«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Алоқачилар боғи» ташкил этилди (ВИДЕО)
Халқимизда «Кўчат эк, боғ ярат» деган нақл бор. Чунки экилган кўчатлар униб-ўсиб чиройли манзара ҳосил қилса ҳам кишининг дилини яйратиб, кўзларни қувонтиради, ҳам ҳавонинг софлигини таъминлайди.
Жорий йил 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиши, мазкур лойиҳа Президентимизнинг алоҳида назоратида эканлигидан далолат беради.
Жумладан, 2021 йилда АКТ вазирлиги томонидан кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»га кўра «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК ўзига тегишли ер майдонларида жами 5055 дона кўчат экилган бўлиб, мазкур экилган кўчатлари ва буталарининг нобуд бўлишини олдини олиш мақсадида ҳар бир экилган кўчатларни парваришлаш бўйича жавобгар шахслар тайинланди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини бардавом этган ҳолда Вазирлик ташаббуси билан Вазирлик тизимидаги «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонасига қарашли Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 3-сонли Радиостанция ҳудудида 3 гектарли ер майдони ажратилиб, «Алоқачилар боғи» ташкил этилди.
Жорий йилнинг 24 декабр санасида АКТ вазирлиги ва «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК раҳбар ва ходимлари умуммиллий лойиҳага ўзларининг ҳиссаларини қўшиб, ташкил этилаётган «Алоқачилар боғи»да экилиши режалаштирилган 400 туп олма, 400 туп гилос, 400 туп бодом ва 400 туп ёнғоқ дарахтларнинг илк туплари ерга қадалди. Бу каби жараёнларда АКТ вазирлиги ва «РРТМ» ДУК ходимларининг биргаликда фаол иштирок этилишлари қувонарлидир.
Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад - мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Алоқачилар боғи» яратиб, яшил ҳудудга айлантиришга яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдириш ҳамда қишлоқ ва шаҳарларимизни, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар жойлари атрофини бунданда кўркам кўринишга келтиришдан иборатдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter