Овозга зор “истеъдодли”лар

Ҳозир сўз очмоқчи бўлган ҳолатим деярли барчага таниш. Ижтимоий тармоқларга кирсангиз, танишингиз ёки дўстингизнинг илтимосини қабул қиласиз: “Илтимос, шу рақамдаги иштирокчига овоз бериб юборинг”. Илтимосни бажариш бир неча сониянгизни банд қилади холос, ортиқча меҳнат талаб қилмайди, мегабайтингиз сарфи ҳам айтишга арзигулик эмас. Аммо шу кичик саҳна ортида катта мантиқсизлик яширингани ҳақида балки мушоҳада юритмассиз.
Сўнгги йилларда халқ фикри эшитиладиган, ўрганиладиган, оддий инсонлар учун минбарлар бўшатиладиган бўлди. Бу жуда яхши, албатта. Бинобарин, инсонларнинг кўнглидаги гап улар кутган ислоҳотларни яратишга асос бўлади. Ижтимоий фикрни ўрганишдан мақсад ҳам шу: халқнинг муддаосини билиб олиш ва шунга ҳамоҳанг равишда ҳаракат қилиш. Сўровномалар ўтказишдан шу ният кўзланади. Лекин ҳозирда ташкил этилаётган онлайн сўровномалар ҳақиқатни юзага чиқаряптими? Афсуски, “Ҳа” деб жавоб беришга асослар етарли эмас.
Ўзим гувоҳи бўлган сўровномалар мисолида айтадиган бўлсам, “Қайси ўқитувчининг фаолиятини аъло даражада деб баҳолайсиз?” саволи ва 5 та вариант келди. Исм-шарифи ёзилганларнинг бирортасини танимайман. Тагидан дугонамнинг изоҳли илтимоси ёзилди: “3-қатордаги Фалончиева Пистончини белгила, ўғлимнинг ўқитувчиси”.
Демак, бу сўровнома мактаб миқёсида, ота-оналарнинг таълим бераётган устозлар ҳақидаги фикрларини ўрганиш учун ташкил этилган. Шу аснода ўқитувчилар маҳорати аниқланади. Аммо сўровнома иштирокчилари чек-чегарасиз, унда нафақат ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари, балки интернетнинг барча фойдаланувчилари қатнашиши мумкин. Ўқитувчи ва ота-оналарнинг ёйма рекламаси асосида буюртма ташланганига овоз берилаверади. Табиийки, ўқитувчини умуман танимайдиганлар ҳам илтимосни бажо келтириш учун унга бириктирилган тугмачани босаверади. Хўш, якунда нима бўлади? Ўқитувчининг билими баҳоланадими? Сўровномада ким юқори поғонани эгаллайди? Профессионалларми ёки таниш-билиши кўплар? Бу коррупциянинг кичик кўриниши эмасми?
Карантин тақозосидан кўплаб танловлар онлайн ўтказилди. Тўғриси, бундай шароит кимларгадир мойдек ёқиб тушди. Онлайн танловни бошқача – ҳаққоний усулда, масалан электрон почтадан жўнатиладиган савол-жавоб ёки тест шаклида ўтказса ҳам бўларди, аммо айрим ташкилотчилар балки осон йўлни танлаб, балки ўзига тегишли номзодни ўтказиш баҳонасида ана шу сўровнома усулини танлаб қўяқолдилар.
“Телеграм” месенжерида мен аъзо гуруҳлардан бирида қолдирилган постдан буни англагандек бўлдим. “20 та чет тили ўқитувчисидан фақат 1 таси хорижда ўқиш имкониятига эга, танловда ғолиб бўлишим сизларга боғлиқ, исм-фамилиям 12-қаторда турибди, илтимос, овоз берворинглар”, дейилади унда. Таассуфки, гуруҳдошлар бу ўқитувчи аёлни унча танимайди, чет тилига оид билимлари қай даражада эканлигидан-ку умуман бехабар. Шу ҳолда унга ҳакамлик қилади ва овоз беради. Шаффофлик қаерда қолди, устоз? Ноҳақлик билан чўққига чиқиб бўлмаслигини ҳеч йўқ сиз тушунмайсизми?
Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Дейлик, мазкур онлайн танловда иштирок этаётган ўқитувчилардан бири билимли, зукко, хорижда таҳсил олишга лойиқ. Аммо адолатсизлик билан ютишни истамай ёки ўзини реклама қилишга истиҳола билан сўровномани интернет узра тарқатмади. Якунда эса ундан билими паст шериги кўп овоз олгани учун ўзиб кетди ва мукофотни қўлга киритди. Оқибатда билимдон педагог эмас, виртуал оламдаги шоввоз халқаро даражада тан олинади.
Хабарингиз бор, карантин шароитида мактаб ўқувчилар ва боғча болалари дарс ҳамда машғулотлари онлайн тарзда олиб борилди. Баъзи мактаб ва мактабгача таълим муассасалари энг фаол болажонларни танлов асосида аниқлаб, рағбатлантиришни йўлга қўйди. Айни пайт илтимосли постлар яна авжига минди. “Шу видеога “лайк” босворинг, қизим чиққан”, “Шу ҳаволага кириб 4-рақамли иштирокчини танланг, у менинг ўғлим”. Баҳонада дўст-дугоналарингизнинг фарзандларини ҳам таниб оласиз. Қизиқ, ота-оналар кимни алдашяпти? Ўзлариними?
Шак йўқки, ҳар қандай ота-она боласининг ютуғидан севинади, боши кўкка етади. Бу ютуқ уюштирилган бўлсачи? Ўғлингиз ёки қизингиз “лайк” босилган танловда ғолиб бўлиши сизга нимани англатади? Фарзандингизнинг иқтидориними ёки сизни веб маконда қўллаб-қувватловчи қариндош-уруғ, таниш-билишларнинг кўплигиними? Мабодо болангиз охирги ўринни олиб қолса, уни уришиб юрманг, кам “лайк” босган дўстларингиздан ўпкаланг. Ахир ҳаммасини шу тугмача босишлар, кўрсатилган ҳаволада сичқонча тугмасини юргизишлар ҳал қилди.
Бўлиши мумкин, сиз буларни ўзингиз эмас, болангиз учун қиляпсиз. Танлов ҳаққоний эмаслигини жуда яхши билиб турсангиз ҳам ўғил-қизингиз хурсанд бўлишини хоҳлаяпсиз. Лекин бу тўғри тарбия эмас. Бола мурғаклигидан асл иқтидорини хис қилишни, меҳнатига яраша баҳо олишни ўрганиши, ундан кучсизлар ва кучлилар борлигини англаши керак. Онлайн сўровномалар эса бу борада ёшлар учун ҳаёт мактаби бўлолмайди, аксинча, уларни ҳам сафсатабозликка ўргатади, осон йўлни танлашга мойил қилиб қўяди. Зеро, ҳозирги болалар интернетни ота-онасидан кам билмайди, ғолиблик реклама “репост”лари ва “лайк”лар эвазига келганини яхши тушунади.
Интернет йўқ замонларда ҳам халқлардан буюк зотлар етишиб чиққан. Уларни тан олиш учун сунъий “овоз”ларга эҳтиёж бўлмаган. Ҳозирги кунимизда ҳам қаҳрамонлар бир талай, уларнинг меҳнати рекламага муҳтож эмас. Ҳалол яшаган одамга ўз ўзидан рағбат келаверади. Билимли ва иқтидорли одам таъбир жоиз бўлса, йўловчидан ақча сўраган тиланчи каби ижтимоий тармоқлар аро кезиб “овоз” йиғиш билан банд бўлмайди. Балки шу вақтини ҳам ўз устида ишлашга сарфлайди.
Назаримда, бу каби танлов ва сўровномалар тепасида турган ташкилотчилар учун бошқа афзал усулни ўйлаб топиш вақти келди. Ҳозирги ҳолат билан эришиладиган натижа фақат пуч бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter