Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Unicon.uz” фаолиятига назар: қоғоз ишларидан замонавий рақамли технологияларгача (видео)

Ўзбекистон ахборот технологиялари тизимида “UNICON.UZ” МЧЖнинг мустаҳкам ўрни бор. Корхонанинг узоқ йиллик фаолияти давомида вазифаларга жиддий ёндашув, илмий-тадқиқот ишларини пухта тайёрлаш сингари ўз иш тамойиллари шаклланган.

Кадрлар малакасини ошириб бориш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ундан оқилона фойдаланиш, ҳамкорлар билан тизимли ишлаш ҳамда маърифий-маданий ишларни бир маромда юритиш анъанага айланган. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган видеолавҳада корхона мутахассислари ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнлар, вазифа ва мақсадлари ҳақида ҳикоя қилишади.

Ўзбекистон ахборот технологиялари тизимида олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишларига масъул ташкилот – “UNICON.UZ” даставвал 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси алоқа вазирлигининг буйруғи асосида Фан-техника маркетинг тадқиқотлари маркази сифатида ташкил этилган.

Марказ очилганидан буён халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштирилган тармоқнинг норматив-ҳуқуқий ва қонун ҳужжатлари базасини яратиш бўйича ишлар, янги телекоммуникасия технологияларини ривожлантириш ва жорий қилишнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

1997 йилда Марказ соҳанинг стандартлаштириш бўйича таянч ташкилоти ва асос метрология хизмати сифатида Ўзстандарт агентлигида рўйхатга олинган.

2002 йилда “UNICON.UZ”да электромагнит мослашувини таҳлил қилиш хизмати ташкил этилди.

2005 йилда “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш мақсадида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш маркази ташкил қилинди.

2006 йилда маълумотларни шифрлаш алгоритми бўйича биринчи давлат стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Шунингдек, миллий криптопровайдер ишлаб чиқилди.

2021 йилда мустақиллик байрами арафасида “UNICON.UZ” янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳозирги вақтда “UNICON.UZ” МЧЖда 284 нафар ходим меҳнат қилади. Улар орасида юқори малакали ходимлар, шу жумладан, бир нафар академик, бир нафар фан доктори, ўн нафар фан номзоди, шунингдек, 28 нафар мустақил тадқиқотчилар фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, “UNICON.UZ” 2022 йилда ўзининг 30 йиллигини кенг нишонлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг