Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўровномада Uztelecom ва Mobiuz хизматларидан кўпроқ одамларимиз рози, аксинча, хусусий операторлардан норози эканлиги аниқланди. Бунинг сабаблари нимада?

Сўровномада Uztelecom ва Mobiuz хизматларидан кўпроқ одамларимиз рози, аксинча, хусусий операторлардан норози эканлиги аниқланди. Бунинг сабаблари нимада?

Фото: Потребитель.Уз

Бугунги кунда Ўзбекистонда GSM стандартида мобил алоқа хизматларини кўрсатаётган компаниялардан тўрттаси хусусий, иккитаси эса давлат тасарруфида.

Потребитель.Уз нашри фойдаланувчиларнинг мобил операторлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатидан норозилик даражасини ўрганиш бўйича сўровнома ўтказди. Сўровномада жами 13 074 киши қатнашиб, 5 та GSM оператори фаолиятига баҳо берилди.

Сўровнома фойдаланувчиларнинг норозилик даражасини қуйидагича кўрсатди:

  • Humans — 58 фоиз;
  • Beeline — 55 фоиз;
  • Ucell — 40 фоиз;
  • Mobiuz — 29 фоиз;
  • Uztelecom— 17 фоиз.

Кўриниб турибдики, хусусий операторлардан норозилик даражаси анча юқори. Шунингдек, сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, айнан давлат компаниялари ҳисобланган Uztelecom ва Mobiuz томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати абонентларга кўпроқ манзур келмоқда.

Маълумки, бундан бир неча йиллар олдин кўпчилик онгида “фақат хусусий компанияларда хизматлар сифати яхши” деган фикр шаклланган эди. Ушбу натижа эса хусусий секторга нисбатан юқори ишонч стереотипига тўғри келмайди.

Бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин.

Давлат оператори ҳам хусусийлар билан бир хил шароитда, давлатдан субсидия олмасдан ишлайди, барча солиқларни вақтида тўлиқ тўлайди, ижтимоий масалаларда ҳомийлик ҳам кўрсатади.

Шу билан бирга, ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай хусусий компания фаолиятининг асосий мақсади даромад олиш ҳисобланади. Улар ушбу мақсадга эришиш учун харажатларни имкон қадар қисқартиришга, жумладан, фойда кўрилмайдиган, аҳоли тарқоқ яшайдиган ҳудудларда тармоққа инвестиция киритиш миқдорини камайтиришга, қўшимча таянч станциялари ўрнатмасликка, аккумулятор ва захира энергия манбалари билан жиҳозламасликка ҳаракат қилади. Натижада эса электр энергияси таъминоти вақтинчалик узилган вақтларда айрим жойларда уларнинг таянч станциялари яхши ишламайди ёки умуман алоқа йўқолиб қолади.

Давлат операторлари эса ўз фаолиятларида даромад олишдан кўра Давлат Раҳбари томонидан белгилаб берилган инсонларни рози қилиш тамойилига кўпроқ эътибор қаратади. Натижада ушбу компаниялар, гарчи фойда кўрмаслигини билса ҳам, аҳоли талабини инобатга олиб, узоқ, етиб бориш қийин ёки истиқомат қилувчи аҳоли сони кам бўлган ҳудудларда тармоқни ривожлантириш, таянч станцияларни аккумулятор ва захира энергия манбалари билан жиҳозлаш каби чораларга катта миқдорда сарф-харажатлар қилмоқда.

Шунинг учун ҳам баъзи узоқ ҳудудларда фақат давлат операторлари фаолият кўрсатмоқда, бошқа оператор ва провайдерлар у ҳудудларда даромад топиш имконияти чекланганлигини кўриб, боришга шошилмаяптилар. У ҳудудларга бориш учун давлат операторларида ҳеч қандай монопол ҳуқуқ ёки хусусий операторларга нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқ, фақат фойда камроқ бўлгани холос, уларнинг у ҳудудларга бориш ниятларини чеклаб турибди.

Тадбиркорлик субъектларига қўшимча жазо қўллаш, янги санкциялар киритишга умумий мораторий мавжудлиги сабабли “Ўзкомназорат” инспекцияси томонидан ҳозирча ушбу хусусий операторларга қўшимча санкциялар қўлланилмаяпти. Лекин жойларда электр узилишидан қатъи назар хизматлар сифатига эътибор ўзгармаса ва энг асосийси, инсон қадрига, фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмаса, бундай хусусий операторларга ҳам санкция қўллаш амалиётини қайта жорий этишга мажбур бўлиниши мумкин.

Шу билан биргаликда, фуқароларимиз мобил алоқа оператори ёки бошқа телекоммуникация хизматлари сифати бўйича эътирозлари бўлса “Ўзкомназорат”нинг 1144 қисқа телефон рақами орқали билдиришлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг