Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украин ҳакерлари Россия солиқ тизимини ишдан чиқаргани ростми?

Украин ҳакерлари Россия солиқ тизимини ишдан чиқаргани ростми?

Фото: Топор Live

Украина разведка бош бошқармасининг ҳакерлари Россия солиқ тизимини ишдан чиқаргани ҳақида қатор украин сайтлари, жумладан, Korrespondent.net хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, гап бу ерда Россия Федерациясининг асосий давлат органларидан бирига қарашли инфратузилманинг ва узоқ даврни ўз ичига олган кўп сонли солиқ маълумотларининг тўлиқ йўқ қилиниши ҳақида боряпти.

Киберҳужум орқали Россия солиқ тизимининг барча серверларига зарарли дастурий таъминот жойлаштирилган. Йиллар давомида РФ сертармоқ солиқ тизимининг ишлашини таъминлаб келган конфигурация файллари — жами маълумотлар базаси ва унинг захира нусхалари (backup) тўлиқ йўқ қилинган. Бутун Россия кўламидаги солиқ маълумотларининг интернет-трафиги Украина ҳарбий разведкасининг қўлига ўтган. Солиқ тизимини ишга тушириш учун россияликлар тўрт кундан бери уринишмоқда. Россия солиқ тизимидаги фалажлик камида бир ойгача чўзилади.

Юқоридагилар украин матбуоти тарқатган хабар. Энди русларга қулоқ тутамиз.

Россия солиқ тизими бузилгани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди, бу ҳақда Россия Федерал солиқ хизмати (ФСХ) Kommersant.ru сайтига маълум қилди.

ФСХ таъкидлашича, унга қарашли барча сервислар, расмий сайт, бошқа идоралар ва солиқ тўловчилар билан боғловчи каналлар штат режимида (одатдаги тартибда ) ишламоқда.

ФСХ фаолиятида узилишлар йўқлиги, фойдаланувчилардан ҳам шикоят келиб тушмагани таъкидланмоқда. “Солиқ тўловчиларнинг барча маълумотлари, шунингдек, Россия ФСХ инфратузилмаси ҳамон хавфсизликда ва ишончли ҳимояланган”, — дейишди солиқ хизмати вакиллари.

Ўз навбатида, Россия давлат думаси ахборот сиёсати қўмитаси раисининг ўринбосари Антон Горелкиннинг фикрича, Украина разведкасининг  баёноти “Киевстар” муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кеча “Киевстар” (24,4 млн мобил абонент, 1 млн.дан зиёд кенг полосали интернет фойдаланувчиларига эга) мобил оператори раҳбари Александр Комаров ҳакерлик ҳужуми оқибатида компаниянинг IТ-инфратузилмасига қисман зиён етганини маълум қилган ва бу ҳужум учун Россияни айблаганди.

“Афтидан, “Киевстар”даги ўз муаммоларини украин агентлари Россия Федерал солиқ хизматига ҳакерлик ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги фейк тарқатиш билан хаспўшлашга қарор қилишган”, — деб ёзди Горелкин ўз телеграм-каналида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг