“Technovation Girls Uzbekistan 2025” халқаро танловининг янги мавсум очилиш маросими бўлиб ўтди
Ўзбегим қизлари учун йирик STEM дастур — “Technovation Girls Uzbekistan” халқаро танловининг янги мавсуми бошланди.
Ушбу дастур Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ва “Yandex Uzbekistan” компанияси билан ҳамкорликда “Tech4Impact” томонидан ташкил этилди.
Жорий йилнинг 18 феврал куни дастурни ишга тушириш бўйича тадбирлар Республикамиз бўйлаб бирданига 6 та шаҳарда – Тошкент, Андижон, Наманган, Нукус, Урганч ва Фарғонада бўлиб ўтди.
Technovation Girls —қизлар учун халқаро технологик танлов бўлиб, ҳар йили дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатида ўтказилди.
Танловнинг мақсади — иштирокчи қизларга мослашувчан кўникмаларни бериш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун уларни IТ технологияларга, дастурлаш имкониятларига ва сунъий интеллектга ҳамда технологик соҳалардаги тадбиркорликка қизиқтиришдан иборат.
12 ҳафталик дастур маркетинг, дастурлаш, бизнескўникмалар ва тақдимот кўникмалари бўйича ўргатувчи модулларни ўз ичига олади.
Қизлар мобил ва веб-иловалар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганадилар ва БМТнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари билан боғлиқ мавзулар бўйича инновацион СИ дастурларни ишлаб чиқадилар.
Бунинг учун эса иштирокчилардан дастурлаш тажрибаси талаб қилинмайди.
Ҳар бир жамоа 3 ой мобайнида менторлар ёрдамида ижтимоий йўналтирилган мобил ёки веб-иловани яратиши, лойиҳанинг бизнес режасини ёзиши ва лойиҳа ҳақида видео тасвирга олиб, ўз лойиҳасини танлов финалида тақдим этиши керак бўлади.
Ўзбекистон жамоалари қуйидаги мавзуларда мобил иловаларни ишлаб чиқади:
- таълим сифатини яшилаш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш,
- ногиронлиги бор одамларга ёрдам бериш ва мактабларда буллингни пасайтириш,
- дарахт экиш ва ҳаво сифатини кузатиш,
- йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш,
- молиявий фирибгарликлар ҳолатларини камайтириш,
- аёлларнинг имкониятлари ҳамда ҳуқуқларини кенгайтириш ва бошқа мавзулар.
“Technovation Girls Uzbekistan” танловида қатнашиш учун 2025 йил 1 мартгача рўйхатдан ўтишингиз мумкин.
Танловда мамлакатнинг барча ҳудудларидан 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар таклиф этилади. Оффлайн-тренинглар ва семинарлар 6 та шаҳарда ўтказилади: Тошкент, Андижон, Наманган, Нукус, Урганч ва Фарғона. Онлайн-семинарларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги жамоалар қатнашиши мумкин. Дастурда қатнашиш мутлақо бепул.
“Technovation Girls Uzbekistan 2025” дастури 2025 йил май ойида лойиҳалар кўргазмаси ва барча жамоалар ва менторларни мукофотлаш билан якунланади.
Халқаро финалга чиққан жамоалар ўз лойиҳаларини Калифорнияда бутун дунёдан қатнашган 15 та энг яхши жамоалар қаторида тақдим этадилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter