Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Машаққат ортидан албатта мукофот ҳам келади!» – Tesla’да ишлаётган илк ўзбек қизи ҳикояси

«Машаққат ортидан албатта мукофот ҳам келади!» – Tesla’да ишлаётган илк ўзбек қизи ҳикояси

Навбатдаги суҳбатдошимиз бугунги кунда ёшлар, айниқса, қизларнинг «role model»га айланган Муштарий Шарифова бўлди.

Суҳбатдошимиз Навоий вилоятида туғилган. Бакалавр босқчини Германиядаги нуфузли Universıty of applied sciences in Europe’да эгаллаган. American Publishing Company, Zalando, Adidas, SAP каби жаҳонга машҳур компанияларда амалиёт ўтаган.

Ҳозир у нуфузли Tesla компаниясида ишлаётган илк ўзбекистонлик ‘IT planning analyst’ ҳисобланади.

Муштарий Шарифова 2021 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Муваффақиятга осонликча эришмадим

Болалигимдан оғир-вазмин қиз бўлганман. Мактабда яхши ўқишга, айниқса, хорижий тилларни яхши ўрганишга ҳаракат қилганман. Ёдимда лицейда ўқиб юрган кезларим телеканалларда корейс сериаллари кўп эфирга бериларди. Ўша сериаллардаги муҳит, фильмлардаги аксарият қаҳрамонларнинг чет элларда ўқиб юргани, семестр олди қандай қилиб кутубхоналарда кечгача тайёрланганини кўриб, уларга ҳавасим келган.

Очиғи, мен ҳам чет элда ўқишни, ўша кинолардагидек қийналиб сессияга тайёрланишни хоҳлар эдим. Айниқса, Жанубий Кореяда ўқишни орзу қилганман. Бу орзуим катта бўлганимдан кейин янада қатъийлашиб борди.

Аммо муваффақиятга осонликча эришмадим. Лицейни битиргач, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кирмоқчи бўлдим, аммо талаба бўлиш насиб этмади. Аввалига бундан хафа бўлдим, кейинги йили пухта тайёргарлик қилиб Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш университетига ўқишга кирдим.

Таҳсил давомида Германияда ўқиётган дўстларим билан суҳбатлашиб турардим. Кунларнинг бирида улар Германиядаги олийгоҳларга топшириб, кўришимни маслаҳат беришди. Бу фикр менга маъқул келган. Ота-онам розиликларини олиб бир нечта университетларга ҳужжатларимни топширдим. Бир неча ойдан сўнг Берлиндаги Universıty of applied sciences in Europe’га қабул қилинганим ҳақида хабар келди. Шу ҳужжатни олиб, уйга борганимда раҳматли дадажоним мени қўллаб-қувватлаганлар.

Қизиқарли ва мазмунга бой йиллар сифатида хотирлайман

Германиядаги ўқиш тизими Ўзбекистондагидан тубдан фарқ қилади. Умуман олганда, Европа давлатларида ўқишга кириш осон, лекин имтиҳонлардан 3 марта йиқилган талаба ўқишдан четлатилади ва ортиқ ўша мамлакатдаги ҳеч бир университетда ўқий олмайди.

Мен талабалик йилларимни қизиқарли ва мазмунга бой йиллар сифатида хотирлайман. Ўқитувчилар дарсларни осон услубда содда тилда тушунтиришарди. Имкон борича соҳамдаги янгиликлардан хабардор бўлишга, керакли дастурларни ўрганишга ҳаракат қилдим.

Дарслар умуман олганда осон бўлишига қарамасдан, имтиҳонлардан ўтиш учун уларга жуда қаттиқ тайёрланардим. 5 йил ичида университетни битирдим.

Ўқишнинг 3-семестридан бошлаб бизда мажбурий амалиёт бошланади. 4-курсдан эса стаж дастурини амалга ошириш керак. Охирги 5 ва 6-семестрларда талаба ўз йўналишини белгилаб олиши керак. Мен долзарб соҳа деб молия йўналишини танладим. IT соҳасини ҳам қўлдан келганча ўрганишга ҳаракат қилдим ва бу менга келажакда жуда асқотди.

Ўқиш йилларим 2015-2019 йилларга тўғри келди. 2019 йилнинг сентябрида ўқишни тугатдим.

2017 йилнинг сентябридан 2018 йилнинг мартигача Adidas компаниясида амалиёт ўтадим. Компанияда амалиёт ўташ учун ҳужжатларимни топшириш жараёни жуда ҳам қизиқарли ва машаққатли бўлган. Чунки деярли бир йил давомида ҳаракат қилганман. Ич-ичимдан «Қанча бўлса ҳам ҳаракат қиламан, аммо барибир шу компанияда амалиёт қиламан» деган, мақсад бўлган. Ишлаш истаги шу қадар кучли эдики, ишга кирганимдан сўнг ҳисоблаганимда, умумий ҳисобда 247 та «application» тўлдириб, юборган эканман. Улардан бор-йўғи иккитаси муваффақиятли ўтган.

Ўқиш давомида яна бир машҳур Zalando компаниясида ишлаганман. SAP компаниясида эса 2-амалиётни ўтаб, битирув малакавий ишимни ёзиб тугатганман.

American Publishing Company компаниясида 2020 йил февралидан 2021 йил январигача ишладим.

Кундалик ҳаётда кўпроқ ишлатиш, суҳбатлашиш самаралироқ

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, тил ўрганиш борасида методлар ва қарашлар турлича. Аммо хорижий тилларни ўрганишда ўзимнинг тавсияларимни ўртоқлашишим мумкин. Ўйлашимча, ҳар куни 100-1000 та сўз ёдлашдан кўра, балки ўша сўзларни кундалик ҳаётда кўпроқ ишлатиш, суҳбатлашиш самаралироқ. Шундагина ўша ёдлаган сўзларингиз кўпроқ хотирада мухрланиб қолади. Бу услубни менга Навоийдаги устозим Элеонора опа ўргатган.

Айнан худди шундай методикани Германияга келиб, немис тилини ўрганиш учун қўлладим. Кўпроқ суҳбат қуришга, дўстларим билан немис тилида мулоқот қилишга ҳаракат қилдим. Ҳар сафар суҳбатлашганингизда янги сўзларни ўрганасиз ва хотирангизда қолади. Шу сабабли мен учун энг яхши усул – бу ўрганаётган тилда кўпроқ суҳбатда бўлиш ва албатта, чет тилидаги фильмларни кўпроқ томоша қилиш ва китоб ўқишдир.

Ҳозирда мен, рус, турк, инглиз ва немис тилларида эркин мулоқот қила оламан.

Умумий ҳисобда 4-4,5 ой давом этди

Tesla ходимига айланиш осон кечмади. Биринчи марта компанияга ҳужжатларимни топширганимда 2021 йилнинг февраль ойи эди. Ҳужжатларни скринингдан ўтиши, кейин суҳбатга чақириш, биринчи суҳбат ва кейин яна тўрт ҳафта давомида ҳафтасига икки маротаба компания менежерлари ва ҳамкасблар билан интервьюлар – умумий ҳисобда 4-4,5 ой давом этди. Аммо шу ўринда шуни қайд этишим лозим, бу компанияга ишга киришимда мени аввалги компаниялар – Zalando, SAP, Adidas’да тўплаган тажрибаларим 70 фоиз ўз ҳиссасини қўшди. Агар мен Tesla компаниясига қуруқ CV жўнатганимда ўта олмасдим.

Менинг соҳам асосан молия ва халқаро молия ишлари ва операциялар билан боғлиқ. Мисол учун, компаниянинг бир йиллик бюджет тақсимоти, харажатлари ва даромадларини ҳисоблаймиз ва бу бўйича таклифлар берамиз.

Кўпчиликка маълум LinkedIn платформаси мавжуд. Мен ҳам ўша ерда иш қидиришни бошлаганман ва Tesla рекрутерини эълонини кўриб, электрон манзилига хат ёзганман. Бир неча кундан сўнг, улар хатимга жавоб беришган ва Tesla компаниясининг расмий веб-сайти орқали ўз ҳужжатларимни юборишимни сўрашган. Сайт орқали мен CV, мотивация хати, аввалги ишлаган компанияларимдан 3 кишининг тавсияномасини топширганман. Шу ўринда ўзимни тажрибамдан келиб чиққан ҳолда битта маслаҳат: агар катта компанияларда ишламоқчи бўлсангиз, ўқишга кирган вақтданоқ, малака оширишни, амалиётни бошлаш керак. Ўқиш тугаши ёки ярмига келишини кутиш шарт эмас. Одам ўзига мен 3-5 йил ичида ўзимни қандай кўраман, деб, аниқ мақсад билан ҳаракат қилса, ишонаман, келажакда жуда кўп ёшлар Tesla, Amazon, Google каби йирик компанияларга ишга кира олади.

Машаққат ортидан албатта мукофот ҳам келади

Кечки вақт ишдан бўш вақтларим профессионал бўлмасам-да, бирон бир мазали таомлар тайёрлаб, уларни кичик видео сифатида Instagram’даги обуначиларимга улашиб бораман. Бундан ташқари, хонаки гулларни парваришлашга ҳам қизиқаман. Ҳозир уйда авакадо дарахтини ўстиряпман. Яқин уч йил ичида магистратурани давом эттириш ниятим бор.

Фурсатдан фойдаланиб, ёшларга, айниқса, қизларга қарата айтмоқчиман: ҳеч қачон ўз орзуларингиздан воз кечманг, ҳамиша олға юринг. Қўлингдан келмайди, эплолмайсан деган инсонларга қулоқ солманг, негатив тарзда қабул қилманг. Мен албатта бажараман, денг ва ўзингизга ишонинг. Ўшанда атрофдагилар ҳам сизга ишонади. Бир натижага эришгунгача қўлингиздан келган ҳамма нарсани қилинг, барча имконларни ишга солинг. Ўз устингизда тинимсиз ишланг, билим ва малакангизни орттиринг. Аллоҳдан энг яхшисини сўранг, у албатта сўраганингизни беради. Машаққат ортидан албатта мукофот ҳам келади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг