Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

1,2 млрд долларлик 121 грамм чанг

1,2 млрд долларлик 121 грамм чанг

Фото: NASA/Erika Blumenfeld & Joseph Aebersold

Узоқ кутишлардан сўнг, ниҳоят, NASA ўтган йил кузида Бенну астероидидан келтирилган намуналар оғирлигини эълон қилди — атиги 121,6 грамм. Шуни келтириш учун ўн йиллик лойиҳага 1,2 миллиард доллар сарфланди! Бироқ экспертлар шу бир ҳовуч намуна баҳолаб бўлмас даражада илмий қийматга эгалигини таъкидлашмоқда.

NASA OSIRIS-REx фазовий қурилмасига 800 млн доллар, уни учириш учун Atlas V ракетасига 183,5 млн доллар, лойиҳа доирасидаги бошқа ишлар учун 200 млн доллар сарфлади. Хуллас, астероиддан келтирилган ҳар 1 грамм чанг баҳоси — 10 млн доллар!

121,6 грамм намуна — фазовий ўлчамларда жуда катта рақам, масалан, шу пайтгача астероидлардан Ерга келтирилган жами намуналардан 20 карра кўп бўлиб, олимлар Қуёш тизими фаолиятининг илк даври ва ҳаётнинг пайдо бўлишини ўрганишлари учун жуда бой манба ҳисобланади. Замонавий асбоблар, хусусан, электрон микроскоплар воситасида ўрганилганида ҳатто митти зарралар ҳам бағоят қизиқарли бўлиши мумкин.

Аслида миссияга 60 грамм юк билан қайтиш юклангани ҳам OSIRIS-REx режани дўндириб удаллаганини кўрсатмоқда. Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, қурилма Ерга қайтгач, намуна жойланган контейнерни очишга муҳандислар ойлаб уринишди (намуналарга зарар етказиб қўймаслик важидан куч ишлатиш мумкин эмас эди).

Ниҳоят, қути очилди, дунёнинг энг зўр олимлари интиқлик билан навбатда туришибди. Турли институтларнинг (NASA, JAXA, CSA ва бошқалар) 200 дан зиёд тадқиқотчилари Бенну реголити хусусиятларини таҳлил қилишади. Аммо ҳаммасини эмас, намунанинг 70 фоизи кейинги тадқиқотларга асраб қўйилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг