Юртимиз ривожланишида рақамли иқтисодиётнинг ўрни

Глобаллашув жараёнида мамлакатлар рақобатбардошлигини белгилашда иқтисодиётда рақамли иқтисодиётнинг ўрни бекиёсдир. Иқтисодиётнинг қайси бир тармоқ ёки соҳасига назар ташламайлик, барчасида рақамли технологияларнинг ўрнини кўрамиз. Мамлакат банк тизимидаги хизматлардан тортиб, давлат хизматлари даражасида ҳам инновацион рақамли технологияларнинг улушини кўришимиз мумкин. Рақамли иқтисодиёт икки хил турли тушунчаларни ифодалаш учун ишлатилади. Биринчидан, рақамли иқтисодиёт – бу ривожланишнинг замонавий босқичи бўлиб, у ижодий меҳнат ва ахборот неъматларининг устувор ўрни билан тавсифланади. Иккинчидан эса, рақамли иқтисодиёт – бу ўзига хос тушунча бўлиб, унинг ўрганиш объекти ахборотлашган жамият ҳисобланади.
Янгиланаётган Ўзбекистон бугун ўз олдига шунчаки ривожланишни эмас, балки жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида энг кучли давлатлар қаторидан ўрин олишни мақсад қилиб қўйган. Рақамли иқтисодиётда рақамли кўринишдаги маълумотлар барча ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ишлаб чиқаришнинг асосий элементи ҳисобланади ва бундай иқтисодиёт тизимига босқичма-босқич ўтиш мамлакатимизнинг глобал миқёсдаги рақобатбардошлилигини фуқароларнинг ҳаёт сифатини янада оширади, янги иш жойларини яратади, жадал иқтисодий ўсишга имкон яратади ва миллий мустақилликни таъминлайди. Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4699-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги айрим ташкилотларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 409-сон қарори билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида «Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази» давлат муассасаси ташкил этилди. Марказнинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
ҳар томонлама таҳлилий ва амалий тадқиқотлар асосида рақамлаштириш жараёнларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини баҳолаш ҳамда келгусида мамлакат иқтисодиётининг рақамли трансформациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятида рақамли иқтисодиётни кенг жорий этишда юзага келадиган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечимлари бўйича ҳар томонлама асосланган таклифлар тайёрлаш;
экспертлар ҳамжамияти билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳаларидаги янги йўналиш ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланганлик даражаси бўйича етакчи мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни давлат органлари, ташкилотлар ва иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
«ақлли» ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек иқтисодиётнинг турли соҳаларида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишнинг концептуал ва услубий асосларини шакллантириш;
рақамли технологияларни жорий этишнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-техник ва тадқиқот фаолиятини амалга оширишга асосланган электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини ишлаб чиқиш.
Умуман олганда, Рақамли иқтисодиёт – рақамли технологияларга асосланган электрон бизнес ва электрон тижорат билан чамбарчас боғлиқ иқтисодий фаолият ҳамда шу фаолият натижасида ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган рақамли товарлар, хизматлар йиғиндисидир.
Баъзилар рақамли иқтисодиёт нега керак ва у нима беради, деб ўйлаши мумкин. Рақамли иқтисодиёт деганда, фақатгина Блокчейн (Blockchain) технологиясини ва улардан халқаро молия бозорларида фойдаланиш масалаларини ёки криптовалюталарни тушуниш керак эмас. Албатта, Блокчейн технологияси, криптовалюталар ҳам рақамли иқтисодиётнинг бир бўлаги. Лекин рақамли иқтисодиёт (Digital Economy) деганда, рақамли коммуникациялар, IT ёрдамида олиб бориладиган иқтисодиёт тушунилади. Бунда яширин иқтисодиётга барҳам бериш воситаси сифатида ҳам қараш мумкин. Чунки биринчидан, барча операциялар электрон рўйхатдан ўтилишига, иккинчидан. шаффоф бўлишига эришилади. Қолаверса, ишлаб чиқаришда янги IT технологиялар қўлланилиши туфайли маҳсулот ва хизматларнинг таннархи пасаяди.
Мамлакатимизда мавжуд вазирлик ва идораларда раҳбарнинг айнан рақамлаштириш йўналишидаги ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинганлиги ҳам рақамли иқтисодиёт ривожланишининг бир омилидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2023 йилга бориб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 ҳамда ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш назарда тутилган.
Рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳа ривожланишига хизмат қилиши қаторида одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкинлигини барча соҳа вакиллари яхши тушуниб етмоқда. Рақамли иқтисодиёт қуйидаги имкониятларни яратади:
меҳнат унумдорлигини оширади;
корхоналар рақобатбардошлилигини оширади;
ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради;
янги соҳаларда янги иш жойлари яратилади;
Янги бизнес турлари пайдо бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПК-6079-сонли қарори доирасида 2020-2022 йилларда ҳудудларни рақамлаштириш дастурлари тасдиқланди. «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг барқарорлигини таъминлаш, жаҳон тажрибасига таянган ҳолда миллий иқтисодиётни жадал суръатларда рақамлаштириш учун қуйидаги ишларни бажариш лозимлиги кўрсатиб ўтилган:
рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантириш;
миллий иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларини модернизациялашда имкон қадар энг сўнгги рақамли технологияларни жорий этиш;
энг сўнгги рақамли технологияларга асосланган коммуникацион воситалар, машина ва ускуналарни сотиб олиш, ўрнатиш ва маҳаллий кадрларнинг уларда ишлаш малакаларини ошириш;
мактабгача таълим тизимидан бошлаб, то олий таълимдан кейинги таълим тизимигача рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган кадрлар сиёсатини ишлаб чиқиш ва юритиш.
Рақамли иқтисодиётнинг ривожланишига оид миллий кўрсаткичлар тизими таркибига истиқболда кўшимча қуйидаги халқаро институт ва ташкилотларнинг индексларини киритиш ҳам унинг янада нуфузли бўлишини таъминлайди, ҳам қамров чегарасини кенгайтиришга хизмат қилади:
телекоммуникация инфратузилмаси индекси (Telecommunication Infrastructure Index – TII);
интернет тармоқ тайёрлиги индекси (Networked Readiness Index (NRI) – The World Economic Forum);
билимлар иқтисодиёти индекси (Knowledge Economy Index, KEI – European Bank for Reconstruction and Development, EBRD);
глобал ўзаро алоқа тармоқ индекси. Huawei ёки глобал уланиш индекси (Global Connectivity Index – GCI);
иқтисодиётни рақамлаштириш индекси (Boston Consulting Group (eIntensity));
рақамли эволюция индекси (Digital Evolution Index – DEI -Mastercard ва
Тафтса университетининг Флетчер номидаги ҳуқуқ ва дипломатия мактаби);
рақамлаштириш имкониятлари индекси (Digital opportunity index, DOI),
халқаро Телекоммуникация Иттифоқи (ITU) ва бошқа индикаторлар.
Ушбу халқро институтлар ва ташкилотларнинг индекслари «Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази» давлат муассасаси мутахассислари томонидан ўрганилмоқда ҳамда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш юзасидан асосланган таклифлар тайёрланмоқда.
Владимир Владимирович Кравченко, «Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази» давлат муассасаси директори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter