Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

"Планшет бўйин" - ахборот технологиялари асри хасталиги

Фото: "Zanevkasmi.ru"

Гаджетлар кундалик ҳаётимизни қанчалик қулайлаштирмасин, уларнинг соғлиғимизга келтираётган зараридан кўз юмиб бўлмайди. Смартфон ва планшетларнинг зиёнидан шифокорлар кўп бор огоҳлантиришган. Соғлиққа салбий таъсирлардан бири бўйин касалликлари билан боғлиқ.

Авваллари кўплаб касалликиларга қаричиликдан, деб қараларди. Замонавий жамиятда умуртқа муаммолари ёшларда кўп кузатилмоқда. Бу эса гаджетларнинг сурункали ишлатишдан бўйинга тушадиган ортиқча босимдан келиб чиқади.

Жаҳон ўргимчак тўрига шўнғиган одам вақт ҳисобини юритолмай қолади, унинг наздида соат миллари югуради. Шу тариқа узоқ вақт бир позада ўтиргани ҳам, бунинг чарчоғи ҳам ўзига сезилмай қолади.

Тиббиётга "планшет бўйин" атамаси кириб келди. У гаджетга мук тушиб, зўриқиб қолган бўйиннинг таърифидир. Гаджетнинг фаол фойдаланувчилари бўйинларини доимий равишда (қўли бўш бўлса ҳам) 60 градус бурчакда ушлаб туришга ўрганиб қоладилар. Бу эса жуда хавфлидир.

Қаднинг нотўғри тутилиши организм учун ўта хавфлидир. Буни билдирмасдан касал қилиш, деса ҳам бўлади. Зеро, шу сабаб қон айланиши секинлашади, миянинг кислород ва озиқ моддалари билан таъминланиши оқсайди.

Шунданми, планшет ва смартфонни кўп ишлатувчилар бош оғриғи, тез чарчаш, уйқусизликдан шикоят қилишади. Ташхис вақти уларда умуртқалар аро чурра аниқланади. Бу энг енгил даражада оғриқ, оғир даражада эса ногиронлик билан кечади.

Албатта, кимнингдир иши, тирикчилиги гаджетлардан кўп фойдаланишни тақозо этиши мумкин. Улар соғлиқ ҳақида ҳам қайғуришни унутмай, иш орасида танаффус ва жисмоний машқлар бажаришни йўлга қўйишлари керак. Таянч-ҳаракатланиш аппарати ва айнан бўйин остеохондрози ҳамда чуррасини бартараф этишга қаратилган махсус машқлар мавжуд. Фақат уларни бошлашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш шарт. Касал ҳуруж қилган, оғриқ турган вақтда машқларни бажариш тақиқланади.

Аслида умуртқанинг энг нозиги бўйин умуртқасидир. У анча серҳаракат ва босим тушишга мойил қисм саналади. Бошқа умуртқаларга нисбатан ҳимояланганлик даражаси ҳам паст. Чурра бу соҳанинг энг жиддий хасталиги. Аломати асосан ноқулайлик ва оғриқ билан бўй кўрсатади. Кейинчалик мигрень, қўл бармоқлари музлаши, бош айланиши, кўнгил айниш, қуруқ йўтал, қулоқда шовқин, қон босимининг ўйнаши қўшилади. Асорати эса организм учун қимматга тушади. Жарроҳлик столига ётқизадиган ҳам, ногиронлик аравачасига ўтқизадиган ҳам шу дард ҳисобланади.

Ёш ўтган сари умуртқалар аро дисклар қайишқоқлигини йўқотади. Буни инобатга олган ҳолда 35-40 ёшдан кейин умуртқа, хусусан бўйин умуртқаси саломатлигига эътиборли бўлиш керак. Генетик мойиллиги бўлганларга ҳам худди шу гапни айтиш ўринли.

Тугал ташхис қўйиш аввалидан рентенограмма, МРТ, электромиография текширувлари буюрилади. Даволаш мақсадида беморнинг аҳволига кўра физиотерапевтик муолажалар, медикаментоз терапия ёки жарроҳлик амалиёти буюрилиши мумкин.

Машқларни уй шароитида, ҳар куни кечаси 30 дақиқа вақт ажратган ҳолда бажариш мумкин. Дарднинг енгил даражасида машқлар орқали 4-6 ҳафтада беморнинг аҳволи анча яхшиланади. Шунингдек, массаж, ультратовуш, махсус ортопедик ёқалар тақиш тавсия этилади. Касалликни ўтказиб юборганлар нейрохирургнинг ҳам кўригидан ўтиши шарт.

Олий тоифали умумий амалиёт шифокори Дилфуза Ачилова тавсиялари асосида тайёрланди.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг