Ачаря университети директори билан АйТи таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг кейинги истиқболлари муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Ачаря университети директори Винеш Чандрашекар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда Ўзбекистонда рақамли таълим тизимини ривожлантириш борасида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири ИБМ сертификация тизимини Ўзбекистон бўйлаб, жумладан, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида жорий этиш бўлди. Винеш Чандрашекар, Ўзбекистонда ИБМ тренинг ва сертификация дастурларини тақдим этиш учун зарур бўлган ҳамкорликни ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Вазир, ўз навбатида, ушбу ташаббус муҳимлиги, IBM сертификациясининг Ўзбекистон талабалари учун катта аҳамиятга эга бўлишини ва бу ташаббус мамлакатнинг рақамли иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшишини қайд этди.
Бундан ташқари, учрашувда Ачаря Университетининг Бухородаги Қоракўл туманида янги кампус қуриш жароёнларининг бориши масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, Винеш Чандрашекар Ачаря Университетининг ўқув дастурларига янги рақамли ва технологик йўналишлар қўшишни таклиф этди. Хусусан, бизнес таҳлилини ўргатадиган “Business Analytics” курсини Ўзбекистондаги нафақат АйТи университетлари, балки бошқа соҳа талабаларига ҳам тақдим этиш мумкинлиги ҳақида гапирилди. “Business Analytics” соҳасига ҳозирги кунда глобал миқёсда катта талаб мавжуд ва IBMнинг ўзига хос дастурлари орқали бу соҳада малакали мутахассисларни тайёрлаш мумкинлиги таъкидланди.
Вазир бу каби курсларнинг Ўзбекистондаги талабалар учун катта имкониятлар яратишини ва мамлакатни рақамли иқтисодиёт соҳасида янги босқичга олиб чиқишини билдирди.
Учрашувда икки томон рақамли таълим ва АйТи соҳасида янада кучайтирилган ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдиришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter