Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

«Айти» сенинг тоғангмас! (ВИДЕО)

«Green White Solutions» ва «DataLab» компаниялари асосчиси, IТ тадбиркор Абдуқаҳҳор ТАШМУҲАММЕДОВ:

2008 йил – «Fido-Biznes» МЧЖ муҳандис-дастурчиси;

2012 йил – Москва давлат иқтисодиёт, статистика ва информатика университети (МЭСИ)ни тамомлаган;

2012 йил – «Green White Solutions» МЧЖ таъсисчиси, раҳбари;

2013 йил – «Fido-Biznes» МЧЖ маслаҳатчиси;

2019 йил – «Softline Education» Оrаclе мураббийси;

2019 йил – «DataLab» МЧЖ таъсисчиси, раҳбари;

2022 йил – «Бизнес ва тадбиркорлик» олий мактабини тамомлаган.

– Аввало, кўрсатувимизнинг анъанавий саволидан бошламоқчиман, IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган? Ва нега айнан IТ соҳасини танлагансиз?

– IТ соҳасига кириб келишим ҳақида гапирадиган бўлсам, бу менда иккинчи вариант бўлган. Чунки болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Аммо айрим қадриятлари тўғри келмагани боис икки ҳафтадан сўнг ҳарбий билим юртини тарк этишга мажбур бўлганман. Шундан сўнг мактаб даврларидан компьютер соҳасига бўлган қизиқишим боис 1999 йилда IТ соҳасига кириб келганман.

– Стартап бошлашда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак ва уларни қандай қилиб муваффақиятли амалга ошириш мумкин?

– Стартап қилаётган инсон, биринчи навбатда, жамоани тўғри шакллантиришни билиши керак. Ва ўзи ҳам ҳар соҳада универсал инсон бўлиши керак. Дунёдаги 100 та стартапдан 10 фоизигина муваффақиятли амалга ошади. Албатта, бунда сиз тақдим этаётган маҳсулот ёки хизмат турига бозорнинг қай даражада тайёр эканлигини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ҳозирги машҳур iPhone, Samsung компанияларидан аввал илк смартфон Мicrosoft компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Аммо у бу фаолиятини ҳали вақти келмасидан аввал бошлаганлиги учун ва бошқа омиллар ҳали тайёр бўлмаганлиги боисдан ҳам ўша пайтда смартфонлар у қадар оммалашмаган.

– Нега айнан Green White? Бундай номланишининг сири нимада?

– Биласизми, компаниянинг номини рўйхатдан ўтказаётганда танлаган вариатларимизнинг бари банд бўлганлиги боис, бир муддат иш бошлашга қийналганмиз. Буюртмаларни қабул қилавермаганимиздан кейин мижозларимизнинг талаб ва истаклари билан тизимда мавжуд бўлмаган дуч келган номни танлашга мажбур бўлганмиз. Аввалига бу сўз ҳеч қандай мажозий маънога эга бўлмаган. Кейинчалик green – яшил табиатни ҳимоя қилинг, white – ҳамиша оқ тарафда бўлинг каби маъноларни ўзимиз келтириб чиқардик. Умуман олганда, биз компаниямизнинг номи, логотипи билан эмас, сифатли хизматларимиз билан машҳурликка эришишни мақсад қилганмиз.

– Бу компанияга асос солишингизнинг сабаби нимада?

– Аслида бугунги кунда Ўзбекистонда бўлишим керак эмас эди. Аммо Москвада ўқиб юрган пайтларим «ўзбекистонликлар ҳам дастурчи бўлар эканми, эшакда юрмайдими?» деган гаплар жуда алам қилган. Ўшанда «ҳали ўзбеклардан сенлардан яхши дастурчи чиқишини кўрсатиб қўяман», деб ўзимга ваъда берганман. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, ҳар хил компанияларда ишлаб тажрибамни оширдим ва ўз компаниямни очишга тайёрлигимни ҳис қилгач, 2012 йилда «Green White Solutions» компаниясига асос солдим. Бугунги кунда компаниямиз Coсa-cola, Pepsi, Nestle, Samsung каби кўплаб катта-катта компаниялар билан ишлаб келмоқда.

– Бизнес жараёнларини автоматлаштиришнинг устунликлари қандай? Иш бор жойда албатта камчилик ҳам бўлади, шундай экан, унинг камчиликлари ҳақида нима дея оласиз?

– Автоматлаштириш тизимининг афзалликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, корхонангиздаги ҳамма маълумотлар сизнинг қўлингизда бўлиши ва сиз реал воқеликка асосланиб тўғри қарор қабул қила олишингиздир.

Камчиликлари эса агар сизда малакали мутахассис бўлмаса, афсуски, бу тизимдан тўғри фойдалана олмайсиз. Аксарият ходимлар раҳбарим менга ишонмаяпти, тизим орқали мени бошқармоқчи бўляпти, деган нотўғри фикр юритадилар. Аслида эса раҳбар ўсишни истаётганлигини инобатга олишмайди.

– Доимий мижозларни қандай аниқлаш мумкин?

– Биласизми, мижоз – бу бизнес! Сиз унга фойда бера олсангизгина, у доим сиз билан қолади. Аммо сиз унга кутилган қадриятни бера олмас экансиз, мижозларингиз ҳам аста-секин рақобатчиларингиз тарафга ўтиб кетишади. Чунки улар сизнинг акангиз ёки укангиз эмаски, сизнинг камчиликларингизга кўз юмиб кетаверишса, мижознинг мақсади фақат максимал фойда олиш.

– Барчамизга маълумки, Pepsi ва Сoсa-cola ҳамиша бир-бирига рақобатчи сифатида кўрсатилади, бу ҳолат рекламаларда ҳам ўз аксини топган. Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам сизнинг мижозларингиз экан. Бу икки рақобатчи компанияга хизмат қилиш қийин эмасми?

– Тўғрисини айтсам, жаҳон компаниялари билан ишлаш маҳаллий компанияларга қараганда анча осон. Чунки улар нима истаётганликларини аниқ биладилар. Сиздан бир ой ёки бир йилдан кейин нима кутаётганлигини аниқ айта оладилар. Шу боис ҳам бу икки компаниялар бир-бирига рақобатчи бўлса-да, улар билан ишлаб мазза қиламан.

– «DataLab» компаниясининг фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтсангиз...

– «DataLab» – бу ходимларнинг бошқарув тизими бўлиб, у бирор-бир корхонада ходимларни ишга олишдан тортиб, улар билан ишлаш жараёнларини қулайлаштиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, HR менежерининг ишини осонлаштириб беради. Компаниямиз бугунги кунда Makro, Anorbank, Avtoritet, Samsung каби бир нечта корхоналарга хизмат кўрсатиб келмоқда.

10 йилдан буён 500 дан зиёд компанияларнинг ишончини оқлаб, 10 мингдан ортиқ фойдаланувчиларга самарали хизмат кўрсатиб келаётган компаниялар раҳбарининг муваффақият сирларидан кўрсатувимизни тўлиқ томоша қилиш орқали баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг