МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди

“ICT WEEK UZBEKISTAN – 2024” ҳафталиги доирасидаги нуфузли тадбирлар қаторида 19 сентябр куни Космик тадқиқотлар ва техонолагиялар агентлиги “Ўзбеккосмос” ташаббуси билан МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг бешинчи йиғилиши ҳам ташкил этилди.
Унда Россия Федерациясининг “Роскосмос” Давлат корпорацияси вакиллари, Беларус ва Тожикистон Республикаларининг миллий фанлар академияси Аерокосмик фаолияти экспертлари, Қозоғистон Республикасининг Аерокосмик қўмитаси раҳбарияти ва Арманистон Республикасининг космик соҳадаги мутахассислари иштирок этишди.
Кун тартибига қўйилган асосий масалалар бу МДҲнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш стратегиясининг иккинчи босқичини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, космик маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этиш, улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро ҳамкорлик дастурларини бажариш, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун ерни масофадан туриб зондлаш бўйича ахборот алмашиш, шунингдек, бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқалардир.
Спикерлар МДҲ Давлатларининг космик йўналишдаги фаоллигини янада ошириш, биргаликда изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, “Рақамли ер” дастури асосида хизматларни ишлаб чиқиш, 2030 йилгача космик маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланиш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш, ерни масофадан туриб зондлаш борасидаги фаолиятни стандартлаштириш, МДҲга аъзо давлатлар ўртасида “Glonass” тизими сигналларидан фойдаланган ҳолда ер усти инфратузилмаларини интеграциялаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш каби кўплаб лойиҳалар бўйича тақдимотлари билан иштирок этишди.
Қўшимча қилиш керак, МДҲ Давлатлараро космик кенгаши фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича давлатлараро дастурларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
У ўз фаолияти доирасида соҳадаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, давлатлараро дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, эксперт-мутахассислар даражасида халқаро ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган ишларни амалга ошириш каби функция ва вазифаларни бажаради.
Бугунги кунда Кенгашга Россия Федерацияси, Беларус Республикаси, Арманистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси аъзодир.
Таъкидлаш лозим, ўтган йилги МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг тўртинчи йиғилишига Тожикистон Республикаси Раислик қилган эди. Учрашув 2023 йилнинг 21–22 сентябр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган. Бу йилги йиғилиш Раислиги эса томонлар розилиги билан расман Ўзбекистонга топширилди. Бу сафарги учрашувда ҳам космик соҳа вакиллари белгиланган вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги стратегик режалар хусусида муҳокама олиб боришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter