Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аёллар учун АйТи соҳасидаги имкониятлар кенгаймоқда!

Аёллар учун АйТи соҳасидаги имкониятлар кенгаймоқда!

Жорий йилнинг 28–29 октябр кунлари мамлакатнинг турли ҳудудларидан йиғилган 400 дан ортиқ қизлар ва ёш аёллар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб ўтган “Аёлларнинг рақамли дунёдаги иштироки ва IТ соҳасидаги имкониятлар” номли форумда иштирок этдилар.

Тадбир “GAP Women IT Union” аёллар IТ клуби доирасида ташкил этилиб, аёллар етакчилигини рақамли иқтисодиётда ривожлантириш ҳамда қизларнинг IТ касбларига кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳудудий тур доирасида ўтказилди.

Форум ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, IТ Park Uzbekistan, “GAP” аёллар IТ уюшмаси, UZINFOCOM ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш марказидир. Тадбир аёллар етакчилигини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва IТ йўналишини танлаётган янги авлод қизларини илҳомлантириш учун платформа яратишга қаратилган эди.

Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова кириш сўзида инклюзиянинг инновацион иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрнини таъкидлади:

“Бугун қизлар фақат рақамли касбларни ўрганмаяпти, улар технологиялар келажагини шакллантирмоқда. Аёлларни IТ соҳасида қўллаб-қувватлаш бу барқарор ривожланиш, инновациялар ва миллий рақобатбардошликка инвестициядир. Президентимизнинг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлаши, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда IТ Паркнинг рақамли экотизимни ривожлантириш борасидаги фаол ишлари туфайли IТ соҳасида ўз касбий ўсиши ва етакчилик сари интилаётган қизлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда”.

Форумда турли йўналишларда фаолият юритаётган мутахассис ва етакчи аёллар иштирок этди. Улар орасида:

Илҳом Жураев, Масофавий таълимни ривожлантириш бўлими бош муовини;

Анора Амирова, UZINFOCOM компаниясининг “Мухлиса АI” лойиҳаси маълумотларни белгилаш бўлими раҳбари;

Бибиназ Туремуратова, Зулфия давлат мукофоти совриндори, Data Soft Academy асосчиси;

Шаҳзода Камалова, IТ йўналишида Зулфия давлат мукофоти лауреати;

Эрназарова Рисолат, IТ Park Хоразм маслаҳатчиси;

Сейтбаев Атабек, “Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУК бош мутахассиси.

Спикерлар IТ соҳасида аёлларнинг ўрни, таълимдаги имкониятлар, стартапларни ривожлантириш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг келажаги ҳақида фикр алмашдилар.

Ҳудудлардан келган қизларнинг таъкидлашича, IТ соҳасида ўсишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири ота-оналарнинг бу касбнинг истиқболига нисбатан ишончсизлигидир.

Шу туфайли ташаббус ташкилотчилари технология соҳасида муваффақиятли фаолият юритаётган аёллар иштирокида учрашувлар ўтказиб, ёшлар учун илҳом манбаи бўлаётган ҳаётий мисолларни тақдим этмоқда.

Бу ҳикоялар ёшларни рақамли соҳада ўз йўлини топишга ундаб, IТ касбларининг молиявий мустақиллик, ижодий ўсиш ва глобал интеграция сари йўл очишини кўрсатмоқда.

Дастур доирасида иштирокчиларга амалий онлайн ресурслар, курслар ва ўқув платформаларига ҳаволалар тақдим этилди. Улар орқали ёшлар рақамли кўникмаларни эгаллаб, сунъий интеллект ва технологиялар соҳасида профессионал йўлни бошлаш имкониятига эга бўлади.

Учрашув давомида  аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштирувчи давлат онлайн хизматларидан самарали фойдаланиш йўллари тушунтирилди.

Иштирокчиларга сунъий интеллект бўйича билимларни чуқурлаштиришга қаратилган бепул “One Million AI Leaders” дастури ва халқаро сертификат олиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Ушбу ўқув ташаббуслари давлат томонидан қўллаб-қувватланади ва қисман молиялаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг