Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Пулларни олишда кўмаклашаман” — ёмғирдан қочганлар қорга тутилишди

“Пулларни олишда кўмаклашаман” — ёмғирдан қочганлар қорга тутилишди

Фото: Киберхавфсизлик маркази

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи 41 ёшли С.Б. ички ишларга арз қилди. Айтишича, “Meta Trader” платформаси орқали пулларини қайтариб олишда ёрдам бераман деган шахс унинг 2 322 297  сўм пулини ўз картасига ўтказдириб олганидан сўнг алоқани узиб қўйган.

Тезкор-қидирув хизматининг киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни содир этган шахс аниқланди — Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи 19 ёшли С.Р....

Таъкидланишича, С.Р. осон пул топиш мақсадида интернетдаги  “Meta Trader” платформаси орқали пул ишлаб, пулларини ололмаган шахсларга “пулларни олишда кўмаклашаман” дея уларнинг ишончига кирган, жумладан, пулларини ололмаётган С.Б.га ҳам пулларини олишда кўмаклашишни ваъда қилиб, ўзининг банк картасига жами 2 322 297 сўм пулни ўтказдириб олган ва ёзишмаларни ўчириб юборган, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Р.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Афсуски, онлайн фирибгарликлар ва ўғриликлар кўпайиб боряпти, масала анча жиддий — жиноятни содир этаётганлар асосан ёшлар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг