Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

«Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!»

"Ҳаммани иш билан таъминлаш осон бўлган соҳа бор" — “Najot Ta’lim” асосчиси (видео)

Ассалому алайкум. “IT-Motivatsiya” кўрсатувининг бугунги қаҳрамони кўпчиликка маълум ва машҳур “Нажот Таълим” ўқув маркази асосчиси Темурбек Адҳамов.

– Суҳбатларингиздан бирида “Мусулмонлар замонавий технологияларни ўрганиши шарт!”, деган экансиз. Келинг, шу фикрингизга бироз тўхталиб ўтсак. Умуман олганда АйТи соҳаси инсонларга нима беради?

– Ҳақиқатан ҳам АйТи соҳаси бугун ҳамма учун ниҳоятда зарур. Мамлакатнинг ривожланиши учун ҳам АйТи соҳаси жуда муҳим. Бунинг учун эса инглиз тили ва математикага кўпроқ урғу бериш керак. Чунки бугунги кунда ҳаммани бемалол иш билан таъминлай олиш мумкин бўлган соҳа — дастурлаш. Табиийки, дастурлашни билган инсон оиласини ташлаб, хорижга кетишига ҳожат қолмайди. Ўз юртида, оила бағрида ҳам юқори даромад топа олади.

– Аёллар учун қанчалик зарур бу соҳа? Шахсан ўзингиз аёлларнинг дастурчи бўлишига қандай қарайсиз?

– АйТи соҳаси аёллар учун энг қулай соҳа, десам муболаға бўлмайди. Тўғри, қизлар ўқитувчи ёки шифокор бўлиши керак, деган айрим стереотиплар ҳали ҳам йўқ эмас. Аммо бу соҳани ўрганган қизлар фрилансер сифатида уйда ўтириб ҳам ишлашлари мумкин. Хусусан, бизнинг “Нажот Таълим” ўқув марказимизда хотин-қизлар учун исталган йўналишда ўқишга 10 фоизлик чегирма мавжуд.

– Ходимларингиз ўртача қанча маош олишади?

– Энди ишга кирганлар 2 миллиондан, тажрибасига қараб, ўртача 25 миллионгача маош олишади.

– Яна бир интервюда “Нажот Таълим”дан умуман фойда кўрмайман, ҳаттоки шахсий уйим ва машинам ҳам йўқ, деган экансиз. Бошқа қўшимча даромад манбаингиз мавжудми ёки моддий манфаатлар сизни унчалик қизиқтирмайдими?

– Мен бу ерда харажатларим учун ҳамма қатори ўзимга ҳам ойлик ажратаман. Аммо асосий даромадни компанияни ривожлантириш учун сарфлайман.

– Қайси ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланасиз?

– Асосан Instagram ижтимоий тармоғидан фойдаланаман. Компаниянинг маркетингини ҳам ўзим юрғизганлигим боис кун давомида ўртача 3 соат вақтимни ижтимоий тармоқларда ўтказаман.

– “Нажот Таълим” ўқув марказининг Ўзбекистонда ва хорижда рақобатчилари кимлар

– Нафақат “Нажот Таълим”, балки барча АйТи соҳасига ихтисослашган ўқув марказларининг энг катта рақобатчиси — хорижга ишга кетаётганлар...

Темурбек Адҳамов нима учун бундай деди? Умуман олганда, “Нажот Таълим”нинг бошқа ўқув марказларидан ажралиб турадиган жиҳати борми? Қачон АйТи соҳаси бўйича ўқиб, натижа олмаслик мумкин? Шу ва шу каби саволларга жавобларни, қолаверса, ҳали ҳеч қаерда айтилмаган гапларни, АйТи соҳасига қизиқувчилар учун ажойиб янгиликларни Xabar.uz ахборот-таҳлилий порталининг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг