Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШда бўлиб ўтган AI Infra Summitда Ўзбекистондаги имкониятлар тақдим этилди

АҚШда бўлиб ўтган AI Infra Summitда Ўзбекистондаги имкониятлар тақдим этилди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШга хизмат сафари доирасида “AI Infra Summit 2024”да иштирок этди.

Ушбу саммитда бутун дунёдан келган 700 дан ортиқ соҳа мутахассиси иштирок этди ҳамда Ўзбекистонда АйТи компаниялар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлишди. 

Ушбу тадбирда вазир “Сунъий интеллект асосларини қуриш: Ўзбекистоннинг йўл харитаси ва рақамли келажаги” мавзусидаги тақдимот билан қатнашди.

Вазир саммитда Ўзбекистоннинг рақамли трансформация стратегиясини амалга оширишда сунъий интеллект технологияларининг аҳамиятини таъкидлаб, Саудия Арабистонининг Akwa Power компанияси тизимидаги DataVolt компанияси билан “Яшил” Data марказ қуриш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва сунъий интеллект стратегияси билан таништириб ўтди.

Вазир нутқи давомида 5 миллиард АҚШ доллари қийматидаги ушбу Data марказнинг ташкил этилиши мамлакатда АйТи технологиялар ривожи учун замонавий инфратузилмани таъминлаш ҳамда халқаро миқёсда юқори тезликдаги хизматларни кўрсатишга катта туртки бўлишини ҳамда лойиҳа Ўзбекистонни глобал рақамли бозорларнинг муҳим иштирокчиси сифатида кўрсатишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, вазир Ш. Шерматов Ўзбекистонда АйТи соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар учун берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бу орқали эса Ўзбекистонда АйТи соҳасини жадал ривожлантиришга туртки бўлишини ва мамлакат хорижий инвесторлар учун янада жозибадор минтақага айланиб бораётганини қўшимча қилди. 

Саммит давомида Ўзбекистонда сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантириш бўйича режалар ва стратегиялар ҳам тақдим этилди. Хусусан, мамлакатда СИ имкониятларини кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали технологик етакчиликка эришишни мақсад қилингани айтиб ўтилди.

Саммитда иштирок этган мутахассислар ва инвесторларга Ўзбекистондаги инновацион лойиҳалар ҳамда иқтисодий имкониятлар ҳақида кенг қамровли маълумотлар тақдим этилиб, мамлакатда хорижий инвестициялар учун қулай шароитлар яратилгани ва бу борада янги имкониятлар очилаётгани кўрсатиб берилди.

Шунингдек, вазир АҚШ компанияларини Ўзбекистоннинг СИ инфратузилмасига сармоя киритишга ва мамлакатнинг рақамли бозорида фаол иштирок этишга таклиф қилди. 

Тақдимот давомида, вазир АҚШ компанияларига Ўзбекистоннинг рақамли бозоридаги шароитлари билан танишиш имконияти ҳақида маълумот берди ва уларни Ўзбекистоннинг динамик ривожланаётган бозорига киришга чорлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма соҳасидаги халқаро миқёсда ўз ўрнини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг