2023 йилнинг энг яхши раҳбари
2023 йил корпорацияларнинг ходимлари учун осон кечмади. Кўплаб бозорлардаги суст ўсиш раҳбарларни харажатларни қисқартиришга ундади, ваҳоланки, инфляция туфайли ходимлар маошлар оширилишига маҳтал эдилар. Мураккаб геосиёсат ва заҳарли маданий урушлар сабабли компаниялар раҳбарлари ўзларини худдики “дорбоз арқонида юргандек ҳис этишди”. Генератив сунъий интеллект васвасаси, технологиялардаги эврилишлар қанчадан-қанча раҳбарларни юрак ўйноғига дучор қилмади дейсиз?!
Шунга қарамасдан, 2023 йил баъзи раҳбарлар жуда омадли келгани бор гап. Хўш, омадлиларнинг энг омадлилари кимлар? Шунга қизиққан The Economist нашри юксак тараққий этган мамлакатларнинг (Хитой ва Ҳиндистон ҳисобга олинмаган) S&P 1200 индексига кирувчи энг йирик компаниялари “катталари”нинг фаолиятини таҳлил қилди. Олдинги омадсиз раҳбарнинг алмаштирилишини олқишлаш бўлиб қолмаслиги учун, бош директорликда уч йилдан кам ишлаганлар таҳлилга киритилмади. Юқоридаги омиллар асосида саралаб олинган раҳбарлар соҳадаги ўртача даромадга нисбатан ўз акциядорларига қанчалик кўп даромад келтирганига қараб рейтингда жойлаштирилди. Энг яхши раҳбарлар ўнлигига таниқли номлар билан бир қаторда, “номсизлар” ҳам киришга муваффақ бўлди.
Топ-10гача Канаданинг Cameco тоғ-кон компанияси ва АҚШнинг уй-жой қурувчи PulteGroup компанияси раҳбарлари етиб келди. Уларнинг муваффақиятига асосан макроиқтисодий кўрсаткичлар (уран нархининг ошиб кетиши ва аксинча, эски уйларнинг нархлари қулаши) сабабчи бўлди. Шу боис улар “энг яхшилар” рўйхатидан тушиб қолди.
Даъвогарлар қаторида акциялар сотиб олиш билан шуғулланувчи иккита фирма (3i ва Melrose Industries) раҳбарлари ҳам бор эди. Уларнинг муваффақияти ортида ўзларининг молия директорлари уддабуронлиги эмас, балки портфел компаниялар (улар эгалик қилувчи акциялар тегишли компаниялар) раҳбарларининг меҳнати ётгани боис, 3i ҳамда Melrose Industries раҳбарлари ҳам рўйхатга илинмади.
Нидерландиянинг микросхемалар тайёрловчи асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи BE Semiconductor Industries компанияси раҳбари Ричард Бликман ҳам рўйхатдан тушиб қолди. Унинг тўловлари акциядорларни қониқтирмади — компания директори учун ёмон ибрат.
Охир-оқибат 2023 йилнинг беш нафар суперюлдуз раҳбаридан иборат рўйхат (топ-5) тузилди. Акциядорларининг даромади юқорилаб бориш тартибида булар қуйидагилар: Дэвид Рикс (жаҳондаги энг қиммат фармацевтика компанияси — Eli Lilly раҳбари); Дэвид Велес Осорно (Бразилиянинг Лотин Америкаси бўйлаб мижозларга эга янги банки — Nubank раҳбари); Секия Казума (Япониянинг яримўтказгичлар ишлаб чиқариш учун илғор қурилмалар чиқарувчи Disco компанияси раҳбари); Марк Цукерберг (ижтимоий-медиа гигант — Meta раҳбари; Женсен Хуанг (чиплар ишлаб чиқурвчиси, бозор қиймати бу йил 1 трлн доллардан ошган Nvidia раҳбари).
2023 йилнинг энг яхши бешлиги шулар. Аммо энг яхшиси ким?
Ҳар бири 1-ўринга лойиқ эди. Рикс Eli Lilly компаниясини етакчилар сафига олиб чиқиб, семиришга қарши дорилар улкан бозорида даниялик рақобатчи — Novo Nordisk билан фарқни жуда қисқартирди, соҳа учун одатий йилда ажойиб натижаларга эришди.
Унча-мунча янги банк эски ва тажрибали банклар бозорига киришга журъат эта олмайди. Аммо Осорно раҳбарлигида (у 2013 йилда банкка асос солганлардан бири ҳамдир) Nubank мижозлари сони бўйича 10 йил ичида Лотин Америкасидаги бешинчи йирик молия институтига айланди.
Discoнинг тадқиқотлар ва ишланмалар бўлимини ҳам қўшиб бошқараётган Казума эса компаниясининг узоқ йиллар давомида яримўтказгичларни кубиклар шаклида кесиш ва силлиқлаш йўналишидаги устунлигини таъминлаб келяпти.
2022 йилда метакоинотга телбаларча шўнғиб сармоядорларни хавотирга солиб қўйган Цукерберг, ниҳоят, ўзига келди ва 2023 йилда компаниясини генератив сунъий интеллект бозорига олиб кириб, самарали натижалари билан уларни мамнун этди.
Жаноб Хуанг эса сунъий интеллект билан шуғулланувчи барчани ўз компаниясига боғлаб қўйди — фақат унинг чиплари билан юқори самарага эришиш мумкин.
Хўш, қайси бирини танлаш керак? Буни аниқлашнинг йўлларидан бири — қўл остидаги ходимларининг фикри. Алқисса, акцияларини қимматлаштиришга эришган, бироқ ходмиларини ранжитган раҳбар узоққа бормаслиги тайин. Буни таҳлил қилиш учун ходимларнинг ўз раҳбарлари ва ишлаётган компанияларига муносабатлари акс этган маълумотлар Glassdoor сайтидан олинди.
Цукерберг ҳақида яхши фикрлар атиги 62 фоизни ташкил этди, демак, унинг “самарали йили” ходимлар учун ҳеч нарсани англатмайди.
Disco компанияси ходимларининг фикрлари ҳам бир қарашда шундайдек (аммо сўралган респондентлар сони анча оз). Балки бунга компанияда ишларни мувофиқлаштириш механизми ғалати йўлга қўйилгани ойдинлик киритар. Компания жамоаси ўзаро кўрсатилган хизматлар учун Will деб номланган виртуал валютадан фойдаланади. Сўнгра менежерлар бажарилган топшириқлар учун валютани жамоа аъзолари ўртасида тақсимлайди — мукофот пуллари шунга қараб аниқланади. Бу иқтисодчининг орзусидаги иш бўлиши мумкин, бироқ ходимни мамнун этиши даргумон.
Мижозларнинг ғазабини қўзғаш — раҳбар учун энг ёмон стратегия. Бу йил АҚШнинг бир нечта штатлари, жумладан, Калифорния, диабетга чалинганлар учун сув ва ҳаводек зарур бўлган инсулин нархини қимматлаштиришда айблаб Eli Lilly компаниясини судга берди. Босим остида қолган компания март ойида инсулин нархни 70 фоизгача туширишга мажбур бўлди.
Осорнога келадиган бўлсак, унинг стратегиясидаги барча йўналишлар ҳам муваффақиятли деб бўлмайди. Умуман олганда, Nubank даромад билан ишлаяпти, бироқ банкнинг Мексикадаги фаолияти харажатларини қопламаяпти. Мексика муаммосини амаллаган тақдирда, Осорно яқин йилларда энг зўр раҳбар бўлишга ҳақли.
Якунда улоқ жаноб Хуангда кетди. Сунъий интеллектга пул тикишда унча-мунча раҳбар Nvidia раҳбаричалик узоқни кўра олмади. Ўз компанияси чиқараётган график процессорлар сунъий интеллект моделларини ўқитишда ҳам жуда яхши восита бўлишини Хуанг ўн йил олдин англаб етганди. Ўшандан то шу кунларгача у компаниясини бўлғуси сунъий интеллект инқилобига тайёрлаб келди. Дастурчиларга ўзининг чипларидан кўпроқ фойдаланишда кўмаклашиш мақсадида компаниянинг Cuda дастурий платформасини мунтазам ривожлантириб келди, янада катта ҳисоблаш қувватини таъминлаш учун кўплаб чипларни бирлаштирувчи тармоқ технологиялари ишлаб чиқарувчи Mellanox компаниясини сотиб олди. Сарфланган харажатлар беҳуда кетмаганига бугун гувоҳмиз: жаҳон махсус чиплар бозорининг 80 фоизидан зиёдини Nvidia ўз назоратига олган.
Жамоат кўз ўнгида Стив Жобс қора водолазкаси билан ёдда қолган бўлса, Хуангни машҳур чарм курткасиз тасаввур қилиш қийин. Айтишларича, тиниб-тинчимаслиги ва қатъий қолипларга риоя қилиши билан у Apple асосчисини эслатади. Ходимлар учун ундан яхши раҳбар йўқ — 98 фоиз. Хуллас, бош директорлар орасида энг яхши 2023 йил Женсен Хуангники бўлди. Йил раҳбари!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter