловнинг амалиёт беллашувида иштирок этган ТАТУ ва Инҳа университети талабаларидан иборат жамоа 3-ўринни эгаллаб, мукофотланди. Маросимда ТАТУ ўқитувчиси Азамат Қодиров “Outstanding new instructor” номинациясида “Huawei ICT Academy”нинг 50 дан ортиқ талабаларини ўқитгани, HCIA халқаро сертификатини олганлиги ва Академиянинг университетдаги АКТ фаолиятининг ажойиб натижалари учун мукофотланди.

Маълумот учун: Huawei компанияси ва ЮНEСКОнинг таълим соҳасидаги ахборот технологиялари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу танловда Ўзбекистондан 520 нафар талаба рўйхатдан ўтган эди. Унда ғолиб бўлган талабалар финал йўлланмасини қўлга киритиб, тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Ар-Риёд шаҳрига йўлланма олган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг