Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Google ватандошимизни ишга таклиф қилди

Google ватандошимизни ишга таклиф қилди

Фото: Azimjon.com

Хабарингиз бор, сайтимиз FAANG (Facebook, Amazon, Apple, Netflix, Google) компанияларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик дастурчи ёшлар ҳақида мунтазам мақолалар бериб боради.

Яқинда ўзбекистонлик ёш дастурчи Азимжон Пўлатов нуфузли Google компаниясидан иш таклифи олган ватандошларимиз сафига қўшилди.

Маълумот учун: Азимжон Пўлатов айни пайтда Amazon компаниясида фаолият олиб бормоқда. Googleга ишга кириш жараёни қандай кечгани ҳақида унинг ўзи ҳикоя қилади.


Куни кеча Googleдан ушбу хабарни олдим. Хабарда суҳбат яхши ўтганлиги ва иш таклифи юборганлиги айтиб ўтилган.

Бу ишда Google қилиш ўрнига, Googleда иш қилиш вақти келди, дегани.

Бундан икки ҳафта олдин Googleга топшириб кўрдим.

Роппа-роса икки ойдан сўнг, Google Cloudнинг Kubernetes (k8s) жамоасига қўшиламан. Уч йил аввал k8s ишлатаётиб, бир кун келиб k8s устида ишлашимни тасаввур ҳам қилмагандим. Қаттиқ меҳнат ва доимий ҳаракат ўз мевасини берди.

1-босқич: Ёзда бирга код ёзамиз

FAANG компанияларидан таклиф олишимда “Ёзда бирга код ёзамиз”нинг ўрни катта. 3 йилдан буён YBKY дарсларини ташкиллаштириб келаман ва ҳар йили айнан шу менторлик сўнгида 2021 йил Facebookдан, 2022 йил Amazonдан таклиф олгандим. 2023 йил эса таклиф берувчилар сафига Google ҳам қўшилди. Бу тасодиф эмас.

Ўргатиш, тушунтира олиш яхши дастурчи учун энг муҳим қобилиятлардан бири. “Ёзда бирга код ёзамиз” менга айнан шу нарсани берди. Алгоритмларни тушунишдан кўра тушунтириш анча мушкулроқ.

2-босқич: Algozon & Algothon 

Amazonдаги ҳамкасбларим билан алгоритмларни мустаҳкамлаш учун Algozon деган гуруҳ яратдик — ишдан кейин қолиб 10 кунча масалалар ечдик.

Дам олиш кунида Algothon (алгоритмик марафон) ҳам ташкиллаштирдик. Марафонда 42 км югурилса, Algothonда 42 та алгоритмик масала ечдик. Жуда фойдали бўлди.

3-босқич: Googler тавсияси

Катта компанияларга топширишда тавсияларга скептик қарайман — кўп фойдаси тегмаса керак. Amazonда сўнги 1 йил ичида 20 кишига реферрал бердим, афсуски бирор киши ҳатто суҳбатгача ўта олмади.

Googleда вазият бошқача экан. Воҳид аканинг тавсияси билан топшириб жуда тўғри қилган эканман. Рекрутер тавсия орқали чиққанини ва айнан шу тавсия туфайли “phone screening” суҳбатини ўтказиб юборишимизни айтди.

4-босқич: On-site, кетма-кет суҳбатлар

Тўртта суҳбатнинг ҳаммасини 1 ёки 2 кунга бўлиб олса бўлади — 1 кунда олишни маъқул кўрдим. Чарчаб қолиш ҳеч гап эмас, айниқса, яхши ухламаган бўлсангиз.

Биринчи суҳбатни яхши бошлаб олдим. Бирин-кетин муаммога бир неча алгоритмлар беришни бошладим. Суҳбат олувчи ечим ёққанини айтиб, код ёзишим мумкинлигини айтди.

Код ёзишга келганда қаердандир ҳаяжон босиб, код ёза олмай қолдим. Ҳатто оддий 2 интервал кесишини текширадиган логика ёзишда ҳам негадир миям тормозланиб қолди. 45 дақиқа вақт жуда тез ўтиб, ечимимни тугаллашга вақт қолдирмади.

Иккинчи суҳбат “behavioural” — хулқ-атворни текширадиган, ҳар хил вазиятларда нима қилган бўлардингиз деган саволларга бой бўлди. Айнан шу роундда “googliness” текширилади.

Учинчи ва тўртинчи суҳбатлара ҳаяжон йўқолиб, ўзимни эркин ҳис қила бошладим. Масалаларни ечиб, кодини ёзиб, тест қилиб бердим. Суҳбатлар яхши ўтди. Сўнгги суҳбатда вақт тугаган бўлса ҳам, бироз кўпроқ қолиб қизиқтирган саволларимни сўрадим.

“Хайр” дейиш ўрнига, “кўришгунча” деб хайрлашди.

5-босқич: Савдолашиш

Суҳбат жума куни бўлиб ўтган бўлса, душанба куни рекрутер алоқага чиқиб суҳбат яхши ўтганини ва қанча ойлик маош кутаётганлигимни сўради. Пайшанба куни эса offer (таклиф) юборди.

Биринчи таклиф — энг яхшиси бўлмайди. Шунинг учун ойликнинг нақд қисмини 4,5 фоиз атрофида оширишларини сўрадим ва сал ўтиб рекрутер янгиланган таклифни юборди.

Сўраган ойлигини берганда, дастурчилар:

Нега кўпроқ сўрамадим-а?

Савдолашганда сиз рози бўладиган нархни эмас, сиз хурсанд бўладиган нархни айтган яхши. Савдолашмасдан таклифни қабул қилманг.

Ниҳоят, Amazon, Facebook вa Bloomberg таклифлари қаторига Googleники ҳам қўшилди.

Болaлар, биз ютдик!

Ҳамюртимизни ушбу муваффақияти билан таҳририятимиз жамоаси ҳам табриклайди!

 Нурилло Тўхтасинов тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг