Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Data scientist, Boeing 787 парвози ва Сloud тизими” – Даниядаги докторант ҳикояси

“Data scientist, Boeing 787 парвози ва Сloud тизими” – Даниядаги докторант ҳикояси

Навбатдаги суҳбатдошимиз Данияда жойлашган Aalborg университети докторанти Абдуворис Абдуваҳобов.

Қаҳрамонимиз Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаган. 2014-2017 йиллар Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида, 2017-2018 йиллар Huawei’нинг Ўзбекистондаги офисида ишлаган. 2018-2020 йиллар Европа Иттифоқининг Erasmus дастури гранти совриндори сифатида Австрия ва Данияда магистратура босқичида ўқиган. Кейин бир муддат Швейцариядаги Халқаро авиация ташкилотида маълумотлар таҳлилчиси бўлиб фаолият юритган.

Талаб йўқлиги учун тажриба олиш имконияти бўлмаган

Data Science соҳасига қизиқишим магистратура босқичини Aalborg University Copenhagen’да ўқиб юрган даврларим пайдо бўла бошлади. Аниқроғи, «Optional course» деб аталадиган мажбурий фанлардан ташқари ўқиладиган «Machine Learning algorithms» ва «Introduction to Recommendation Systems» каби курслар менда бу соҳага қизиқиш уйғотди. Албатта устозларим жуда қаттиққўл бўлгани, фанларни ёпа олиш учун ўз устимда қўшимча ишлашга кўп тўғри келган. Шу сабаб Coursera, Udemy вa EdX онлйн платформаларда кўплаб курсларни ўрганганман ва бу ҳам қизиқишимни оширган.

Тошкентда Халқаро Вестминстер университетида бакалавр босқичини ўқиб юрганимда ҳам дастурлаш бўйича фанлар ўтиларди, лекин баъзи сабабларга кўра улар менда қизиқиш уйғотмасди. Менимча асосий сабаб дастурлашнинг ўзидан ҳосил бўладиган натижадан кўнглим тўлмаган, чунки асосий мақсад мобил илова ёки e-commerce веб-сайт бўлар эди. Аммо, маълумотлар базаси ва унинг таҳлили бўйича ўтиладиган фанларни қизиқиш билан ўқир эдимку, лекин улар бўйича ўзбек IT бозорида талаб йўқлиги учун ишлаб тажриба олиш имконияти бўлмаган.

Data scientist ўзи нима?

Саволингиз ҳозир ўзбек IT бозорида жуда актуал ҳисобланади. Ва бунга умумий қабул қилинган жавоб ҳам йўқ деб ҳисоблайман. Чунки бу мутахассисликни ҳамма ҳар хил тасаввур қилади ва баъзида маълумот таҳлилчилари (data analist) ёки business analist вазифалари билан ҳам адаштиришади. Бунинг бошқа сабаби бу йўналишга бўлган талабни кескин ошиши ва мутахассисликни қўллаш мумкин бўлган соҳаларни кенгайиши натижасида data scientist ўрнига торроқ  йўналишлар: machine learning (ML) engineer, NLP engineer, neural network engineer ва ҳоказо кабилар пайдо бўлмоқда. Аммо умумий қилиб айтганда data scientist бу турли хилдаги маълумотларни қайта ишлаб, улар ёрдамида бизнес учун маълум бир маҳсулот жорий этадиган ёки мавжудларини мукаммалаштирадиган одам. Бу Machine Learning йўналишини турли хил алгоритмларидан фойдаланиб тақдим этилган маълумотлар орқали келажакда бўладиган ҳолатни олдиндан кўра олиш ёки тахмин қила олиш қобилятига эга бўлади. Буни барча йўналишларимизга қишлоқ хўжалиги, давлат ташкилотлари, тиббиёт, олий таълим, энегетика, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларга татбиқ этса бўлади. Чунки ҳозир ахборот технологиялари жамиятимизнинг деярли барча соҳаларига кириб боряпти ва бу жараён катта ҳажмдаги маълумотларни (Big Data) пайдо қиляпти. Бу маълумотларни ўчириб ёки архивлаб қўйгандан кўра қайта ишлаб, жорий хизматлар сифатини яхшилаш ёки янгиларини йўлга қўйиш мумкин.

Chevening ва Erasmus грантига сазовор бўлдим

Очиқ айтганда Австрия ва Данияда таҳсил олиш аввалдан кўзлаган мақсадим эмасди. Асосий мақсад Европада грант орқали таълим олиш ва дунёнинг энг юқори 500 талигига кирадиган муасассаларда ўқиш эди. Шунинг учун Европада ўқиш имконини берадиган Chevening, DAAD, Erasmus ва бошқа бир қанча грантларга бир йилни ўзида ҳужжат топширдим. Баъзиларидан суҳбатга таклиф қилиндим ва баъзи суҳбатлардан муваффақиятли ўтдим ҳам. Охири Chevening ва Erasmus’нинг DCLead дастури ўртасида танлов қилишга тўғри келди ва мен Erasmus’ни танладим. Боиси бу дастур Joint Master’s Degree дейилиб, унга қабул қилинганлар 4 семестер давомида камида 2 та давлатдаги ОТМда таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. DCLead дастуридаги ўқишим керак бўлган фанлар ҳар томондан маъқул келди. Грант бўйича ўқиганим учун бу давлатлардаги виза бўйича ёки ўқиш пулига ўхшаган ташвишлар менда деярли бўлмаган, чунки бу ишлар Европа фонди томонидан ташкиллаштирилган. Аммо билишимча Австриядаги кўп ўқишлар деярли текин ҳисобланади, асосийси Европа ташқарисидан келаётган талаба ўз банк ҳисобида талаб қилинган маблағ борлигини исботлай олиши лозим ва узоқ муддатга давлатда яшаш ҳуқуқини берадиган «Aufenthaltsbewilligung – Student» ҳужжатини қўлга киритиши зарур бўлади. Данияда бўлса европалик бўлмаган талабалар учун ўқиш пуллик, аммо барча университетга давлат томонидан грантлар ажратилган ва шу давлат гранти орқали бепул ўқиш мумкин.

Илмий тарзда муҳимлигини исботлаш талаб этилади

Магистратурадаги илмий ишим онлайн ўқув платформаларига (масалан Coursera, EdX) сунъий интеллектни (Artificial Intelligence) жорий этиш йўллари ва фойдаланувчилар учун энг муҳим афзалликларини аниқлашга қаратилган эди. Шу сабабдан фойдаланувчилар билан изланишлар олиб бориб, улар ҳақидаги умумий маълумотлар ва уларнинг фикрларини йиғиб таҳлил қилганман. Чунки талабалардан қандайдир янгилик таклиф қилиш ёки жорий этиш учун авваламбор буни илмий тарзда муҳимлигини исботлаш талаб этилади. Менинг илмий ишим айнан шу AI (Artificial Intelligence) томонидан келадиган афзалликларни аслида ҳақиқий фойдаланувчилар учун керакми ёки йўқлигини аниқлаш бўлган.

Бир парвоз 500 GB дан ортиқроқ маълумот ишлаб чиқаради

PhD босиқини Даниянинг Aalborg олийгоҳидаги Computer Science бўлимида олиб боряпман. Илимий ишимнинг мавзуси “Статистик ва ML моделлари ёрдамида сенсорлардан келаётган маълумотлар ҳажмини кичрайтирган ҳолда маълумотлар омборига сақлаш” ҳақида. Ҳозир Internet of Things (IoT) номи билан кўплаб соҳаларда автоматлаштириш ва масофадан туриб бошқариш йўлга қўйилмоқда. Булар турли хил сенсорлар орқали амалга оширилади ва табиийки бир ускунани ўзида бир нечалаб сенсорлар бўлади. Улардан келаётган маълумотлар кўлами, тезлиги ва турли хиллиги сабабли уларни биз ишлатишга ўрганиб қолган бир компьютерга ўрнатилган базага сақлашнинг иложиси йўқ. Мисол қилиб келтирадиган бўлсак, Boeing 787 самолётининг ўзи бир парвоз давомида 500 GB дан ортиқроқ маълумот ишлаб чиқаради. Хуллас, қисқача айтганда ҳозирги асосий муаммо бундан катта ҳажмдаги маълумотнинг барчасини қисқартирмаган ҳолда сақлаш ва қайта ишлаш. Менинг илмий ишим асосан электр токи ишлаб чиқарадиган шамол турбиналарига ўрнатилган сенсорлардан келадиган маълумотларни самарали сақлаш ва керак бўлганда қайта тиклаб беришга қаратилган. Бу ҳам маълумотлар базасининг бир тури ҳисобланади.

1974 йилда ташкил этилган

Мен ўқиётган Aalborg университети Даниядаги расмий ўрни бўйича тўртинчи ва талабалар сони ва ҳажми жиҳатидан мамлакатдаги энг йирик олийгоҳ. Муассасамиз Даниядаги бошқаларига нисбатан янги бўлиб 1974 йилда ташкил этилган. Университетнинг асосий кампуси Алборг шаҳрида жойлашган, яна пойтахт Копенгаген ва Эсберг шаҳарларида ҳам кампуслари бор. Бутун Европа бўйича илмий ишлар олиб бориш, Erasmus’га ўхшаган Европа фондларида қатнашиш бўйича Даниядаги энг фаол олийгоҳ ҳисобланади. Инженерлик, математика, робототехника, компьютер дастурлаш ва маълумот базаларини бошқаришга ўхшаган фанлар жуда чуқур ўргатилади. Умуман олганда Дания ва бошқа Скандинавия давлатлари шунга ўхшаган замонавий техник фанларни чуқур ўзлаштириш учун жуда яхши жой деб ҳисоблайман. Ўзбекистонлик талабаларга Данияда ўқиш учун Дания ҳукумати томонидан бакалавр ва магистр йўналишларига ажратилган грантлар ёки Erasmus’га ўхшаган Европа Иттифоқи грантлари орқали киришни, PhD учун эсда Европа Иттифоқининг «Marie Sklodowska-Curie Actions» дастурини тавсия этган бўлардим.

Сloud тизимидаги хизматлар пайдо бўлишини хоҳлайман

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, тўсиқлар албатта етарлича бор. Масалан кадрлар етишмаслиги. Бу соҳага қизиқувчилар кундан кунга кўпайиб бормоқда, аммо уларни ўқитиб, ривожлантира оладиган ва тўғри йўлга бошлайдиган тажрибали мутахассислар кам. Яна бошқа тўсиқ бу соҳанинг салоҳиятини ҳали ҳамма ҳам тушуниб етмагани. Умумий тушунча бўлса ҳам аниқ бир тор соҳага келганда уни тўғри қўллай олмаслик (аслида бу ривожланган мамлакатларда ҳам мавжуд муаммо). Маълумотларнинг ҳажми ўзимизда ҳам анча сезиларли тарзда яхшиланмоқда, бироқ уларни тўғри мақсад билан қайта ишлашни йўлга қўйиш керак.

Кейин юртимизда маҳаллий cloud сервисларнинг сифати жуда паст, ҳозирги кунда маълумот хавфсизлиги ва сиёсий ҳолатни назарда тутган ҳолда, юртимизда талабга жавоб берадиган cloud тизимидаги юқори сифатли хизматлар пайдо бўлишини хоҳлайман.

 Инглиз тилини билиш ва интернетдан тўғри фойдаланиш муҳим

Албатта ўзимни ҳали муваффақиятли деб айтмаган бўлардим. Лекин олий ўқув юртларида ўқишни ёки илмий иш қилишни истайдиганларга авваламбор инглиз тилини яхши ўрганишни ва бунга қўшимча ўзига қизиқ бўлган соҳада яхши асос (фундамент) ҳосил қилишни тавсия этаман. Энг зарури одам ўзига қизиқ ва жамиятимизга фойдаси тегадиган соҳани топа олса кейинчалик уни ўзлаштириши осон кечади. Data Science ёки Data Engineering учун Python (data science) ёки Scala (data engineering) дастурлаш тилларини ўзлаштириш ва маълумотлар базасида ишлаш бўйича тажриба орттириш мақсадга мувофиқ.

Кейин статистика ва алгебранинг асосларини ўзлаштириш, иложи борича интернетдан тўғри фойдаланишни, яъни четда ўқиш грантлари бўладими ёки зарурий материаллар барчасини керакли ресурслардан ола билиш жуда муҳим.

Йилнинг 190-200 куни ёмғир ёғади

Авваламбор, Данияга ўқиш визаси фақатгина Москвадан берилади. Бу албатта жуда ҳам кўп ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Шунинг учун Даниянинг Москвадаги элчихонаси веб сайтини яхшилаб ўқиб ўрганишни маслаҳат бераман. Дания ҳам бошқа Европа мамлакатларига ўхшаб кетади кўп томондан. Аммо асосий фарқи бу ерда кўпчилик инглиз тилида жуда яхши гапиради. Озиқ-овқатга ва умумий олганда кўп хизматларга нархлар бошқа давлатларга нисбатан қиммат. Шунга яраша соғлиқни сақлаш тизими барчага шу жумладан чет эллик талабалар учун ҳам бепул. Об-ҳаво совуқроқ, одатда шамол кўп эсади ва ўртача йилнинг 190-200 куни ёмғир ёғади. Бу дегани юртимизга ўхшаб доимий қуёшли ҳаво эмас. Шунинг учун бу ерда яшовчиларни кўп қисми доимий тарзда организмда витамин Д ҳажмини назорат қилиб боришади ва унинг олдини олишга ҳаракат қилишади. Бу мен учун энг асосий кутилмаган ҳолат бўлган ва бошланишига кўникишим қийин кечган. Дания велосипедлар мамлакати ҳисобланади ва талабаларимиз учун албатта велосипед сотиб олишни маслаҳат берган бўлардим. Буни албатта соғлиққа, атроф-муҳитга ва ҳамёнга фойдаси кўп.

Инсон ресурсини янги даражага кўтариш лозим

Ўйлашимча, асосий мақсад энг қимматли ресурс ҳисобланган инсон ресурсини янги даражага кўтариш лозим. Бу борада ахборот технологиялари ўрни беқиёс. Биринчи ўринда ахборот технологияларига ихтисослашган ўқув юртлари кўпайишини хоҳлар эдим (нафақат олий билим юртлари, балки мактаблар ва лицейларни ҳам назарда тутяпман). Олий ўқув юртларининг барчасида кредит тизими асосида ўқишни йўлга қўйиш ҳамда мактаблардаги ўқув дастурларни замон талабига мослаб, дастурлаш асосларини мактабданоқ ўргатиш йўлга қўйилишини истайман. Чет элда бакалавр ва магистратурада ўқиш ниятидаги иқтидорли талабаларимизга миллий грантларимизни янада кўпайтириш ҳам юртимиздаги кадрлар муаммосини ҳал қилади. Боиси, ўзим бир неча Европа мамлакатлари томонидан эълон қилинган грантларга ҳужжат топширганман ва ҳужжат топширувчи “қора кўзлар”имиз сони жуда ҳам кўплигини кузатганман. Бундай грантларни ёш олимларимиз учун чет элдаги тажрибали профессорлар қўл остида мамлакатимиз учун долзарб бўлган мавзуларда илмий ишлар олиб бориши учун берилса самарали, деб ҳисоблайман. Чет элга ўқишга боришни мақсад қилган юртдошларимизнинг баъзиларида виза билан боғлиқ кўплаб қийинчиликлар туғилади. Бунинг асосий сабабларидан бири юртимизда элчихонаси ёки консуллик марказлари йўқ давлатларга хизмат кўрсатадиган виза марказларининг йўқлиги (масалан Канада ёки Дания учун). Шунинг учун кўплаб юртдошларимиз виза учун қўшни мамлакатларга ёки Москвага бориб келишга мажбур. Ушбу масалалар ҳам ижобий ечим топишини ният қиламан.

Илмий тадқиқотлар маркази очмоқчиман

Кейинги 10 йил ичида асосий мақсадим илмий иш қилаётган йўналишимда тажриба орттириш ва турли ташкилотларда ишлаб кўриш. Лекин асосий режам мамлакатимизга қайтиб, яқин дўстларим билан маълумотлар таҳлилига ихтисослашган фирма ташкил қилиш ва шу йўналишда хизмат кўрсатиш. Қолаверса, маълумотлар таҳлилига ихтисослашган илмий тадқиқотлар марказини ташкил қилишни ҳам мақсад қилганман.

 

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг