IT-тур: Самарқанднинг IT салоҳияти қай даражада?(ВИДЕО)
Самарқанд нафақат туризм ривожланган ва қадимий обидаларни ўзида мужассамлаштирган шаҳар, балки бугунги кунга келиб, IT салоҳияти билан мақтана оладиган ҳудудга айланиб бормоқда. «Xabar.uz» жамоаси IT-тур лойиҳаси доирасида бунинг гувоҳига айланди ва IT-мактаб, ТАТУ Самарқанд филиали академик лицейи, ТАТУ Самарқанд филиалида ташкил этилган инкубация марказларида бўлди. Шунингдек, ахборот- коммуникация технологиялари соҳасидаги таълим жараёнлари ва у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Эътиборли жиҳати шундаки, айнан АКТ таркибига кирувчи таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги жуда яхши йўлга қўйилган. IT-мактабларда ташкил этилган ўқув жараёнларида университет профессор-ўқитувчиларининг қатнашиши ҳамда ўз билим ва кўникмалари билан бўлишиши бунга яққол мисол.
«Биз ITга ихтисослашган мактаб ва бошқа муассасалар билан доимий ҳамкорликда ишлаймиз, мақсадимиз сифатли кадрларни тайёрлаш, бунинг учун мактабдан IT соҳасига эътиборни кучайтиришимиз керак. Шунинг учун университет ўқитувчилари мактабларда машғулотлар ўтишади. IT йўналиши бўйича базавий билимга эга ўқувчилар билан ишлаш ҳам осон, ҳам анчайин самарали», — дейди ТАТУ Самарқанд филиали директори Зайниддин Қаршиев.
Келинг, энди статистикага бироз эътибор қаратсак:
2021 йил якуни билан вилоят бўйича кўрсатилган АКТ хизматлари ҳажми 833,3 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан ўсиш суръати 114,9 фоиз.
2021 йил мобайнида вилоятда телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 113 минг сиғимли замонавий қурилмалар ўрнатилиб, умумий сиғими 464,1 мингга етказилди. Бунинг натижасида, фойдаланувчи абонентлар сони 161 мингтага етказилди (2020 йилга нисбатан 45 мингга ошди).
Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш билан бирга вилоятдаги 2338 та ижтимоий соҳа объектларининг барчасида, жумладан, 1267 та халқ таълими, 697 та мактабгача таълим, 374 та тиббиёт муассасаларида юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Шунингдек, вилоятдаги 1105 та МФЙларнинг барчаси (100 фоиз) ҳамда 828 та профилактика инспекторлари объектларидан 474 таси юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.
Вилоятда мобиль алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида 2021 йил давомида 125 та янги база станцияси ўрнатилди ва 325 та мавжуд база станцияси тезкор интернет технологияси асосида модернизация қилиниб, вилоят аҳоли масканлари мобиль алоқа билан 99,3 фоиз ва тезкор мобиль интернет билан 87 фоизга қамраб олинди.
Маълумот учун: бугунги кунда вилоятдаги мобиль алоқа база станцияларининг умумий сони 4533 тани ва мобиль абонентлар сони 2 445,9 минг нафарни ташкил этмоқда.
Вилоят бўйича аҳоли яшаш масканлари 100 фоиз рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олинган.
5 та муҳим ташаббус, жумладан, 3-ташаббус доирасида вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилган.
Мазкур ўқув марказларида жорий йилнинг ўтган даврида 6338 нафар аҳоли ва ёшлар ўқишга жалб қилинди, жумладан, «Темир дафтар»га киритилган 229 нафар фуқаро, «Ёшлар дафтари»га киритилган 485 нафар ёшлар ва «Аёллар дафтари»га киритилган 205 нафар хотин-қизлар бепул ўқитилиши таъминланиб, уларнинг компьютер саводхонлиги оширилди. Мингдан зиёд давлат ташкилотлари ходимларининг малакалари оширилди.
Шу билан бирга, вилоятдаги мавжуд умумтаълим мактабларида рақамли технологиялар йўналишида ташкил этилган 1331 та тўгаракларга 40 минг нафардан ортиқ ўқувчи жалб қилинди.
Шунингдек, жорий йил олий таълим муассасаларида ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ва Тошкент иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида Инкубация ва акселерация марказлари ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter