Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Aкмал Пайзиев: «Айти» сизга ёқсагина, бу соҳага киринг(ВИДЕО)

IT-Motivatsiya кўрсатувининг бугунги қаҳрамони — Newmax Technologies, Maxtrack, Workly, MyTaxi, Express 24 вa IMPACT.T лойиҳаларининг асосчиси Акмал ПАЙЗИЕВ.

Акмал Пайзиев 1984 йил 21 октябрда туғилган;

2000-2004 йилларда ЎзМУ, компьютер технологиялари факультетида таҳсил олган;

2004-2006 йилларда Wаgеningen университетида таҳсил олган;

2005 йили Nеwмах Теchnologies компаниясига асос солган;

2007 йили Махtrаck лойиҳасини яратган;

2011 йили Wоrkly компаниясини ташкил қилган;

2015 йили МyТахi мобиль иловасини яратган;

2017 йили Express24 хизматини ташкил этган;

2022 йили IМPАCТ.Т ҳамжамиятига асос солган.

Анъанвий савол: IТ соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган? Болаликдан ким бўлишни орзу қилгансиз?

— IТ соҳасига қизиқишим 12-13 ёшларимдан бошланган. Бу қизиқишимга эса ойим сабабчи бўлганлар. Чунки якшанба кунлари ишхоналарига олиб кетардилар. Мен эса у ердаги компьютерларни ўйнаб ўтирардим. 9-синфда ўқиётганимда эса уйга ҳам компьютер сотиб олдик. Бу эса компьютер технологияларига бўлган қизиқишимнинг ортишига сабаб бўлган. Онам ўзлари 80-йилларда дастурчи бўлиб фаолият юритганлар. Менинг бу соҳани танлаш қароримни ҳам ота-онам бирдек қўллаб-қувватлаганлар.

Express24 хизматини қайси хориж тажрибасига асосланиб ташкил қилгансиз?

— 2016 йилда бир қанча хориж сафарларида бўлган кезларим АҚШда овқат етказиб бериш хизматларининг ривожланганлиги эътиборимни тортди. Ватанимизга қайтгач эса бундай хизмат бизда жуда керакли эканлигини тушуниб етиб, мана шу Express24 xизматини қўлга қўйдик.

Ўша даражага ета олдик, деб ҳисоблайсизми?

— Бизнинг иловалар технологик жиҳатдан хорижникига жуда ўхшаш. Аммо мижозларнинг сони бўйича қарайдиган бўлсак, биз ҳали у даражага ета олмадик. Чунки бу хизматга бизда ҳам кун сайин талаб ортгани билан, АҚШ ёки Европа давлатларидаги каби оммалашмаган.

Айрим Express24 фойдаланувчиларининг айтишига қараганда, буюртмаларни ўз вақтида етказмас экан, устига-устак, кўп ҳолларда буюртмани рад этар экан ҳам. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

— Бизда етказиб бериш хизматининг назорати ўтган йилнинг декабрь ойига қадар бироз қийин эди. 2021 йил декабрь ойидан бошлаб эса бу борада катта ўзгариш амалга оширилди. 2022 йил февраль ойида эса етказиб бериш вақтини ўртача 7 дақиқага қисқартирдик. Бу жуда яхши кўрсаткич. Сиз айтаётган ҳолатлар ундан аввал кузатилган бўлиши мумкин. Ҳозирда бу камчиликларнинг бари ўз навбати билан бартараф этилмоқда.

Одатда ўзимиз рўзғорлик қилаётганимизда махсулотларнинг нархи ва сифатига эътибор қаратиб харид қиламиз. Express24 хизматида ҳам бу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиладими?

— Express24 хизмати асосан ҳамкорлар билан ишлайди ва улар таклиф қилган нарх бўйича савдо амалга оширилади. Биз улар қўйган нархни ўзгартира олмаймиз.

Ушбу хизмат турини такомиллаштириш учун ҳозирда нималар қилинмоқда? Келажакда яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз? 

— Биз ҳар бир лойиҳамизнинг ривожланиши учун жуда кўп инвестиция киритамиз. Чунки замон ўзгаргани сайин мижозлар талаби ҳам ўзгариб бормоқда. Деярли ҳар куни лойиҳаларимизнинг янги версиялари устида ишлаймиз. Масалан, ҳозирда кафе-ресторанлардан таомга олдиндан буюртма бериб, ўзингиз олиб кетадиган версиялар ва ресторанларда тўловни бизнинг мобиль иловамиз орқали амалга ошириш ишлари ҳақида бош қотиряпмиз. Энг асосийси, етказиб бериш тезлигини ошириш устида ишлаяпмиз.

Ҳозирда кўп ҳайдовчилар камроқ солиқ тўлаш мақсадида мижоз машинага ўтиргандан кейин навигацияни ўзлари ўчириб қўйиб, ўчиб қолди, билмай ўчириб қўйдим, борадиган манзилни биласизми, деб мижознинг ўзидан йўлни кўрсатиб кетишларини талаб қилаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бу ҳолатда эса компанияга мижоз тушиб қолди, деган хабар келади. Мана шундай вазиятлар текшириладими? Қандай чоралар кўрилади?

— Бундай ҳолатлар камдан-кам кузатилади. Чунки ҳайдовчининг ўзи навигацияни ўчириб қўйганлиги ҳақидаги маълумот компания серверига етиб келади. Бундай вазиятларда мижозлар учун сафарни баҳолаш тизими мавжуд, улар бу имкониятдан фойдаланиб, хизмат сифатига паст баҳо беришлари мумкин. Ҳайдовчига нисбатан 4-5 та шундай шикоятлар келиб тушса, биз буни инобатга олган ҳолда ҳайдовчини блоклаб қўямиз.

Ишга қабул қилаётганда ҳайдовчиларнинг маълум бир сифатлари синовдан ўтказиладими ёки автоматик тарзда амалга ошириладими?

— Бизнинг МyТахi айнан сифати билан бошқалардан фарқ қилади. Бизга ишга кириш ниятида бўлган 10 та ҳайдовчидан учтасигина талабларга жавоб бериши мумкин. Чунки биз машинанинг йилига, салонига эътибор қаратишдан ташқари ҳайдовчини бир нечта тестлар орқали синовдан ўтказамиз. Шуниндек, ҳайдовчиларнинг муомала маданияти ҳам мижозларга сифатли хизмат кўрсатишимизда муҳим аҳамиятга эга.

— Янги стартaп лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

Бу жуда ўринли савол ва унга соатлаб жавоб бериш мумкин. Аввало, муваффақиятли лойиҳа учун ғоя ва уни амалга ошириш учун жамоа муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ғояни қачон ва қаерда амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. 

Сизнингча, бугун ёшлар нега IТни танлашлари ёки танламасликлари керак?

— IТ — бу кенг тармоқли соҳа. Ҳозирги кунда шифокорлардан тортиб, кулолларгача бу соҳани билишлари керак. Боиси бугунги кунда турли жарроҳлик амалиётлари ҳам компьютер ёрдамида амалга оширилмоқда. Кулоллар ҳам ахборот технологияларини яхши билсалар, турли нақшлар ва шаклларни яратишда ўз ишларини янада енгиллаштиришлари мумкин. Нега танламасликларига келсак, бу соҳа ёқмаса, танламасликлари керак.

Бу соҳага кўп пул топиш мақсадида кираётган ёшлар ҳақида қандай фикр билдирасиз?

— Тўғри, бу соҳада бошқаларга қараганда кўп пул топиш мумкин. Аммо фақат пул топиш мақсадида бу касбни танлаганлар ана шу пулни топа олишмаяпти. Нимага? Чунки унинг мақсади фақат пул! Бирор соҳада ўсиш, ривожланиш учун ана шу қилаётган иши, аввало, ўзига ёқиши керак. Агар инсонда қизиқиш бўлмаса, барибир кун келиб у ишини ташлаб кетади. Етук мутахассис бўлиш учун вақт керак, сабр ва ўз устида тўхтамай ишлаши керак.

IТ соҳасига энди қадам қўяётган ёшларга тавсияларингиз…

— Юқорида айтганимдек, IТ сизга ёқсагина, бу соҳага киринг. Кимнингдир қистови билан ёки кўп пул топиш мақсадидагина бу касбни танламоқчи бўлсангиз, яхшиси, қарорингизни яна бир карра ўйлаб кўринг!

Суҳбатнинг тўлиқ қисмини хаbаr.uz сайтининг you tube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг