Тушида ҳам пул топадиган IТ тадбиркор: Тенгдошларинг TikTok`да ўтирганда, сен фрилансерликдан бойиб кетишинг мумкин!(ВИДЕО)
Бугунги кунда фрилансерлик билан шуғулланиб, юқори даромад топиш имкони мавжуд бўлган соҳа вакилларидан бири — бу 3D дизайнерлар.
Бу галги қаҳрамонимиз ҳам Ўзбекистонда 3D соҳасини ривожлантириш ва шу йўлда яхши мутахассислар тайёрлашни ўзига мақсад қилган “Dizipro” компанияси асосчиси, тажрибали IТ тадбиркор ва фрилансер Абдусаттор АБДУРАҲИМОВ.
- Ассалому алайкум. Аввало, IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган ва нега айнан фрилансерлик фаолиятини танладингиз?
- Ваалайкум ассалом. Биласизми, бу соҳага кириб келишимдан аввал менда айти ёки фрилансерлик ҳақида тушунчалар бўлмаган. Болалигимда 3D МАХ деган нарсани эшитганимдаёқ менда қизиқиш пайдо бўлган. Аммо 3D МАХ деганда фақат мультфильмларни тушунганлигим учун бу нарса менга тўғри келмайди, деб ўйлардим.
Кейинчалик устозим Мансур Муродов томонидан ушбу соҳани бир йил давомида мукаммал ўргангач, билдимки, мен ясаган 3D моделларимни бемалол интернет орқали сотиб, даромад қилишим мумкин экан.
Шундан сўнг 3D модел ясашга киришиб кетдим. Ҳар куни бир нечта 3D модел ясаб, интернетга жойлардим ва эртаси куни моделларим сотилиб, ҳар куни ҳисобимга пул туша бошлади.
Ясаган моделларим сони ортгани сайин, даромадим ҳам кўпайиб бораверди. Кейинчалик буюртмалар ҳам туша бошлади ва шу йўл билан айти оламига кириб келганман.
- Сизнингча IТ соҳасини ўрганишни нимадан бошлаган маъқул? Сиз нега айнан дизайнерликни танлагансиз?
- Айни дамда мен дизайнер эмасман, тизимлаштирувчи инсонман, десам муболаға бўлмайди. Чунки ҳозирда мен ёшларни шу соҳа бўйича ўқитиб, иш билан таъминлаб, кейинчалик улар устида бизнес қураман.
Ҳозирги кунда айти соҳасининг йўналишлари кўп ва ёшларимиз ҳам неча ёшда бўлишларидан қатъий назар, шу соҳага кириб келаётганда аввало ўз қизиқишларини аниқлаб олишлари керак.
Биз баъзан “фалончи қилди, сен ҳам қила оласан”, деб фарзандларимизни ўзимиз билмаган ҳолда алдаб қўямиз. Бу худди товуққа “сенинг ҳам қанотинг бор, сен ҳам уча оласан”, дегандек гап.
Аммо ёшларимиз ҳам бургутдек уча олар эканман, деб, ўзлари қизиқмаган соҳани танлаганлари билан муваффақиятли бўлиб қолмайдилар.
Масалан, мендан дастурчи чиқмайди. Битта дастур яратгунимга қадар юрагим сиқилиб кетади. Баъзилар эса аксинча, дизайнерликни зерикарли соҳа деб қабул қилишади.
Шунинг учун ҳам айти соҳасига кириб келаётганда ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, бирор-бир йўналишни танласалар мақсадга мувофиқ бўлади.
- Ҳозирги кунда авж олган тармоқли маркетингга фикрларингиз қандай? Бу ҳам қайсидир маънода фрилансерликнинг бир тури ҳисобланадими?
- Йўқ, тармоқли маркетинг — замонавий фирибгарликнинг бир тури холос! Тармоқли маркетинг мисоли пирамидага ўхшайди. Унда фойда фақат битта одамгагина бўлади. Бу ҳеч қандай бизнес тури эмас.
- Даставвал 3D модел яратиш билан шуғулланиб, эндиликда ўқув маркази сифатида юртимизда 3D соҳасини ривожлантиришга ўз хиссасини қўшаётган Dizipro компаниянгиз ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз...
- Dizipro — бу онлайн платформа ҳисобланади. Бу ерда ўқувчилар модел ясашни нолдан бошлаб ўрганадилар ва уларни сайтга юклаб, сотадилар. Бу жараён дарс жараёнларида батафсил ўргатилади.
- Эшитишимизча, ўқув марказингизда “Қизлар келажаги учун” номли таълим гранти ҳам эълон қилинибди. Айтингчи, 3D соҳаси, умуман олганда фрилансерлик билан шуғулланишнинг аёллар учун устунликлари нимада?
- Тўғри, аёл киши учун бу соҳани ўрганиш осон эмас. Чунки бизда ўқиган хотин-қизларнинг ўнтасидан тўққизтаси ўқишни ташлаб кетган. Аммо шундай қизларни биламан, қунт билан ўрганиб, ҳозирда ўйда ўтирган ҳолда 4-5 минг доллар даромад топишади. Бу эса айнан бизнинг ўзбек аёлларимиз учун жуда зўр имконият. Чунки уларнинг аксариятини турмуш ўртоғи ишлатмайди.
Бундай шароитда эса бироз қийинчиликларга дош бериб, айти соҳасини ўрганиб олишса, кейинчалик оила, фарзанд ва рўзғор ташвишлари билан ўйда ўтирган ҳолда, керак бўлса турмуш ўртоғидан ҳам кўп пул топа олиши мумкин.
- Шу ўринда яна бир савол, сиз 3D модел асосида яратган ёстиқчангизни бир неча йил давомида $50 дан сотган экансиз. Ваҳоланки, ҳеч бир харидор бундай ёстиқларнинг тайёр ҳолда тикилганини ҳам бу нархда сотиб олмайди. Нима деб ўйлайсиз, 3D дизайнерлар кун келиб оддий дизайнерларнинг фаолиятига нуқта қўйиши мумкинми? 3D моделларни яна кимлар нима учун сотиб олишади?
- Биласизми, нафақат ёстиқлар, балки бизга бир неча минг долларлаб даромад олиб келаётган гиламлар ҳам ҳаётда шунча қимматга сотилмайди. Биз эса ҳаётда бор гиламнинг дизайни устида ишлаб, боз устига ҳеч қандай ортиқча харажатсиз ва ҳаракатсиз ундан қимматроққа сотамиз. Тўғри, бу кулгили эшитилиши мумкин, аммо бу ҳақиқат.
Аммо дизайнерлар фаолиятига чек қўйиладими, деган саволга келадиган бўлсак, йўқ. Чунки 3D дизайнерлар ўз-ўзидан ижод қилмайди, чизилган моделларнигина 3D моделга айлантириб беради. Бир сўз билан айтганда, уларнинг иши ижодкор дизайнерлар билан чамбарчас боғлиқ!
- 1 дона 3D модел ясаш учун қанча вақтингиз кетади? Шу ясаган моделингиз сотилиш эҳтимоли қанча ва қанчагача сизга даромад олиб келиши мумкин?
- Ишнинг мураккаблигига қараб. Баъзи бир моделларни яратишга 5 дақиқа етади, баъзиларига эса бир кун ҳам етмайди.
- Ана шу 3D форматда ясалган моделларингизни айнан қайси платформалар орқали сотасиз? Соҳага энди кириб келаётган ёшларга қайси платформалардан иш бошлашлашни тавсия қиласиз?
- Соҳага эндигина кириб келган ёшларимиз ўз моделларини сотишари учун 3ddd.ru сайтини тавсия қиламан. Бу ерда моделингиз модерациядан ўтса бўлди, сотувга чиқиб кетаверади.
- Телеграм каналингизда, Дунёдаги энг бой инсонларнинг 30% ини IТ мутахассислари ташкил этади, деган постингиз остига айтида пул кўп азизлар дея, шахсий изоҳ ҳам қолдирган экансиз...
- Тўғри, аммо фрилансер сифатида фаолият юритишни истаган ёшлар бирданига юқори даромад топа олмайди. Чунки бу ерда сизга ойлик тўланмайди.
Аммо бошланишига сабр билан ўз устида ишлашдан чарчамайдиган ёшларимиз учун бугунги кунда айти оламида имкониятлар талайгина. Айниқса, тенгдошлари тиктокда беҳуда вақт ўткизаётган бир пайтда, ўз соҳасининг профессионали бўлган ёшлар фрилансерликдан чексиз даромад топишлари мумкин!
Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter