Шифокорга ишонмай, фирибгарга алданадиган омма

Ахборот технологиялари ривожланиб, масофавий харидлар аллақачон инсониятни ҳайратлантирмайдиган оддий ҳолга айланиб қолди. Бу тадбиркорга ҳам, истеъмолчига ҳам бирдек қулай, албатта. Дейлик, жўнатма орқали етказиладиган онлайн дўкондан кийим харид қилдингиз. Лекин у қўлингизга етиб келганида бичими сизга мос эмаслиги аён бўлди. Сира аччиғингиз чиқмасин, сиз бахтлисиз! Чунки моддий зарар кўрдингиз, холос. Пул топилади. Сиз каби рекламага маҳлиё бўлган, аммо пули билан бирга бебаҳо соғлиғидан-да айрилган жабрдийдалар қанча!
Авваллари ўзини саломатлик ҳомийсидек кўрсатаётган бундай фирибгарлар уйма-уй юриб, бирор лақмани тўрига илинтириш пайида бўларди. Интернет оммалашиб, уларнинг куни туғди. Ўтирган жойида маҳсулотини ўтказиш билан банд. Бу найрангбозларнинг бахтига халқимизда ишонувчан, содда одамлар кўп.
Ахборотлар бериш услуби билан кўнглингиздан жой олган ижтимоий тармоқ ва каналларда янгиликлар орасида рекламалар ҳам чиқиб туради. Чунки канални юритувчи блогернинг мақсади шу - реклама орқали даромад топиш. Мўмай даромад илинжидагиларни нимани реклама қилиб бераётгани эмас, эвазига қанча пул олаётгани қизиқтиради. Каналлардаги рекламалар орасида сўнгги пайтлар турли биологик қўшимчалар қамрови ортиб кетгани сир эмас. Масалан, аллақандай седана ёғи шу қадар машҳурлигидан уни ишлатмаганлар ҳам яхши билади. Аслида унинг рекламаси ўзини фош этиб турибди. Ахир қандай қилиб биргина капсула қонни тозалаш, асаб ва юрак тизимини яхшилаш, иммунитетни ошириш, тошларни эритиш, холестеринни камайтириш, псориаз, бош оғриғи, инсульт, қон босими, уйқу бузилиши, соч тўкилиши, гемаррой, буйрак шамоллаши, ўпка-бронх муаммолари, бўғимлардаги оғриқ, саратонга бирдек даво бўла олади? Ахир уларнинг ҳар бири алоҳида касаллик, давоси ҳам турли хил-ку.
Одамлар учун тиббий текширув, таблетка ва уколларга кўмилиб даволаш курсини олгандан кўра бир фирибгарнинг тузоғига тушиб капсулага буюртма бериш осонроқ-да. Уларнинг ҳаётий фаоллиги, ўз устида ишлаши бундан нариги ишларга дангасалик қилади.
Билим халоскор эканлиги рост. Найрангбозга ишониб жабр кўрган одамнинг ҳалокати таҳлил қилишга етарли даражадаги билимларга эга эмаслигидир. Акс ҳолда "Египед Мисирда ишлаб чиқарилган" изоҳидан бир саводсизнинг ноғорасига ўйнаётганини сеза оларди.
Қайсидир рекламасидан 3 ёшдан бошлаб, бошқа бирида эса 7 ёшдан бошлаб ичиш мумкинлиги ҳақида ҳукм чиқараётганидан ҳам уларнинг ўзи бу борада аниқ фикрга эга эмаслигини уқиб олиш қийинми?
Яна "Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир" ҳадисини пеш қилишдан тап тортмайдилар. Одамларни ишончига кириш мақсадида маҳсулотларини илоҳийлаштириш уларга қўл келади. Ҳеч қандай асос келтирмай капсулаларини "қулай, мутлақо зарарсиз, ҳалол ва бошқа чет эл маҳсулотларидан анча арзон" дея таърифлайди. Хўш, бу хулосалар қаердан пайдо бўлди? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти айтдими? Ҳа-я, бу ишнинг тепасида турган "авлиё"лар ЖССТдан ҳам, фан докторию профессорлардан ҳам ўтади-ку. Ҳеч ким улар каби саноқсиз касалликлардан даволанишга кафолат бера олмайди ахир.
Содда одамларни манипуляция қилиш учун "Ота-онани рози қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир. Сиз охирги марта қачон ота-онангиз соғлиғи ҳақида қайғурдингиз?" чақириқлари билан ҳам чиқиб қолишади. Яхши, уларнинг маслаҳатига амал қилиб, ота-онангизга капсулаларни совға қилинг. Ўзингизнинг соғлиғингиз устида таваккал қилдингиз, энди ота-онангизни ҳам тажриба қуёнчасига айлантириб кўринг.
Бугун дардлардан тузалишга кафолат бераётган одамлар эртага ножўя таъсирдан йўқотилган соғлиқни топиб беришга ҳам қодирмилар? Шифо топганлардан мисоллар келтираётганда кимнинг организми уни ўзлаштиролмаслигини ҳам кўз олдиларига келтирадиларми? Агар уларнинг ваъдалари рост бўлганида қанчадан қанча тиббиёт муассасаларию тиббиётчи кадрлар тайёрлайдиган ўқув муассасалари ёпилиб, ҳамма ана шу капсулаларга кўз тикиб ўтирган бўларди-ку.
Нега реклама билан танишаётган аудитория уни тарғиб қилаётган машҳур юлдуз, чемпионлар худди каналига жойлаштирган блогер каби даромад умидида бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайдилар? Демак, бу дорини қабул қилган касаллар соғайиб, соғлар чемпион бўлиб кетар экан-да?
Саволлар кўп... Ҳолатни таҳлил қилиб, бу борада ким кўпроқ айбдорлигини аниқлагингиз келади. Назаримда, одамларни асоссиз маълумотлар билан суғораётган томондан кўра унга ишониб эргашаётганлар кўпроқ айбдор. Шунга монанд жабр ҳам улар томонга йўналмоқда. Асоратида эса кимнингдир соғлиғи панд ейиши оқибатида кимнингдир тегирмонига сув қуйилмоқда. Афсус...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter