Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“The Education World Forum 2024“ доирасида имзоланган ҳамкорлик меморандумлари

“The Education World Forum 2024“ доирасида имзоланган ҳамкорлик меморандумлари

Айни кунларда Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган "Жаҳон таълим форуми – 2024"да Ўзбекистон делегацияси сафида Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Делегация вакиллари Форум дастуридан ўрин олган тадбирларда фаол иштирок этиб, таълимнинг долзарб масалаларига бағишланган муҳокамаларда қатнашди.

Форум доирасида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов сунъий интеллектнинг ривожланиши истиқболлари ва унинг таълимга таъсири мавзусида нутқ сўзлади. 

Шу билан бирга, делегация томонидан турли давлатларнинг таълим компаниялари ва ташкилотлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Жумладан, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов "Cambridge University Press and Assessment" ташкилотининг Европа, Марказий Осиё ва Покистон таълим бўйича ҳамкорлик раҳбари Стив Кинг билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ва Cамбридге вакиллари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, "Cambridge University Press and Assessment" томонидан грант маблағи ажратилиши бўйича дастлабки келишувга ҳам эришилди. 

Қолаверса, “Computing Technology Industry Association” (CompTIA) – вице президентлари Эми Кардел ва Жейсон Мосс билан музокаралар бўлиб ўтди. 

Қувонарлиси шундаки, CompTIA ўзининг турли хил таълим ресурслари орқали Ўзбекистонлик IТ мутахассислари учун турли даражадаги курслар, семинар ва тренинглар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди.

Учрашув якунида эса CompTIA, IТ таълим уюшмаси ва Тошкентдаги AMITY университетлари ўртасида уч томонлама ҳамкорлик дастури имзоланди.

Рақамли таълимни ривожлантириш маркази, IТ таълим уюшмаси ва Тошкентдаги AMITY университетлари CompTIAнинг расмий "Platinum" ҳамкори мақомини олдилар.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Wолверҳамптон университети вице-президенти Эбрахим Аида билан ҳам IТ таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университети базасида Wolverhampton университетининг факультетини очиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Форумда Googleнинг таълим соҳасидаги сўнгги янгиликлари, шу жумладан, ўқитувчилар ва талабалар учун махсус ишлаб чиқилган воситалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Учрашув сўнгида эса таълим тизимининг ўзига хос эҳтиёжларини ва инновацион технологияларни жорий этиш имкониятларини аниқлаш учун Рақамли технологиялар вазирлиги ва Google for Education ўртасида рақамли саводхонликни ошириш ва ўқитишнинг инновацион усулларини қўллаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатимиз таълим тизимида сунъий интеллектни ривожлантириш ва ўқитиш бўйича қўшма стратегияни яратиш чораларини кўришга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг