Компютер нега ўзбек тилини тушунмаяпти? (видео)
Суҳбат давомида компютер лингвистикаси ва Ўзбекистонда бу борадаги ўзгаришлар, шунингдек камчилик ва унга ечимлар мухокама қилинди. Эътибор марказида тил моделлари ва сунъий интеллект тизими. Бугунги суҳбатдошимиз тилшунос ва компютер лингвисти Арофат Ахунджанова. У ҳозирда Германиянинг Saarland университетида магистратурада ўқийди, Meta компаниясининг машина таржимаси бўйича лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда.
– Мен фаолият юритадиган соҳа бу – компютер лингвистикаси, бундан асосий мақсад — инсон тилини компютерга ўргатиш.
– Компютер лингвистикаси учун керак бўладиган асосий кўникмалар қайсилар?
– Авваламбор, лингвистик таҳлил қила олиш ва дастурлаш кўникмаларидир, уларни ўқиш давомида ўзлаштирса бўлади. Инсонда мантиқий фикрлаш ва таҳлил кучли бўлиши керак деб ҳисоблайман, айниқса, деталларга сезгирлик талаб этилади.
– Нима деб ўйлайсиз, сўнгги вақтларда тил моделларининг ривожланиши ортидан қайси касбларга талаб камайиши мумкин?
– Назаримда тил моделларининг ривожланиши ортидан, биринчи навбатда, интернет, тил ва дизайн соҳалари вакиллари хавф остида бўлиши мумкин. Лекин машина инсоннинг ўрнини тўлиқ эгаллаши учун анча вақт керак. Бундай ҳолатларда оптимистик ёндашувни маъқул кўраман, яъни машина ва инсон фаолиятини бирга тасаввур қилган яхшироқ, инсон омилидан тўлиқ воз кечиш мумкин, деган фикр ва қарашларни эса қўллаб-қувватламайман.
– Тил моделлари шунчалик шиддат билан ривожланмоқдаки, ундаги айрим масалаларга мутахассислар жавоб излаб улгуришмаяпти. Сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши билан бир қаторда долзарблашаётган масалалар қайсилар?
– Сунъий интеллект ривожланиши ортидан кузатилиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан асосийси, бу — ахборот хавфсизлигидир. Эшитган бўлсангиз, The New York Times нашри OpenAI компаниясини судга берди. Бунга сабаб — ChatGPTни ўқитишда, нашриёт манбаларидан фойдаланганлиги. OpenAI компанияси эса, ўз навбатида, бошқа ечимни, яъни нашриёт манбаларидан фойдаланганлик учун тўлов таклиф этди. Энди бошқа масала ҳам бор, муаллифлар ўз материалларидан очиқ манба сифатида ChatGPT ўқитилишида фойдаланишга қанчалик розилик беради. Шунингдек, нашриёт ўз маълумот хавфсизлигини қайта кўриб чиқишини ҳам талаб этади.
Шунингдек, яна бир масала бор. Йирик компаниялар якуний маҳсулот тақдим этганда унинг тарғиботига катта маблағ ажратилади, негаки маҳсулот рекламаси ва унинг ортидан сотувлар компания учун жудаям муҳим. Аммо ундаги маҳсулотнинг, сиз айтгандек, хавфсизлик масаласини текшириш ва уни ўрганиш вақт, маблағ ва ресурсни талаб қилади. Одатда эса академия ва тадқиқот университетларида ресурс чекланган. Бу эса мени хавотирга қўяди. Ўтган йили ноябрда илк маротаба Лондонда сунъий интеллект бўйича саммит бўлиб ўтди. Унда йирик компания вакиллари ва БМТ бош котиби Антонио Гуттериш қатнашди ва нейротармоқнинг истиқболлари, шунингдек, унинг назорати бўйича бир қанча масалалар кўриб чиқилди.
– Айнан Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг қайси соҳада истиқболи юқори?
– Сунъий интеллект кириб бормаган соҳанинг ўзи йўқ, биринчи навбатда, таълим соҳасини айтган бўлар эдим, чунки биз ўрганаётган билимлар жуда тез эскиряпти, янги замонавий билимларни, хусусан, тил ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкин. Бу билан устоз-шогирд анъанасини инкор қилмоқчи эмасман, лекин СИ қўлланилиши ижобий натижа кўрсатишига ишонаман. Шунингдек тиббиёт соҳасида, ривожланиш юқори. Негаки, чет элда ҳам сунъий интеллект билан қилинаётган энг салмоқли лойиҳалар айнан тиббиёт билан боғлиқ. Нейротармоқлар касаллик тарихини ўрганишдан тортиб, ташхис қўйишгача бўлган жараёнларда ёрдам беряпти.
– Ўзбекистонда компютер лингвистикасининг сифат даражаси қандай?
– Ушбу соҳа Ўзбекистон учун ҳали янги ва кўп университетларда ўқитилмайди. Лекин мен учун энг оғриқли жиҳати Ўзбекистондаги мутахассислар ўртасида ҳамкорликнинг етишмаслиги. Компютер лингвистикасидан ташқари ўзбек тили грамматикасида ҳам жуда кўп саволлар очиқ қолади. Биз ҳали бу саволларга жавоб топмасдан, қандай қилиб уни машинага ўргата оламиз. Менинг фикримча, Ўзбекистонда компютер лингвистикаси бўйича кенгаш ёки марказ тузилгани маъқул.
Яна бир масалалардан бири бу жуда кўплаб манбаларнинг ҳали ҳам электрон кўринишга эга эмаслиги. Бу масалада эса ташкилотлар ҳамкорлиги жуда муҳим.
Интервюнинг тўлиқ шаклини Xabar.uzнинг Ютубдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter