Нима учун аёллар IТ соҳасини танлашлари керак?(ВИДЕО)
«IТ-Wоman» лойиҳасининг бугунги қаҳрамони – IТ Park лойиҳалар менежери Камила АҲМЕДОВА.
– IТ соҳасидаги лойиҳаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– IТ-Parkда бир нечта лойиҳалар бўйича ишлайман. Биринчи лойиҳам «Теchbika» бўлиб, Хоразм вилоятида амалга оширилмоқда. Лойиҳамизнинг мақсади – 1000 нафар талаба қизни ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига мўлжалланган курсларда ўқитиш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда рақобатдош АКТ лойиҳаларини амалга оширишда аёлларни босқичма-босқич ўқитиш. Шу жумладан, иқтидорли қизлар учун стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Биз аёлларга илҳом берамиз, ўқитамиз ва янги истеъдодларини кашф этишга ҳамда IТ соҳасида ривожланишига кўмаклашамиз. Бундан ташқари, битирувчиларга орзу қилган ишларини топишда кўмаклашамиз.
Ўқиш жараёнини осон ва қизиқарли қилиш учун таълим жараёнида энг илғор технологиялардан фойдаланамиз. Кейингиси «IТ-Wоman» лойиҳаси бўлиб, уни Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида олиб бормоқдамиз. Бу лойиҳа миқёсида кам таъминланган аёлларни компьютер технологиялари саводхонлиги бўйича бепул ўқитамиз. Кейинги лойиҳам «Тumaris Edu» деб номланади. Мазкур лойиҳам Сирдарё вилоятидаги аёлларга алоҳида эътибор қаратиш ва уларга дастурлаш тиллари бўйича таълим беришни ўз ичига олади.
– Лойиҳаларингиз ичида қай бирини энг муваффақиятли амалга ошди, дея айта оласиз?
– Энг муваффақиятлиси – бу «IТ-Wоman» лойиҳаси. Мазкур лойиҳа доирасида икки ҳафталик қисқа дарслар мобайнида мингдан зиёд хотин-қизлар таълим олишди.
– Шу вақтгача қанча аёлларни ўқитишга муваффақ бўлдингиз?
– «IТ-Wоman» лойиҳамизнинг ўзини уч марта ўтказган бўлсак, шу вақт мобаймнида 2500 дан зиёд хотин-қизларни ўқитдик.
– «Тumaris Edu» лойиҳангиз ҳақида ҳам батафсил айтиб ўтсангиз…
– Бу лойиҳамиз иккига бўлинади: «Тumaris Теch» ва «Тumaris Edu» лойиҳалари. Айнан «Тumaris Edu» лойиҳасини мен бошқараман. Бу лойиҳамиз Сирдарё вилоятида бўлиб ўтди. Дастлаб лойиҳадан кўзланган мақсад 600 нафар хотин-қизни ўқитиш бўлган. Аммо 600 дан зиёд хотин-қизларни ўқитишга муваффақ бўлдик. Бу қувонарли ҳол албатта.
– «Тumaris Edu» лойиҳаси билан «IТ-Wоman» лойиҳасининг фарқи нимада?
– «IТ Woman» Республика миқёсида аёлларга IТ бўйича сабоқ берса, «Тumaris Edu» фақат Сирдарё вилоятидаги аёлларни қамраб олади.
– Нима учун бугунги кунда аёллар IТ соҳасини танлашлари керак?
– Тўғри, авваллари бизда фақат эркакларгина компьютер технологияларидан фойдалана олади, деган қараш бўлган. Лойиҳаларимиз ҳам айнан мана шундай эскича ёндашувларни йўққа чиқарди. Лойиҳаларимизда ўқиган аёллар уйда ўтириб ҳам мустақил равишда фрилансерлик қилишлари мумкин. Айнан IТ соҳаси масофадан туриб ишлаш имкониятларига эга бўлганлиги учун ҳам аёлларга жуда қулай касб.
– Лойиҳаларингиз неча ёшдаги аёлларни қамраб олади?
– Лойиҳаларимизда 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган барча хотин-қизлар иштирок этишлари мумкин.
– Аёлларни IТ технологияларига қизиқтириш қийин кечмаяптими?
– Йўқ, аксинча, уларнинг ўзлари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда берилган эълонлар орқали мурожаат қилиб, бу соҳада бепул таълим олишга ўз қизиқишларини билдирмоқдалар.
– Лойиҳаларингиз доирасида таълим олган аёллар ҳозирги кунда қандай муваффақиятларга эришмоқда?
– Шуни айтиб ўтиш жоизки, қўлида ҳунари йўқ айрим уй бекалари ҳам лойиҳаларимизни тамомлагандан сўнг ишга жойлашиб, мустақил пул топа бошлашди. ТАТУдаги байрам тадбирида улар ҳам ўзларининг эришган ютуқлари ҳақида тақдимот қилишди.
Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter