Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Рақобатчи компаниялардан кўп нарсаларни ўрганса бўлади(ВИДЕО)

IТ-мотивация кўрсатувида бугун бизнес жараёнлари аутсорсинги билан шуғулланувчи RevoTech компанияси бош операцион директори Жасурбек Рўзмат билан суҳбатлашамиз.

– Яқинда бўлиб ўтган IT-Park юбилейида компаниянгиз ҳам мукофотланди. Биз ҳам сизни муборакбод этамиз. Таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Ҳақиқатан ҳам, бизнинг компаниямиз ўтган йил мобайнида бизнес жараёнларининг хорижга экспорт ҳажми бўйича энг катта экспортёрлардан бири сифатида тақдирланди. Тўғриси, бу биз учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Чунки бу йўналишда фаолият олиб бораётган биз каби йирик компаниялар кўп эди.

– Айни дамда бизни томоша қилаётган кузатувчиларимизга RevoTech компаниянгиз ва унинг хизматлари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

– RevoTech – бизнес жараёнлари аутсорсинги билан шуғулланувчи, АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган компания. RevoTech ушбу соҳада 9 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, ҳар бир мижозга турли офис жараёнларида самарали аутсорсинг ечимларини тақдим этиб келмоқда. 400 га яқин ходимдан иборат жамоамиз турли соҳалардаги компанияларга, жумладан, транспорт ва логистика, чакана савдо, соғлиқни сақлаш, суғурта, телекоммуникация, ишлаб чиқариш ва бошқаларга аутсорсинг хизматларини таклиф қилади. Мижозларимизга овозли қўнғироқлар аутсорсинги, бизнес жараёнларнинг овозсиз аутсорсинги, маълумотларни киритиш ва ҳужжатларни қайта ишлаш бўйича турли хил хизматларни тақдим этишдан фахрланамиз. Бизнинг маҳоратли жамоамиз, юқори технологик имкониятлар ва инновацион амалиётлар мижозларнинг индивидуал талабларига мос алоҳида ёндашувни яратишимизга имкон яратади.

– Бошқарув айнан қайси мамлакатда амалга оширилади?

– Асосий ишлар АҚШда олиб борилганлиги билан, RevoTech асли ўзбек компанияси ва бош офисимиз ҳам шу ерда.

– Мижозларингиз орасида ўзбек компаниялари ҳам борми?

– Асосий фокусимиз экспортга қаратилганлиги учун мижозларимиз орасида ўзбек компаниялари йўқ.

– Ходимларнинг неча фоизи ўзбекистонликлар?

– Ходимларимизнинг деярли барчаси ўзбекистонликлар...

– Нью-Йоркдагилар ҳамми?

– Тўғри, у ерда турли мамлакатлардан ходимларимиз бор. Баъзида тажриба алмашиш мақсадида уларни ҳам бу ерга таклиф қилиб турамиз.

– Уларнинг ҳаммаси IТ мутахассисларими ёки бошқа соҳа вакиллари ҳам борми? Нега бу саволни бердим, боиси, сайтингизда мақолалар ҳам жойлаб борилар экан...

– Ҳа, мақолалар жойлаб турилади. Аммо бизда ижодкорлар йўқ. Мақолаларни доимий ходимларимизнинг ўзи таржима материаллар асосида тайёрлашади.

– Ана шу мақолалардан бири иш ҳақини аутсорсинг қилишнинг 6 та афзалликлари ҳақида экан. Шу ҳақида ҳам шахсий фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Иш ҳақини аутсорсинг қилишнинг афзалликлари жуда кўп. Чунки иш ҳақи ҳисоб-китоби тўғрисидаги қонунлар, иш ҳақидан ушлаб қолиш ставкалари, қоидалар ва бошқа омиллар тез-тез кескин ўзгариб туради. Бу ўзгаришлар компаниядаги жамоангизнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилишни бошқариш қобилиятига салбий таъсир қилади. Ушбу ўзгарувчан ташқи омилларга риоя қилиш эса кўп вақт талаб қилади. Иш ҳақини ҳисоблашни тажрибали ҳисоб-китоб қилиш бошқаруви хизматига топшириш эса мувофиқлик сиёсатини сақлаб қолган ҳолда, киритилган ўзгаришлар ҳақида хавотирланмай, муаммосиз ишлашга ундайди. Чунки мутахассислар иш ҳақини ҳисоблаш соҳасида юқори малакага эга ва бу соҳадаги энг сўнгги қонун-қоидалардан бохабардир. Шундай экан, ушбу мутахассислар иш ҳақини ҳисоблаш тизимига ҳар қандай янгиланиш ёки ўзгартиришлар керак бўлганда сизга маълум қилади.

– Ҳамёнбоп нархларда сифатли хизмат кўрсатувчи RevoTech компанияси қайси компанияларни ўзига рақобатчи деб билади?

– Ҳиндистон ва Филиппинда жойлашган аутсорс компанияларни рақобатчи, деб биламиз.

– Асл мутахассислигингиз нима? IТ бўйича қаерда таҳсил олгансиз?

– Асл мутахассислигим бизнес менежмент. Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқиганман. IТ бўйича эса бутун дунёга машҳур IТ маркази Силикон водийсида таҳсил олганман.

– IТ соҳасига кириб келаётган ёшларга тавсияларингиз…

– IТ соҳасига кириб келаётган ёшларга илм олишни маслаҳат бераман. Чунки малакали кадр бўлиб етишиш учун ўша соҳани мукаммал билиш керак!

Ҳар бир дақиқаси пул турадиган IТ мутахассиси билан бўлган қизғин суҳбатимизнинг тўлиқ шаклини YouTube каналимиз орқали томоша қилишингиз мумкин.

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг