“Дача” бировнинг уйи экан — фирибгар қўлга тушди
Қайноқ ёз ва дачалар мавсуми авжида. Турган гапки, “дача фирибгарлари” ҳам воқеалар ривожидан четда қолаётгани йўқ. Мисол учун, яқинда содир бўлган воқеани олайлик.
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 54 ёшли А.А. ички ишлар органларига арз қилиб, банк картасидан 1 500 000 сўм пул номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилди.
Тегишли органлар тез орада ўша фирибгарни топишди — Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи, муқаддам ЖКнинг 277-моддаси билан судланган 23 ёшли А.Б. ушбу жиноятни содир этган экан.
Аниқланишича, фирибгар (А.Б.) жабрланувчи (А.А.) билан Telegram мессенжерининг “Villa Sun Shine” номли гуруҳида танишган ва унга бегона шахснинг дала ҳовлиси фотосуратларини юбориб, уни арзон нархда ижарага беришини айтиб алдаган, дала ҳовлини олдиндан банд қилиб қўйиш учун А.А.дан 1 500 000 сўм пулни ўзининг фойдаланувидаги банк картасига ўтказдириб олиб, берган ваъдасини бажармаган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Б.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter