Хакернинг ички оламида исён қайнайди
Охирги пайтлар интернетда киберҳужумлар, хакерларнинг хурмача қилиқларига кўп бор гувоҳ бўляпмиз. Хакерлар ҳужумидан давлатлар, ташкилотлар, банклар ва инсонлар катта зарар кўрмоқда.
Бундай қора гуруҳлар тарихи 1969 йилга бориб тақалади. АҚШдаги Массачусетс технология институтида биринчи компьютер хакерлари пайдо бўлган. Улар дастурларни кўчириб олиб, компьютерни тез ишлатишга уриниб кўришган.
Тарихдаги энг хавфли хакер калифорниялик Кевин Дэвид Митник ҳисобланади. Унинг учига чиққан хакерлик фаолияти 1980-90-йилларга тўғри келади ва асосан телефон алоқасини бузиш ҳамда ўғирлаш билан шуғулланган. Лекин у кейинчалик хакерликни ташлаб, компьютер хавфсизлиги бўйича мутахассисга айланган.
Шунингдек, рус миллатига мансуб хакер Алексей Алексеевич Белан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан энг кўп қидирувда бўлган хакер ҳисобланади. У компьютер тармоқларига ноқонуний йўллар билан кирган. Америкадаги учта компанияга катта талафотлар етказган.
Албатта, хакерларни тайёрлайдиган олийгоҳ ёхуд ўқув марказлари бор. Улар UNIX-тизими, HTML тили, бир қанча дастурлаш тиллари, сайт яратиш, криптографияни ўрганиб олгач, ўзларига шу номни берадилар.
Хакерлар ўзаро ихтисослашувни ташкил қилиб олади. Масалан, бир гуруҳ хакерлар фақат паролларни ўғирлаш билан шуғулланади. Улар бу учун махсус луғат, рамз ва рақамлардан фойдаланадилар. Дастурлар ичига кириш ва улардан ўғринча фойдаланишга алоҳида хакерлар масъул. Электрон почталарга яширинча кирувчи хакерлар ўзларини "почтальон" деб номлаб олганлар.
Сайтларни бузиш - кибержиноятчиларнинг энг кўп қўл урадиган ишлари. Компьютерларга вирус тушириш орқали душманлик қилиш ҳам кўп кузатилади ва уларни ўзаро "вирусолог" деб аташади. "Жосус"лари эса конфиденциалликни бузиб, тегишли шахсларнинг маълумотларидан воқиф бўлиб боради.
Ахборот асри таърифини олган XXI асрда хакерларнинг куни туғди. Йил сайин кибержиноятлар сони ошиб ва зарар ҳам йириклашиб бормоқда. 2018 йилда зарар миқдори 1,5 триллион долларни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда уч баробарга ошди. Тадқиқотчиларнинг гумон қилишларича, 2025 йилга бориб хакерлардан йилига 10,5 триллион доллардан ортиқ моддий зарар қабул қилинади.
Тан олиш керакки, хакерлар - ақлли одамлар. Фақат улар ўз ақл-заковатларини қора мақсадларга сарфлайдилар. Чунки онг остида ёвузликка ундовчи қора нуқталар кўп. Бутун дунёга исён ўлароқ курашнинг шу усулини танлайди. Душманлик хатти-ҳаракати бир давлат, ташкилот ёки сайтга қаратилганига қарамай, уларни кенг оламдан, ундаги барча одамлару бари мавжудотлардан аразлаган одам, дейиш мумкин.
Ҳеч ким бир кунда хакер бўлиб қолмайди. Йиллар давомидаги зўриқиш, мақсадларига эришишдаги қийинчиликлар, бир хилликда ўтаётган мазмунсиз кунлар, аламзадалик, ҳаётида эътироф этувчилар ва рағбатлантирувчиларнинг йўқлиги шу йўлни танлашга мажбур қилади.
Ўхшаш нарсалар тортилади, деганидек, унинг қалбидаги алам, нафрат, ғазабдан ҳосил бўлган қоралик нопок бизнесга бошлайди. У ғараз мақсадларини амалга ошириб, кўнглида вақтинча ва алдамчи хотиржамлик уйғонади, хакер эса бундан маст бўлади.
Ўз ҳаётидан кўнгли тўлмаган, шахсий ҳаётида муаммолар қуршовида қолган одам ўзига тегишли ҳудудни тарк этишни, ўзганинг майдонига киришни хоҳлайди. Ўзининг ички оламидаги унсурларни яширишга уринган одам бошқаларнинг ҳаётига яширинча киришга мойилдир.
Болалигидан ўзини намоён этиш истагини юзага чиқаза олмаган, олқиш ва мақтовлар эшитиб ўрганмаган, ўсмир ёшда эса бир нарсани уддалашга чиранган, аммо йўлидан тўсиқлар чиққан одам хакерлар каби қабиҳ йўллар орқали ўзини кўрсатишга интилади. Улар дунёга эмас, ўзини ўзига кўрсатиб қўймоқчи, қўлидан иш келишини исботламоқчи. Ўзини кашф этишга нисбатан эҳтиёжнинг вақтида ва ўрнида қондирилмаслиги ҳар қандай ақлли одамдан хакер ясаб қўйиши ҳеч гап эмас.
Буни ҳисобга олган ҳолда жамиятда хакерларни жазолашга эмас, балки уларнинг билимидан аввалбошданоқ унумли фойдаланишга урғу бериш манфаатлидир.
Инсоннинг ички олами бунёдкор ва вайронкор энергиялардан таркиб топган бўлиб, қай бирининг миқдори зиёд бўлса, шунга монанд фикрлар туғдириб беради. Фикрлар эса ҳаракатга ундайди. Фойдали меҳнат рағбат ва ривожга рўбаро келмаса, ижобийлик ҳақида нотўғри тасаввур шаклланиб, салбий йўл ижобийдек кўринади. Хакерлар мудом ақлни фирибга йўналтиришининг оддий сабаби шунда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter