Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Сериал кўрганларнинг барчаси интернетда алданиб қолишмоқда!(ВИДЕО)

“IТ-Motivatsiya” кўрсатувининг бугунги меҳмони IТ тадбиркор, EDU ўқув маркази ва “Girgitton” лойиҳалари асосчиси Хуршид Марозиқов.

– Ассалому алайкум. Студиямизда хуш кўрдик. Аввало, сизга анъанавий саволимиз, яъни соҳага қандай кириб келганингиздан эмас, балки лойиҳангиз нега айнан “Girgitton” деб номланганлигига эътибор қаратмоқчи эдим. Одатда, официантларга қарата гиргиттон, дея мурожаат қилинади…

– Ўша пайтда “Girgitton” номини овқат етказиб берувчи платформа сифатида танлаганмиз. Овқат етказиб бериш одатда официантларнинг иши бўлганлиги учун, қолаверса, бу хизматни водийда йўлга қўйилганлигимиз учун ҳам кўпроқ чапани услубда номлашни маъқул кўрганмиз. 

Нега энди номини “Rasta”га ўзгартирдингиз?

– “Rasta”га ўзгаришининг асосий сабаби бизнинг режаларимиз ўзгара бошлади. Яъни, кейинчалик нафақат овқат етказиб бериш, балки бошқа хизматларни ҳам йўлга қўйиб, катта савдо растасига айланмоқчимиз. Қолаверса, келажакда бошқа давлатларда ҳам фаолиятимизни олиб борсак, гиргиттон сўзи бироз айтишга ноқулайлик туғдириши мумкин.

– “Rasta” таом етказиб бериш хизматининг Express24 дан фарқи ва афзалликлари нимада?

– Менимча, Express24 дан фарқи ва афзалликлари ҳақида фойдаланувчиларимиз фикр билдиришса тўғрироқ бўлади.

Қачондан бу фаолиятни бошлагансиз?

– Водийда Express24 дан аввал бошлаганмиз, яъни 4 йил бўлди фаолиятимизни олиб бораётганимизга. Тошкентда эса яқинда йўлга қўйдик.

Бу хизмат тадбиркорга қанча фойда олиб келади?

– Биласизми, бу бизнесдан ресторан эгалари ҳам, бир марталик идиш ишлаб чиқарувчилар ҳам яхши фойда кўришади, аммо мен бу иловани ташкил қилган тадбиркор сифатида умуман фойда кўрмаяпман фақат пул сарфлаяпман. Аммо 3-5 йил давомида фойдага кирмаслик стартаплар учун одатий ҳолат.

Ўзбекистон ҳудудида ва ҳорижда қайси компанияларни ёки кимларни ўзингизга рақобатчи деб ҳисоблайсиз?

– Рақобатчи эмас, ҳаваскори десангиз тўғрироқ бўлади. Масалан, овқат етказиб бериш йўналишида Америкадаги гигантлардан бири DoorDash, Delivery Club компанияларига ўхшашга ҳаракат қиламиз.

IТ тадбиркор учун саёҳат қилиш қанчалик муҳим? 

– У хоҳ тадбиркор бўлсин, хоҳ бошқа касб эгаси ҳар бири киши учун саёҳат қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан менга режалаштирилмаган саёҳатлар жуда ёқади, нафақат борган шаҳримни, балки ўзимни ҳам қайтадан кашф қиламан. Бундан ташқари, бизнес учун тўғри қарор қабул қилишга ҳам ёрдам беради.

Инглиз тилини 1 ойда 0 ўрганиш чўпчак, деб ҳисоблайдиган Хуршид Марозиқовнинг Водийда EDU ўқув маркази ҳам бор. Шахсан ўзингиз инглиз тилини қаерда қанча муддатда ўргангансиз?

– Мактабда ўқиб юрган кезларим бошланғич синфдаёқ ота-онам репетиторга беришган. Кейинчалик Қўқондаги кутубхонада инглиз тили китобларини ўқиш орқали мустақил ўрганганман.

Одатда инглиз тилидан ўрта даражага эришиш учун хорижда 6 ой талаб қилинади. Хўш, сизнингча, Ўзбекистон шароитида қанча вақт талаб қилинади?

– Чет элда шу тилда мулоқот қилинадиган муҳитда 6 ойда ўрганилса, ўзингиз ўйлайверинг ҳафтада 2-3 мартагина икки соатдан шуғулланиб қандай қилиб қисқа фурсатда мукаммал ўрганиш мумкин? Бундай шароитда натижани фақат ўқув марказига юкламаслик керак. Ойлик курсларни якунлагач ҳам ўқувчи инглиз тилидаги китобларни ўқиш, фильмлар томоша қилиш орқали ўз билимларини мустаҳкамлаши керак. Менимча 0 дан бошлаб мулоқот даражасигача етиш учун ўртача 2 йил вақт керак бўлади.

Айнан сизнинг ўқув марказингиз қанча муддат ваъда қилади тахминан? Ўқувчиларингиз неча ойда натижага эришган?

– Биз “ёмон” маънода машҳурмиз Қўқон шаҳрида. Чунки биз инглиз тилини жуда ҳам чўзиб ўргатамиз. Бу, албатта, ўқувчиларнинг пулини олиш учун эмас, аксинча, уларга мукаммал таълим бериш учун. Бунинг учун эса ўртача икки йил вақт кетади.

Дарслар онлайн тарзда бўлиб ўтадими?

– Йўқ, дарслар анъанавий тарзда олиб борилади.

Сиз учун қай бири афзал ва самаралироқ: онлайн ёки анъанавий таълим?

– Анъанавий дарсларда ўқувчилар тушунмаган нарсаларини ўша вақтнинг ўзида ўқитувчидан сўрай олишдан ташқари, шерикларининг хатоларини кўриб, тўғри хулоса қилиш орқали дарсларни яхшироқ ўзлаштирадилар.

– Аёл кишиларнинг IТ соҳасида фаолият юритишига қандай қарайсиз?

– Жудаям яхши қарайман. Нафақат бу соҳада, умуман олганда, биз аёлларни ишлашига қаршилик қилиб қанчадан-қанча иш кучини йўқотяпмиз. Аслида эса аёлларимиз кўпроқ илм олишлари, ўз устида ишлашлари учун шароит яратиб беришимиз керак. Тўғри, шундай соҳалар бор, у ерда аёлларнинг ишлаши унчалик тўғри бўлмайди, бироқ IТ аёллар учун, айниқса, турмуш ўртоғи ишлашига қаршилик қилувчи хотин-қизларимиз уйдан чиқмасдан ҳам пул топишлари учун ниҳоятда қулай касб ҳисобланади.

– IТ га 3 та сўз билан таъриф… IТ сиз учун нима?

– Самарадорлик, келажак ва фожиа.

– Бугунги кун ёшларига тавсия…

– Бугунги кундаги айрим ёшларга тавсиям – таниган-танимаган одамингизни турли хил гуруҳларга ёки гив -танловларга қўшиб ташлайверманг!

Турли ишончсиз танловлар, Президент томонидан пул ютуқлари каби ёлғон эълонларга алданиб қолмаслик йўллари ҳақида батафсил YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг