Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Айти» тадбиркор: «Президентимиз даъвати ватанимизга қайтишимга сабаб бўлган»

«IT–мотивация» саҳифамизнинг бугунги меҳмони «айти» тадбиркор, «Alitech» компанияси асосчиси Алишер Мусурмонов.

*Aлишер Мусурмонов – 7 йиллик тажрибага эга senior (катта) дастурчи.

* 2013 йил Жиззах давлат педагогика институти инглиз тили ва адабиёти йўналишини тамомлаган.

* 2013-2014 йилларда Рига давлат техника университетида магистратурасида таҳсил олган.

* 2015-2016 йиллар мобайнида AҚШда "New York Code + Design" академиясининг веб дастурлаш йўналишида ўқиган.

* 2015-2018 йиллар мобайнида АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган “Vektor Moving” МЧЖда веб дастурчи лавозимида ишлаган.

*2018 йилдан IT-Паркнинг Жиззах вилоятидаги филиалида жойлашган "Alitech Website Solutions"да раҳбар ва етакчи дастурчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

* 2021 йил 30 июнь “Ёшлар Форуми”да “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

*Ҳозиргача Aлишер Мусурмонов турли даражадаги 40дан ортиқ лойиҳаларда иштирок этган ва ўзининг “Alitech” дастурлаш корхонаси остида яратилган “My center”, “Turbosale” каби стартап лойиҳаларининг асосчиси ҳисобланади.

– Ҳозирги замон талабидан келиб чиқиб, дастурлаш келажак касбларидан бирига айланяпти. Олдинлари қулоғимизга чалинса, эриш туюладиган «айти» сўзи бугун энг керакли соҳалардан бирига айланмоқда. Шу ўринда сизнинг бу соҳага кириб келишингиз қандай бошланган?

– Албатта, ҳозирги кунда ҳеч кимга сир эмас, IT технологияларига қизиқадиган ёшларимиз жуда ҳам кўп. Уларнинг сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу ўринда ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, «Alitech» дастурлаш корхонаси раҳбари, ментор ва код ёзиш бўйича инструктор ҳисобланаман. Инглиз тили мутахассислигида ўқиганман. Яъни филолог бўлганман. Жиззах давлат педагогика институти бакалавр босқичини тугатгач, Рига давлат техника университетининг магистратура босқичида таржимонлик йўналишини тамомлаганман. Талабалик йилларимда ҳам мени компьютерлар билан ишлаш, видеолар монтажи ва шунга ўхшаш ишлар жуда қизиқтирар эди. Бу қизиқишим кучли бўлганлиги сабабли 2014 йилда АҚШга бордим. Нью-Йоркда ўзимни шу соҳада синаб кўрмоқчи бўлдим. У ердаги олийгоҳларда ўқиш учун компьютер муҳандислиги дипломи керак эди. Муаммолар кўп эди. Шу ўринда 3D дизайнлари билан ишлаш, аннимацияларга қизиқардим.

Бир куни Нью-Йоркда логистика компанияси раҳбари билан танишиб қолдим. У инсон ҳам мазкур соҳага қизиқар экан, у мендан нималарни ўрганаётганимни батафсил сўради. Унга ўрганаётганларимни сўзлаб бердим, шунда у дунё бўйича дастурлаш соҳаси кенг ривожланаётгани ҳақида гапириб берди. Унинг ўзи ҳам мазкур соҳа бўйича онлайн таълим олаётганини айтди. Бошида мен бунга жиддий эътибор бермадим. Аммо вақт ўтиб, мазкур соҳага берилаётган муҳитнинг таъсири ўлароқ, нафақат бизнинг мамлакатда, балки бутун дунёда «айти» йўналишидаги кадрлар камлиги, дастурлаш соҳасига талаб юқори эканлигини ҳис қилдим. Ва ўзимни шу соҳада синаб кўриш учун дастурлаш мактабларини қидира бошладим. Шундай қилиб, «New York Code Design» академиясида бир ярим йил мобайнида таҳсил олдим. Бир сўз билан айтганда, соҳага кириб келишим кичик маслаҳат ва шу соҳага бўлган улкан қизиқиш билан бошланган.

– Дастурлаш оламига нотаниш соҳадан кириб келгансиз, бошида албатта ўзига хос қийинчиликлар ҳам бўлиши табиий, шу ҳақида гапириб ўтсангиз.

– Биласизми, мактабни тугатаётганимда дадамга компьютер соҳасига қизиқишимни айтганман. Улар ҳозирда инглиз тилини ўрганиш давр талаби эканлигини тушунтирганлар. Шу билан инглиз тили бўйича ўқидим. Аммо, охир-оқибат, қизиқишим устунлик қилган.

– Америка Қўшма Штатларидан ўқишни тамомлаб келганингиздан кейинги фаолиятингиз ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз. Яъни ўша пайти «айти» тушунчаси камроқ қўлланилган. Ахборот технологиялари ҳақида камроқ билимларга эга бўлишган. Бу бўйича дастурлаш марказлари ҳам бўлмаган. Фаолиятингизни янгидан бошлашингиз қандай кечган?

– 2018 йилда она-Ватаним – Ўзбекистонга қайтдим. Президентимизнинг нутқларида келтирган гаплари, яъни «Ҳар бир хориждаги ватандошимизни Ўзбекистонга таклиф қиламан. Ва Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссаларингни қўшишларингни истайман», деган даъватлари, албатта, она-Ватанимга қайтишимга сабаблардан бири бўлди. Келганимдан кейин маълум бир қийинчиликлар бўлди, албатта. Дастурлаш соҳаси бўйича курслар йўқ эди, бунга талаб ҳам юқори эмас эди. 2018 йил февраль ойида дастурлаш бўйича ўзимнинг «Alitech» корхонасига асос солдим ва шу ўринда дастурлашга қизиқувчи ёшларга ўз кўникмаларимни ўргата бошладим. Биринчи эълон берганимизда атиги 10 нафар бола йиғилган эди. Уларнинг бошланғич билимлари бор эди. Мазкур гуруҳдаги 4 нафар шогирдим ҳозирда стартап лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериб келишмоқда. 300 дан ортиқ шогирдларим бор.

– Алишер ака, шогирдларингизнинг муваффақиятлари ҳақида гаплашсак...

– Ўтган йиллар мобайнида кўплаб шогирдларга ўз билим ва кўникмаларимни бериб келдим. Шогирдларимнинг ўндан ортиғи хорижий давлатларда магистратура бочқичида мазкур соҳа бўйича таълим олишмоқда. Ва яна ҳозирда 5 нафари хорижий корхоналарда ўз фаолиятини олиб боришмоқда. Улардан бири Аҳмаджон «айти» Украинадаги компанияда, Аброржон бир вақтнинг ўзида Беларусдаги компанияларда фаолият олиб бормоқда. Шогирдларим Англия, Корея каби давлатларда ўз билимларини оширмоқдалар. Мен уларга онлайн тарзда ўз маслаҳатларимни бериб келяпман.

– Шу соҳанинг вакили сифатида бугун жаҳон бозорида ўзбек дастурчиларига талаб қандай деб ўйлайсиз?

– Ҳеч кимга сир эмаски, бу соҳа ҳеч қандай замон ва макон ёки миллат танламайди. Агар, ҳақиқатан ҳам, билими мукаммал бўлса, бемалол онлайн ишлашлари мумкин. Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги айнан дастурлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ёшларнинг натижаларини юқори баҳоласа бўлади. Ёшларимизнинг бу соҳага қизиқишлари ва интилишлари юқори. Минглаб ёшларимиз freelance хизматларини таклиф этиб келишмоқда. Бу орқали улар мамлакатимизга кириб келаётган салмоқли валюта оқими ошишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Сизнинг ёнингизга дастурлашдан мутлақо хабари йўқ ёшлар келишса, улар бу соҳани эгаллашлари учун энг биринчи нималарни тавсия этган бўлардингиз?

– Бизнинг академиямизга келган ёшларга биринчи берадиган саволимиз нега ўрганишни истаётганлари ҳақида бўлади. Албатта, кўпинча улар кўп даромадни хоҳлашади. Биринчи қўядиган талабимиз бошланғич компьютер саводхонлиги ва инглиз тили билимларидир.

Дастурлашнинг барча жараёнлари инглиз тилида олиб борилади. Келган ёшларни қобилиятига қараб, бошқа йўналишларга жалб этишимиз ҳам мумкин. Умуман олганда, ёшларимизнинг замонавий касбларни эгаллаб, етук кадр бўлишлари учун ўз билим ва кўникмаларимизни беришга тайёрмиз.

Дилдора АМИРЗОДА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг